Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ТАВҲИДНИ УЧГА БЎЛИБ ТАЛҚИН ҚИЛИШ – БИДЪАТ!

 
 

Аҳли сунна уламолари айрим кимсаларнинг тавҳидни учга бўлиб талқин қилишларини ботил ва қораланган бидъатдир, дейдилар. Чунки Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифда ҳам, салафи солиҳлардан ҳеч бирининг, шунингдек, эътиборли уламоларнинг тилида ҳам бу нарса зикр этилмаган. Шубҳасиз, бу иш бидъат бўлиб, замонамизнинг мушаббиҳалари[1] томонидан ўйлаб топилган. Улар бидъатга қарши курашишни даъво қилсалар-да, тавҳидни учга: улуҳия, рубубия ва сифотияга бўлиб талқин қиладилар. Уларнинг бу тақсимлари асоссиз эканига далил шуки, Пайғамбар алайҳиссалом: “Инсонлар “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир”, деб шоҳидлик бермагунларича, улар билан жанг қилишга буюрилдим”, деганлар. У зот бу ўринда Аллоҳни тавҳиднинг уч қисмига кўра ягона деб эътиқод қилмагунларигача, демадилар. Мазкур ҳадис мутавотир[2] бўлиб, уни Пайғамбар алайҳиссаломдан бир гуруҳ саҳобалар, жумладан жаннат башорати берилган ўн нафар саҳоба ҳам ривоят қилган. Имом Бухорий уни ўзининг “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асарида ҳам келтирган.

[1] Худони одамга ўхшатиб тасвирлайдиган таълимот вакиллари.

[2] Одатда, ёлғонга йўл қўйиши мумкин бўлмаган ростгўйлиги эътироф этилган даражадаги кўпчилик кишиларнинг бошдан охиригача ўзлари каби кишилардан нақл қилган ривояти.

Мушаббиҳаларнинг тавҳидни учга бўлиб талқин қилишларидан мақсад Аллоҳ таолони ягона деб эътиқод қиладиган мусулмонни Пайғамбар алайҳиссалом ёки авлиёлардан бирини васила қилганида кофирга чиқаришдир. Зеро, уларнинг даъволарича, бундай мусулмон Аллоҳни тавҳиди улуҳий билан, яъни илоҳликда ягона деб эътиқод қилмаган бўлади. Яна бир мақсадлари зоҳирий маъноси Аллоҳ таолонинг зотига номуносиб бўлган оятларни Унинг зотига мувофиқ келадиган қилиб таъвил қилган олимларни ҳам кофирга чиқаришдир. Юқорида ўтган мутавотир ҳадисдан аён бўладики, уларнинг тавҳидни учга бўлиб талқин қилишлари асоссиздир. Гарчи бидъатга қарши курашишни даъво қилиб турган бўлсалар-да, уларнинг ўзлари бидъатчидирлар. Чунки улар Аллоҳнинг динига мусулмонлар айтмаган янги бир бидъатни киритиб, тавҳиди улуҳиянинг ўзи мўмин бўлиш учун етарли эмас, балки тавҳиди рубубия билан (парвардигорликда ягона деб) эътиқод қилиш лозим, деган фикрни илгари сурдилар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Инсонлар “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг Расулидир” деб гувоҳлик бериб, намозни адо этмагунларича ва закотни бермагунларича, улар билан жанг қилишга буюрилдим. Агар одамлар юқоридагиларга амал қилсалар, мендан қонлари ва молларини омон сақлаган бўладилар. Фақат Ислом ҳаққи бундан мустасно. Уларнинг ҳисоб-китоби эса Аллоҳ таолога ҳаволадир”,[1] деган сўзларига зиддир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳни ягона Илоҳ ва ўзларини Аллоҳнинг пайғамбари деб эътироф қилиши банданинг мўмин бўлиши учун етарли деб ҳисоблаганлар. Кофир инсон шу калимани тилига олса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни мўмин-мусулмон деб ҳукм қилганлар. Сўнг диннинг бошқа ишларидан олдин унга намоз ўқишни буюрганлар. Бунинг далили Байҳақий ўзининг “Ал-эътиқод” номли асарида ривоят қилган ҳадисдир. Манави кимсалар эса янги дин ўйлаб топдилар ва тепадаги ҳадисда айтиб ўтилган иккита иш мўмин бўлиш учун кифоя қилмайди, дедилар. Бу – уларнинг ақли пастликларидан. Чунки тавҳиди улуҳия – бу тавҳиди рубубиянинг ўзгинасидир. Бунга далил қабрдаги савол-жавоб ҳақида келган иккита ҳадис бўлиб, бирида шоҳидлик бериш лафзи билан, иккинчисида “Аллоҳ Раббимдир”, деган лафз билан келган. Бу нарса шунга ишора қиладики, “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ”, деб шоҳидлик бериш Аллоҳнинг парвардигорлигига шоҳидлик беришдир. Бу фирқа, яъни мушаббиҳалар мусулмонлар бошига тушган қанчалар буюк мусибат-а?!

Алавий ибн Аҳмад Ҳаддод қаламига мансуб “Мисбааҳ ал-анаам” асарининг иккинчи бўлимида шундай гаплар келган: “Тавҳиди улуҳия тавҳиди рубубиянинг умумий маъноси остига дохилдир. Бунинг далили шуки, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломнинг зурриёдларидан аҳд олаётганда уларга хитоб қилиб “Мен сизнинг Раббингиз эмасманми?” – деган. У: “Сизнинг илоҳингиз эмасманми?” – деган эмас. Бундан келиб чиқадики, Аллоҳ таоло уларнинг тавҳиди рубубиялари билан кифояланган. Маълумки, Аллоҳ таолони Парвардигор деб эътироф этган киши Уни Илоҳ деб ҳам эътироф этган бўлади. Чунки Илоҳдан ўзга Парвардигор йўқ, балки У айнан Илоҳдир. Шунингдек, ҳадисда қабрда икки фаришта бандадан “Илоҳинг ким?” – деб эмас, “Раббинг ким?” – деб сўраши айтилган. Демак, тавҳиди рубубия тавҳиди илоҳияни ҳам ўз ичига олиши ўз исботини топди. Энг қизиғи шундаки, даъвогар каззоб кимсалар “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир”, деб шоҳидлик берган кишига “Сен тавҳидни билмабсан. Тавҳид икки хилдир: мушриклар ва кофирлар эътироф этган тавҳиди рубубия ва мусулмонлар эътироф этган тавҳиди улуҳия. Сени мусулмонга айлантирадигани айнан шунисидир. Аммо тавҳиди рубубияга келсак, у сени мусулмон қилмайди”, дейдилар. Во ажаб! Кофирнинг ҳам тўғри тавҳиди бўлар эканми?! Бордию унинг тавҳиди тўғри бўлса, бу нарса уни дўзахдан чиқаради-ку?! Чунки муваҳҳид[2] у ерда абадий қолмайди. Бу ҳақда аниқ ва ишончли ҳадислар келган. Эй, мусулмонлар! Ҳадис ва ислом тарихига оид асарларда исломни қабул қилиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келган қўрс арабларга у зот тавҳидни улуҳия ва рубубияга бўлиб тушунтирган эканликларини эшитганмисиз? Агар эшитмаган бўлсангиз, у ҳолда, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қилинаётган бу бўҳтон ва ёлғонлар нима учун?! Чунки Парвардигорни ягона деб билган киши Илоҳни ягона деб билган бўлади. Парвардигорга ширк келтирган киши Илоҳга ширк келтирган бўлади. Мусулмонларнинг Аллоҳдан ўзга Парвардигорлари йўқ. Шунинг учун улар “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир!” – деганларида Уни ўзларининг Парвардигорлари деб эътиқод қиладилар. Шунинг учун Ундан ўзганинг павардигорлигини инкор этганлари каби унинг илоҳлигини ҳам инкор этадилар. Улар Аллоҳ ўз зоти, сифатлари ва феълларида ягона эканини тасдиқлайдилар”.[3]

Манави бидъатчи тоифа эса “Пайғамбарлар фақат тавҳиди улуҳия учун юборилган. Тавҳиди улуҳия – бу ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишдир. Аммо тавҳиди рубубияга келсак, у Аллоҳни оламларнинг Парвардигори, уларнинг ишларини тасарруф қилувчиси, деб эътиқод қилишдир. Ҳеч бир мушрик ва мусулмон бу хусусда ихтилоф қилган эмас. Бунга далил “Қасамки, агар улардан: “Осмонлар ва Ерни ким яратган?” – десангиз, албатта, “Аллоҳ”, – дерлар”,[4] оятидир”, дейдилар. 

Уларнинг мазкур гаплари номақбул ва тавҳиди рубубия масаласида мушриклар билан мусулмонлар баробардир, деган даъволари ҳам асоссиздир. Мушрикларнинг Ер ва осмонларни Аллоҳ яратган, деб эътироф этишлари тиллари билан иқрор бўлишдир. Бу – улар ҳам оламлар Парвардигорини ягона деб эътиқод қиладилар, дегани эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Исломни қабул қилаётган бирор кишига: “Икки хил тавҳид бор. Мусулмон бўлмоқчи бўлсанг, Аллоҳни тавҳиди улуҳия асосида ягона деб эътиқод қилишинг керак. Фақатгина Парвардигорни ягона деб билишинг сенга етарли эмас”, демаганлар.

Уларнинг ақидалари ботил эканига яна бир далил Аллоҳ таолонинг Юсуф алайҳиссаломдан ҳикоя қилиб айтган сўзларидир. Унда келишича, Юсуф алайҳиссалом ўзининг икки ҳамзиндонини тавҳидга чақирган пайт уларга: “Эй, икки ҳамзиндонларим! Турли-туман “илоҳлар” яхшими ёки ягона ғолиб Аллоҳми?”[5] – деганлар. Демак, Юсуф алайҳиссалом уларни ибодат қилинишга ҳақли бўлмиш Парвардигорни – Аллоҳ таолони ягона деб эътиқод қилишга чақирган.

Азҳари шариф уламолари томонидан нашр этиладиган “Нур ал-ислом” журналининг 1933 йил Рабийъ ас-соний ойида чиққан сонида аллома Юсуф Дажавий Азҳарийнинг (ваф.1946) бир мақоласи чиқарилган. Унда жумладан, шундай дейилади: “Уларнинг тавҳидни тавҳиди рубубия ва тавҳиди улуҳияга тақсим қилишлари Ибн Таймиядан илгари ҳеч ким билмаган тақсимдир. Шунингдек, бу ақлга ҳам тўғри келмайди. Сиз буни қуйироқда билиб оласиз. Пайғамбар алайҳиссалом Исломга кирган бирор кишига икки хил тавҳид борлигини, тавҳиди улуҳия асосида имонга кирмагунча мусулмон бўлмаслигини айтмаганлар. Ҳатто бир оғиз сўз билан бўлса-да, унга ишора қилмаганлар. Тавҳидни учга тақсим қиладиганлар барча ишда уларга эргашишларини айтиб мақтанадиган салафларнинг бирортасидан бу гап қулоққа етиб келган эмас. Бундай тақсимнинг ҳеч қандай маъноси йўқдир...

Улар далил қилиб келтираётган “Қасамки, агар улардан: “Осмонлар ва Ерни ким яратган?” – десангиз, албатта, “Аллоҳ”, – дерлар” оятига келсак, Аллоҳнинг ягона эканига далолат қиладиган қатъий далиллар ва очиқ-ойдин оятлар олдида ожиз қолганликлари учун кофирлар ўша вақтнинг ҳукмига итоат қилиб, шу гапларни айтишга мажбур бўлганлар. Улар ҳали қалбларида барқарор ўрнашмаган ёки дилларига етиб бормаган нарсани тиллари билан айтган бўлсалар ҳам ажаб эмас. Бунинг далили шуки, улар бу гапларни юқоридаги сўзлари ёлғонлигига ишора қиладиган нарсалар билан қўшиб гапирганлар. Зарар ёки фойда беришни Аллоҳдан ўзгасига нисбат берганлар.  Яна бир далил шуки, улар Аллоҳ таолони умуман билмаганлар, ҳатто арзимас ишларда бўлса ҳам ўзгаларни Ундан олдин қўйганлар. Агар хоҳласангиз, уларнинг Ҳуд алайҳиссаломга айтган ушбу гапларини бир ўқиб кўринг: “Сени балким илоҳларимиздан бирортаси чалиб кетгандир, деб биламиз”.[6] Шундай экан, Ибн Таймия қандай қилиб “мушриклар, албатта, санамлар зарар ҳам, фойда ҳам бермайди, деб эътиқод қилар эдилар ва ҳоказо”, дейди?! Сўнгра сиз уларнинг ўз экинлари ва чорва ҳайвонлари ҳақидаги сўзларини ҳам бир ўқиб кўринг-а: “Бу Аллоҳ учун, буниси шерик (бут)ларимиз учун”, – дейдилар. Бас, бутлари учун бўлгани Аллоҳга етиб бормайди. Аллоҳ учун бўлгани шерик (бут)ларига “етиб” боради”.[7]  Демак, улар ўзларининг шерик (бут)ларини энг майда ва ҳақир ишларда ҳам Аллоҳ таолодан устун қўйганлар.

Аллоҳ таоло мушрикларнинг бут ва санамлар тўғрисидаги эътиқодларини баён қилиб, шундай деган: “Ораларингизда (Аллоҳга) шерик деб гумон қилиб юрган шафоатчи (оқловчи)ларингизни сизлар билан бирга кўрмаяпмиз”.[8] Аллоҳ таоло бу оятда мушриклар бутларни ўзларининг шерик (бут)лари деб эътиқод қилишганини зикр қилган. Уларнинг ана шундай сўзларидан бири Уҳуд жанги куни Абу Суфённинг “Ҳубалга шон-шарафлар!” – деганидир. Ўшанда Пайғамбар алайҳиссалом унга “Аллоҳ энг олий ва буюк зотдир!” – деб жавоб қайтарганлар. Шундай бўлгач, сиз аввал бу гапларга бир назар солинг-да, ундан кейин менга айтинг-чи, Ибн Таймия мушрикларга нисбат бериб, “Улар бу тавҳид (тавҳиди рубубия) борасида худди мусулмонлардек баробардир. Улар тавҳиди улуҳияга қолганда мўминлардан ажралиб олдилар”, деб айтаётган ўша тавҳидда нимани кўраяпсиз?”.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, аҳли сунна вал жамоа ақидасига кўра мусулмонлар эътиқод қилиб келаётган тавҳидни учга – тавҳиди улуҳия, тавҳиди рубубия ва тавҳиди сифотияга бўлиб талқин қилиш Ибн Таймияга қадар мавжуд бўлмаган. Уни учга бўлиб талқин қилаётган ҳозирги “шайх”лар ҳам уламолар ҳамфикр бўлган ақидани қўйиб, уларга қарши фикрда бўлган Ибн Таймиянинг ақидасини тутган залолатдаги кимсалардир.

Тавҳидни учга бўлиб талқин қилиш замирида Аллоҳ таолога дуо қилаётиб, Унга пайғамбарлар, авлиёлар ва бошқа улуғ зотларни васила қилган мўминларни кофирга чиқариш, бу орқали унинг қонини тўкиш, мол-мулкини ўзлаштириб олишни ҳалол қилиб олиш, тинч ва аҳилликда ҳаёт кечираётган мусулмонлар орасига низо уруғини сочиш бордир.

 Алоуддин Ҳофий

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази

катта илмий ходими

 

[1] Бухорий, Муслим ривояти.

[2] Аллоҳни ягона Илоҳ деб эътиқод қилган банда.

[3] Абдуллоҳ ибн Алавий Ҳаддод. Мисбаҳул анаам ва жалаауз-золаам. – Туркия.: мактабатул ҳақиқат. 2014.

[4] Луқмон сураси, 25-оят; Зумар сураси, 38-оят.

[5] Юсуф сураси, 39-оят.

[6] Ҳуд сураси, 54-оят.

[7] Анъом сураси, 136-оят.

[8] Ўша сура, 94-оят.


Киритилган вақти: 01/04/2021 09:40;   Кўрилганлиги: 153
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/tavhidni-uchga-bolib-talqin-qilish-bidat
Чоп этилган вақт: 17/06/2021 23:39
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг