Замонамиз хаворижлари
Ҳозирги глобаллашув даврида дунёнинг барча мамлакатлари аҳолиси замонавий технологик ютуқлардан қанчалик катта манфаат топаётган бўлса, худди шу сабабли содир бўлаётган офатлардан ҳам бирдек зарар кўрмоқда. Жумладан, экстремизм балосининг ҳозирги кунда бутун дунёга бирдек хавф солиб тургани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Айниқса, дин ниқобидаги экстремистик ҳаракатлар тарихда ўтган хаворижларнинг жиноятларини такрорлаётганга ўхшайди. Улар интернет орқали бузғунчи ғоялар тарғиботига зўр бериб, ёшларни йўлдан уришяпти.
Хаворижлар Ислом тарихида биринчи пайдо бўлган экстремистик руҳдаги оқимлардан саналади. Гарчи уларнинг келиб чиқиши ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг халифалик давридаги воқеалар билан боғлиқ бўлса-да, аслида уларнинг пайдо бўлиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиндан огоҳлантирганлар. Бунинг ҳам сабаби бор.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом Ҳунайн ғазотидан тушган ўлжаларни тақсимлаётган пайтда Бани Тамим қавмидан Зул Хувайсира деган кимса келиб: “Эй Расулуллоҳ, адолат қилинг!” деди. Расулуллоҳ: “Мен адолат қилмасам, ким адолат қилади?!” дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Рухсат беринг, мен уни ўлдирай”, деди. Расулуллоҳ: “Йўқ, бунинг биродарлари одамлар ихтилоф қилган вақтда юзага чиқадилар. Қуръон ўқийдилар, аммо ҳалқумларидан нарига ўтмайди. Улар худди камондан ўқ чиққандай диндан чиқадилар. Уларнинг белгилари шуки, ораларида бир киши бўлади, унинг қўли аёл кишининг кўкрагидек дўппайган бўлади”, дедилар. Абу Саъид айтади: “Бу гапларни Расулуллоҳдан Ҳунайн куни ўз қулоғим билан эшитганман, Али розияллоҳу анҳу уларни қандай ўлдирганини ўз кўзларим билан кўрганман”.
Демак, хаворижлар наздида ҳеч кимнинг ҳурмати ва ҳеч нарсанинг қадри йўқ. Ҳатто пайғамбардек зотга ҳам бетгачопарлик қилган кимсадан яна қандай яхшилик кутиш мумкин?!
Имом Насоий “Ас-сунанул кубро” асарида келтиришича, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо хаворижлардан олти минг киши Ҳаруриядаги бир ерга тўпланишганда, уларнинг нотўғри йўлда эканларини аниқ далиллар билан исботлаб берган эдилар. Шундан сўнг кўпчилик хаворижлар нотўғри йўлда эканларини англаб етиб, тўғри йўлга ўтганлар.
Хаворижлар тоифаси гарчи саҳобалар даврида чиққан бўлса-да, ҳеч бир саҳобий улар тарафида бўлмаган. Аксинча, бу тоифа ҳақ билан ботилни ажрата олмайдиган илмсиз, жоҳил кимсалардан таркиб топган.
Ҳозирги кундаги экстремистик оқимларнинг бирортаси Ислом оламида мўътабар ва машҳур уламолар томонидан эътироф этилмаган, аксинча барча аҳли илмнинг муттасил танқидига учраб келаётгани айни ҳақиқатдир.
Ибн Умарнинг мавлоси Нофеъдан Абдуллоҳ ибн Умарнинг хаворижлар ҳақида қандай фикрда бўлгани тўғрисида сўрашганида, у шундай деб жавоб берган эди: «Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо: “Хаворижлар халойиқнинг энг ёмонидир. Улар кофирлар ҳақида нозил бўлган оятларни мўминларга татбиқ этадилар”, дер эди».
Ҳақиқатан, замонамиз хаворижлари бўлмиш экстремистик тоифалар ҳам кофир ва мушриклар ҳақида нозил бўлган оятларни мўминларга нисбатан талқин этиб, уларни кофирга чиқармоқдалар. Интернет тармоғи орқали тарқатилаётган видеороликларнинг бирида бир тўда экстремистик кайфиятдаги кимсалар Мумтаҳана сурасининг 4-оятини мўминларга татбиқ қилаётгани намойиш этилган.
Мазкур оятнинг мазмуни бундай: «Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда гўзал намуна бордир. Қайсики, улар ўз қавмларига: “Бизлар сизлардан ва сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган нарсаларингиздан безормиз. Бизлар сизларни инкор этдик. Токи, сизлар ёлғиз Аллоҳга имон келтирмагунингизгача, сизлар билан бизнинг ўртамизда мангу адоват ва нафрат пайдо бўлди”, дедилар…»
Маълумки, Иброҳим алайҳиссалом бутпарастликка муккасидан кетган қавмга пайғамбар бўлиб келган эдилар. Ҳатто у зотнинг оталари Озар бут ва санамлар ясовчи уста бўлгани тарих китобларида баён қилинган. Бутларга сиғинувчи қавмни ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга чақирган Иброҳим алайҳиссалом ва у кишига имон келтирганлар ўз қавмларининг ҳидоятга келишидан умидлари узилгач, мазкур оятда баён қилинган сўзларни айтганлар. Ушбу оятни минг йиллардан бери мўмин-мусулмон бўлиб яшаб келаётган ўзбек халқига қарши талқин қилиш нақадар кулгили.
Шуни таъкидлаш жоизки, барча бидъатчи фирқаларнинг пайдо бўлиши ва ривожланишида Ислом ва мусулмонларнинг ашаддий душманларининг қўли борлигига шак-шубҳа йўқ. Шундай экан, чин мусулмон инсон экстремистик тоифаларнинг жозибадор сўзларию мафтункор даъволарига алданмаслиги лозим.
Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ - Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари
“Ҳидоят” журналининг 2020 йил, 1-сонидан
Манба: hidoyat.uz
Киритилган вақти: 31/01/2020 16:08; Кўрилганлиги: 1339
Чоп этилган вақт: 11/09/2024 19:29