Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ЙЎЛ-ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИ БОРАСИДА ДИНИМИЗ ТАЛАБЛАРИ

 
 

اَلْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي شَرَعَ لَنَا مِنَ الْآدَابِ وَالْأَحْكَام

وَالصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ الَّذِي كَانَ نَمُوذَجًا لِلْعُلَمَاءِ وَالْعَوَامِّ وَعَلَى آلِهِ وَصَحْبِهِ أجْمَعِينَ،

أَمَّا بَعْدُ.

Динимиз кўрсатмалари инсон ҳаётининг ҳамма жиҳатини ўз ичига қамраб олади ва унинг шахсий, оилавий ва ижтимоий ҳаётидаги ўрнини белгилаб беради. Мусулмон киши ўзгалар билан муомала қилишда чиройли хулқли бўлиши – айни динимиз талабидир.

Шунингдек, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларнинг чиройли хулқларга одатланиши Исломнинг шиори эканини эълон қилганлар. Жумладан, пиёда ва автомашиналарда юришнинг ҳам ўзига яраша қоидалари бор. Бу мавзунинг муҳимлиги шундаки, ҳозирги кунимизда транспорт воситалари сезиларли даражада кўпайди. Шу билан бирга йўл-транспорт ҳодисалари ва талофотлар ортмоқда. Бу эса ҳам ҳайдовчи, ҳам пиёдага қўшимча масъулият юклайди. Инсон зотига турли хил уловларнинг бўйсундирилиши, ҳаракатланиши учун қулай йўллар қилингани, кейинги асрларда янги-янги транспорт воситаларининг кашф этилиши Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ неъматлардир.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай марҳамат қилади:

яъни: “Шунингдек, улар (мазкур ҳайвонлар) сизлар жонларингизни қийнаб етадиган юртларга юкларингизни кўтариб борур. Албатта, Раббингиз меҳрибон ва раҳмлидир. У яна минишингиз учун ва зийнат сифатида отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна, сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур” (Ан-Наҳл сураси 7-8-оятлар). Аксарият йўл транспорт ҳодисалари маст ҳолда машинани бошқариш, тезликни меъёрдан ошириш, телефонда гаплашиш сабабли юз беради. Маст қилувчи ичимликларни ичиш – катта гуноҳ, маст ҳолда рулга ўтириш – бунданда оғирроқ жиноят. Телефонда гаплашиш эса ҳайдовчининг ҳам, пиёданинг ҳам диққатини олади. Фалокат учун одам бир неча сония чалғиши кифоя қилади. Динимиз кўрсатмаларида инсон одатда пиёда юрганда ҳам, уловда юрганда ҳам, мўътадил бир тезликда юришга тарғиб қилинади. Пиёда юрганда ҳаддан ташқари тез юриш мўминнинг ҳайбатини кетказади. Уловда ҳаддан зиёд тез юриш кибр ва ўзини бошқалардан устун қўйиш сабабли бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўз каломида шундай дейди:

وَلَا تَمْشِ فِي الْأَرْضِ مَرَحًا ۖ إِنَّكَ لَن تَخْرِقَ الْأَرْضَ وَلَن تَبْلُغَ الْجِبَالَ طُولًا

яъни:Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан(Исро сураси 37-оят).

         Юқоридаги ояти карима ҳайдовчиларни ҳам уловларида оғир-босиқлик ва сабр билан, шошмасдан юришга чақиради. Танганинг икки томони бўлгани каби, йўлларда жуда секин ҳаракатланувчи транспорт воситалари, бошқаларга ноқулайлик туғдиради, йўлда тирбандлик ҳосил қилади. Буни ҳам ҳисобга олиш керак.

Албатта, ҳар бир йўл ҳаракати иштирокчиси йўл ҳаракат қоидалари ва йўлда юриш одобларига риоя қилиб, бир-бирига нисбатан ҳурмат ва бағрикенглик билан муомала қилишса, ўзи яхши кўрганни ўзгаларга ҳам раво кўрса, яхши натижаларга эришамиз. Зеро, тез борган жойга секинроқ ҳам борамиз, вақт жиҳатидан ҳам бу катта фарқ қилмайди.

 М.Жомонқулов - Булунғур тумани бош имом хатиби            


Киритилган вақти: 02/06/2021 19:33;   Кўрилганлиги: 830
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/yol-harakati-xavfsizligi-borasida-dinimiz-talablari
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 19:04
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг