ЯХШИЛИКНИНГ МУКОФОТИ ФАҚАТ ЯХШИЛИКДИР!!!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Сен Иймон келтирган бандаларимга айтгин, намозни тўла-тўкис адо этсинлар. Савдо-сотиқ, оғайнигарчилик йўқ бўлган Кун келмасидан олдин уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан махфий ва ошкор инфоқ қилсинлар. (Иброҳим сураси, 31-оят)
Аллоҳ таоло мўминларга энг аввало намозни тўкис, барча рукнларига амал қилган ҳолда ва ўз вақтида адо этишни буюрмоқда. Кейин эса қиёмат келмасидан туриб Аллоҳ берган нарсалардан атрофдагиларга ҳоҳ ошкора, ҳоҳ махфий инфоқ-эҳсон қилишни амр қилди. Араб тилидаги “эҳсон” сўзининг маънолари кўп. “Эҳсон” деганда одатда бировга бирор неъматни бериш ва фазлу карам кўрсатиш тушунилади. Лекин “эҳсон” сўзи луғатда “яхшилик қилиш, эзгулик кўрсатиш” маъноларини ҳам англатади. Қуръонда каримда эҳсоннинг фазилати ҳақида зикр этиш баробарида эҳсон қилувчиларга бериладиган савоб-мукофотлар, уларга етадиган манфаатлар ҳам баён этилади.
Ҳақиқатдан, бирор кишига бир нарсани эҳсон қилсангиз ёки унга бирор яхшилик кўрсатсангиз, бундан дилингиз равшан тортади, руҳий хотиржамлик юзага келади, ўзгаларга манфаат етказганингиздан хурсанд бўласиз.
Эҳсон қилинган киши ҳам ўзига кўрсатилган яхшиликдан севинади, дилида сизга муҳаббат пайдо бўлади. Шу тариқа жамиятда кишилар ўртасида тотувлик, ҳурмат-эҳтиром пайдо бўлади ҳамда душманчиликлар барҳам топади, осойишталик ва фароғат барқарор бўлади.
Энг асосийси, кимга яхшилик қилсангиз Аллоҳ таоло уни ўзингизга ўн баробар қилиб қайтаради.
Қуръони Каримда яхшилик-эҳсон қилувчиларнинг сифатлари батафсил баён этилган. Улар кечалари туриб намоз ўқувчилар, тун охирида Парвардигорларидан мағфират сўровчилар, мол-мулкларидан муҳтож ва фақирларга насиба ажратувчи кишилардир. Аллоҳ таоло бу борада қуйдагича марҳамат қилади:
“Ким бир яхшилик қилса, унга ўша яхшилиги ўн баробар қилиб қайтарилади” (Анъом сураси, 160-оят).
Эҳсоннинг турлари кўп: Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга эргашиш ҳам - эҳсон, бировни кечириш ҳам – эҳсон, бошга келган мусибат ва озорларга сабр қилиш ҳам - эҳсон, ҳатто бировга яхши муомала қилиш ҳам – эҳсондир.
Дунё мамлакатларининг бошига оғир синов тушиб турган бугунги мураккаб вазиятда эҳсонга, мурувватга, моддий кўмакка муҳтож юртдошларимизнинг бўлиши ҳам табиий ҳолат. Чунки мамлакатимизда жорий қилинган карантин режими даврида ишсиз, ногиронлиги бор, кекса, якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотган, ижтимоий кўмакка муҳтож аҳоли бирмунча қийинчиликларга дуч келиш ҳолатлари бор. Аҳолининг бундай қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида етарлича чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Бу борада “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати шиори остида биз отинойилар ҳам фаол иштирок этмоқдамиз.
Бу оғир синовли кунлар Аллоҳнинг инояти билан тез фурсатда ўтиб кетади, ишонамизки, саховатпеша халқимизнинг бу каби саховати Аллоҳ томонидан муносиб мукофотланади, иншааллоҳ. Касаллик билан курашаётган юртдошларимиз ҳам тезда соғайиб кетишини тилаб, уларнинг ҳақларига дуо қиламиз.
Н. Темирова ЎМИ Самарқанд вилояти вакили маслаҳатчиси
Киритилган вақти: 29/04/2020 17:08; Кўрилганлиги: 1627
Чоп этилган вақт: 11/11/2024 01:49