Яхши касб-ҳунар эгаси бўлиш, инсоннинг энг катта зийнати
Ҳақиқатдан ҳам, ҳалол ризқ талаб қилиш Одамдан (алайҳиссалом) бошлаб барча инсонларнинг мақсади ва хаётдаги дастури бўлиб келган. Одатда "ахлоқ-одоб" тушунчаси хам икки маънода, ишлатилади. Биринчиси - кенг маънода кишининг барча хатти-ҳаракатлари, жумладан, касбий кўникма ва малакалари ҳамда шу йуналишдаги қонун-қоидалар шакллантирилишига ахлоқ-одоб дейилади. Иккинчи маънода бевосита хулқ-атворга нисбатан қўлланилади.
Шу максадларни кўзлаб фарзандларни илмли, ҳунарли қилиб вояга етказиш айни миллатимизга хос анъанадир. Шу сабаб ота-боболаримиз зурриётларини саводхон, ҳунарли қилиш учун энг яхши усталарга шогирдликка берганлар. Билим олиш учун бошқа шаҳар ва юртларга юборганлар. Халқимизнинг ҳаёт тарзида илму ҳунар доимо улуғлани келинганлиги бежиз эмас. Илмли, ҳунарли, бўлишга даъват ҳеч қачон эсдан чиқарилмаган. Бунда аллома Мажид Хавофийнинг "Олтин ва кумуши бўлмаган одам камбағал эмас, балки ақл-хуши ва касб-ҳунари булмаган киши камбағалдир", деган сўзларини келтириш ўринли, албатта.
Шунинг учун хам урфда ҳар бир ота-она ўз ўғли ёки қизини ҳунар ўрганиш, илм олиш учун устозга "эти сизга, суяги бизга" деган рамзий сўзлар билан топширган. Доимо дуосида хам, амалиётида хам фарзандининг ўқимишли, яхши касб-корли, қўли гул уста бўлишини орзу қилган. Шогирд эса, ўқиб, ўрганиб, устознинг "Оқ фотиҳа"си билан уста сифатида мустақил иш бошлаган ва шу дуои фотиҳага умрбод содиқ қолган. Бу ўша шогирд ҳар қадай шароитда хам олган билимларига хилоф қилмайди, сифатсиз иш бажаришни ўзига ҳеч эп кўрмайди деган маъно-мазмунни ифода этган. Шу гўзал таомил шарофатидан юртимиз, миллатимиз ер куррасида таълим, фан ва маданият сохасидаги ютуқлари учун "тамаддун бешиги" деган юксак номига эришган.
Динимизда инсон ўз ризқини ҳалол йўл билан топишга буюрилган. Бақара сурасининг 172-оятида бундай марҳамат қилинади: "Эй имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз».Бошқа бир оятда эса, уша ҳалол ризқни нопок йўллар билан ейишдан қайтарилади:"Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада нохақ(йуллар)билан емангиз!"(Нисо, 29).
Дарҳақиқат, умуминсоний кадриятлар хисобланган мехнат килиш, бахтли хаёт кечириш, билим эгаллаш, катталарни хурматлаш, кичиклар, аёлларга иззат кўрсатиб, ардоқлаш, рост сўзлаш - инсонлар учун ҳаётий зарур ва қадрли бўлган шу каби маънавий мезонларга хурмат билан қараш, риоя қилиш умуминсоний ахлоқ-одоб ҳисобланади.
Абсаломов Исматулло Самарқанд шаҳар "Домла Камолиддин" жоме масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 16/08/2023 15:45; Кўрилганлиги: 700
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 11:59