Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

БАРЧАМИЗ БИРДЕК МАСЪУЛМИЗ

 
 

Диний қадриятларнинг, эзгуликнинг инсониятнинг душмани бўлган ёт ғояларнинг асл моҳиятини очиб бериш, бугунги оқимларни жиловлаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, мана шундай тинч, мусаффо осмон остида бунёдкорлик меҳнати билан банд бўлиб, шукрона келтириб яшаётган олийжаноб халқимизнинг тинч ҳаётини ҳар қандай бало- қазолардан асрашга ўз ҳиссамизни қўшиш бугунги кундаги энг долзарб вазифамиз бўлиши керак

Ислом Каримов

Бугунги кунда ИШИД фитнаси бутун дунёни таҳликага солаётган муаммо бўлиб бу ҳақда жуда кўп гапирилмоқда, ёзилмоқда. Шунингдек, мазкур ИШИД чи газандаларнинг асосий ғояси, мақсади ҳақида кенг жамоатчилик ўз фикр мулоҳазаларини билдирмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “ИШИД фитнаси” номли асарида бу босқинчи тўда ҳақида атрофлича маълумотлар берилиб, уларнинг разил қилмишлари очиб ташланган. Мазкур китоб бутун дунёни ташвишга солаётган ИШИД нинг шайтоний фитналарини, ваҳшийликларини, хавфлилигини, бир сўз билан айтганда босқинчиларнинг ёвуз ҳатти-ҳаракатларини аниқ далиллар билан фош этиб беролган зарурий қўлланмадир.

Бир ривоятда айтилишича, душман тарафдан бир аёлнинг ўлдирилишидан Расулуллоҳ (с.а.в.) қаттиқ ранжиганлар. Шунда у зот : “Мен аёлларни ўлдиришдан қайтармаганмидим? Ахир у урушга кирмаган-ку!” деганлар. Мазкур китобда эса муқаддас Ислом дини ниқоби остида ҳаракат қилаётган ИШИДчилар ўзларининг жирканч мақсадларини амалга ошириш учун аёллардан фойдаланиб, уларни “тирик бомбага” айланишга мажбур қилаётганликлари баён қилинган. Шунингдек, ўзини–ўзи ўлдириш, белига бомба боғлаб портлатиш асло шаҳидлик эмас, энг катта гуноҳ эканлиги ояти карималар ва ҳадиси шарифлар орқали очиб берилган. ИШИДчилар томонидан амалга оширилаётган барча ишлар инсониятга қарши қаратилган хавфли, вайронкор ва тажовузкор ҳаракатлар бўлиб унинг асл мақсади - инсонларда қўрқув ва мавҳумлик уруғини сочишдан иборатдир. Қуръони каримда: “Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳак) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо 29), деб марҳамат қилинган. Муборак ҳадислардан бирида бундай дейилади: Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда баён қиладики: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Мен берган умрга шукр қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”. (Имом Бухорий).

ИШИД томонидан амалга оширилаётган хунрезликлар оммавий ахборот воситалари, айниқса, интернет орқали кўп намойиш этилмоқда. Бошқачароқ қилиб айтганда террористлар ўз сафларини кенгайтириш мақсадида маълумот олиш ва ахборот алмашишнинг қулай воситаси ҳисобланмиш интернет қулайликларидан усталик билан фойдаланишмоқда. Бироқ интернетда ҳамма нарса: оқ билан қора, эзгулик билан ёвузлик аралаш - қуралаш. Маълумот тарқатиш, бизнес ва реклама учун катта майдонга айланган глобал тармоқни назорат қилишнинг умуман имкони йўқ. Шунинг учун ҳам “Ўргимчак тўри” да бузғунчи ғоялар тарғиботи ва террорга чақириқлар кўп учрайди. Ёшларимизнининг бундай бузғунчи ғояларга алданмаслиги, залолат ботқоғига ботмаслигини таъминлаш ниятида зарур тавсиялар “ИШИД фитнаси” китобининг “Ахборот асри таҳликалари” бўлимида батафсил баён этиб берилган.

Умуман олганда, диний экстремистик ташкилотлар томонидан олиб борилаётган ташвиқот натижасида хотин-қизларимиз, фарзандларимиз, яқинларимизнинг сохта ғояларга алданиб қолишларига, юрт тинчлиги, ватан равнақи йўлидаги фаолиятдан чалғиб қолишларига йўл қўймаслигимиз даркор.

Хотин-қизларимизда, ёшларимизда ёвуз хуружларга қарши куч-иммунитет шаклланса, уларга ҳеч қандай таҳдид ўзининг зарарли таъсирини ўтказа олмайди. Бошқача қилиб айтганда уларни ғоявий офатлардан асраш барчамизнинг бурчимиздир.


Киритилган вақти: 19/02/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2193
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/barchamiz-birdek-masulmiz
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 17:01
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг