Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Сабр мўминнинг безаги

 
 

Сабр ҳар бир мўмин-мусулмоннинг энг яхши сифатларидан бири ҳисобланиб, имонни қай даражада эканини кўрсатадиган амалдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларига мусибат, бало-офат ёки машаққат келганида фақат сабр қилишга буюради. Аллоҳ таолонинг китоби Курьони каримнинг кўп ўринларида “сабр” ва “намоз” калималари бирга ёнма-ён келган. Бу сўзларнинг биргаликда баён қилинишининг сабаби, Аллоҳ таоло сабрни ибодат даражасига кўйганининг аломатидир. Қуръони каримда сабр-тоқат етмиш жойда зикр қилинган бўлиб, бундан бошқа бирор фазилат бу даражада кўп такрорланмаган. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ўзининг синовларига сабр қилган кишиларнинг ажр-мукофотини дунёда ҳам, охиратда ҳам орттириб беришни ваъда қилади: “...Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур” (Зумар сураси, 10-оят мазмуни).

Мўмин киши ҳаётида учрайдиган барча салбий ҳолатларга сабр-тоқат қилади ва Парвардигоридан бунинг эвазига ажр-савоб ато қилишини сўрайди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўмин киши сифати ҳақида бундай деганлар: “Агар мўминга хурсандчилик етса, шукр қилади. Бу унга хайрлидир. Агар унга бирон зарар етса, сабр қилади. Бу ҳам унга хайрлидир”(Имом Аҳмад ва Муслим ривояти).

Биз шу кунларда кўпроқ катта синовларга дуч келмоқдамиз. Бу синовлардан бири бугунги кунда дунёнинг деярли барча мамлакатлари тарқаган коронавирус касаллиги, шунингдек, Бухородаги кучли шамол ва Сирдарёдаги сув тошқинидир. Талофатлар юртимиз иқтисодиётига катта таъсир кўрсатиши аниқ. Буларнинг барчасига биздан сабр ва матонатни талаб қилинади. Юқорида айтганимиздек, динимиз бало келганда сабр қилишга чорлайди. Сабр билан ҳар қандай қийинчилик ва машаққатлар енгиб ўтилади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, Биз сизларни бир оз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкга, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер(Бақара сураси, 155-оят мазмуни), деб марҳамат қилган. Яъни Аллоҳ таоло инсониятни ҳар хил балолар билан синашлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Аллоҳ таоло бизни ёмонлик билан ҳам, яхшилик билан ҳам синайди, бу хусусда Аллоҳ таоло бундай деди: “Биз сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон учун синаймиз(Анбиё сураси, 35-оят мазмуни). Кимгадир мол-дунё бериб, кимнидир камбағал қилиб, кимнидир бахтли, кимнидир бахтсиз қилиб ва бошқа турли хил синовлар билан синайди. Ҳар бир кунимиз синовдан иборат.

Юртимизга келган касаллик, шамол, ёғингарчилик ва сув тошқини натижасида бўлган талофатга сабрли бўлиш, Аллоҳга истиғфор айтиб, бундан ҳам ёмон бўлмагани учун шукр қилишимиз лозим. Шундай мусибатларга сабр қилиш – чидаш, имон тақозо қилган ишларни амалга ошириш, Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлишдир. Ҳадиси шарифларга мурожаат қилсак, тоат ва ибодат, гуноҳлардан сақланиш баробарида мусибат ва қийинчиликлар етганда сабрли бўлиш мусулмон кишининг асосий фазилатларидан экани айтилади. Бу синовларга сабрли бўлсак, Аллоҳ таоло айтган фазилатга эришишимиз. Аллоҳ таоло сабрлиларга башоратни ваъда қилган экан, ҳеч қачон ноумид бўлмаслик керак. Зеро, Аллоҳ таоло: “Бас, албатта, бир қийинчилик билан осончилик бордир. Албатта, бир қийинчилик билан осончилик бордир(Шарҳ сураси, 5-6 оятлар мазмуни) деб марҳамат қилган.

Албатта офатлардан талофат кўрганларга хайру эҳсон кўрсатиш барчамизнинг бурчимиздир. Манашу муборак ойда яхшилик ва кўмакимизни кўпроқ жабр кўрганларга кўрсатсак, савоби кўп бўлади.
Ману шу синов вақтларида меҳр-оқибатли бўлиш, барча инсоний фазилатларни янада мустаҳкамлашга омил бўлади. Талофат кўрганларга ёрдам кўрсатишда халқимизнинг бирдамлиги, ҳамжиҳатлиги ва албатта, нечоғли саховатпешалиги мана шундай савобли ишларда кўринади.
Холис ниятда амалга ошириладиган ёрдамлар моддий ва маънавий мададга муҳтож бўлган кишиларнинг дилларига малҳам бўлади. Пайғамбаримиз бундай деганлар: “Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю Охиратда енгиллик беради. Модомики, банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида бўлади” (Муслим ривояти). Яна бир ҳадисда бундай дейди: “Мўминлар бир-бирларига меҳр-муҳаббат ва ғамхўрлик қилишда бамисоли битта тана кабидирлар. Агар танада бир аъзо оғриса, қолган аъзолар иситма ва бедорлик билан унга шерик бўлади” (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Эл бошига иш тушганда сабр билан ёрдам қўлини чўзиш чин мўминлик сифати, халқимизга хос фазилатдир.

Талофатдан жабр чекаётганларга чиройли сабр тилаймиз. Сабр деб аталмиш фазилат қалбларимизни мунаввар қилсин. Рамазони шарифда бу кулфатлар кўтарилиб, дорул омон кунлар келишини Яратгандан сўраб қоламиз!

 Самарқанд шаҳар Темирйул ҳудуди бош отинойиси Ибрагимова Нодира.


Киритилган вақти: 06/05/2020 09:51;   Кўрилганлиги: 1389
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/sabr-mominning-bezagi
Чоп этилган вақт: 09/10/2024 02:32
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг