Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

РАМАЗОН ҚУРЪОН ОЙИ

 
 

Рамазон ойи рўзасини тутишни бизларга фарз қилган Аллоҳ таолога Ўзининг Жалолига мувофиқ ҳамдлар бўлсин. Рамазон ойи кечаларини қойим қилишни бизларга суннат қилган Муҳаммад Мустафо соллоллоҳу алайҳи васалламга ҳисобсиз саловат ва саломлар бўлсин.

Дарҳақиқат, Рамазон ойи Қуръон ойи, унда Қуръони карим нозил қилинган. Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 185 - оятида шундай деб марҳамат қилди: “Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту  фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин”.

Рамазон ойи йил ичидаги энг афзал ой ҳисобланади. Унинг фазли ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар, улуғ уламоларнинг сўзлари, мақтовлар айтилган, китоблар ёзилган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир”, деганлар. Аммо бу ҳақдаги таърифларнинг гултожи Роббул Оламиннинг Ўз каломида айтилган мадҳидир.

“Унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту  фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб Қуръон туширилгандир”.

Аллоҳ таоло унинг абадий мўжизаси, қиёматгача инсониятга ҳидоят бўладиган китоби Қуръони Каримни тушириш вақти қилиб Рамазон шариф ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойнинг фазилатини юксакка кўтарган.

Яна Қадр сурасининг 1 - оятида шундай деб марҳамат қилди:

“Албатта, Биз У (Қуръон) ни Қадр кечасида туширдик”.

Яъни, Қуръоннинг туширилиши "Лавҳул Маҳфуздан" бу дунё осмонига туширилишидир. Қуръони Карим бу дунё осмонидан Пайғамбаримиз с.а.в. га йигирма уч йил давомида бўлиб-бўлиб туширилган ва Росулуллоҳга нозил бўлиши ҳам айнан қадр кечасидан бошланган. Кейинчалик ҳар Рамазонда ваҳий фариштаси Жаброил алайҳис салом Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурига келиб, у зотга шу Рамазонгача нозил бўлган оятларни такрорлатадиган бўлди. Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этадиган йиллари Қуръонни Жаброил алайҳис саломга икки бора ўқиб берганлар. Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумолар бу муборак хатмга гувоҳ бўлганлар. Бу хатм манбаларда “Арзаи охир” – “Сўнгги ўқиб ўтказиш” деган ном билан машҳурдир.

Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

“Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг энг сахийликлари  Рамазонда Жаброил алайҳис салом у зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил алайҳис салом Рамазоннинг ҳар тунида у зот билан учрашиб, Қуръонни дарс қилишарди. Дарҳақиқат, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эди”.

Ҳадис китобларини ўқисак, Рамазон билан Қуръонни эгиз шафоатчи тарзида тасвирланганини кўрамиз. Имом Аҳмад ва Абу Фазлларнинг ҳадис тўпламларида Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани  шафоат қилади. Рўза: “Эй Роббим, мен буни кундузлари таом ва шаҳватлардан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил”, дейди. Қуръон: “Мен уни кечалари уйқудан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоаимни қабул қил”, дейди. Бас, иккови ҳам шафоат қилади”, деганлар”.

Шундай қилиб, бу ой илоҳий тасарруф орқали Ислом уммати учун Қуръон ойи қилиб берилди. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидан тортиб бугунги кунгача бу ҳолат бутун мусулмон оламида  анъана тарзида муваффақиятли давом этиб келмоқда. Саҳобаи киромлар ва тобеинлар Рамазонда Қуръон тиловатига алоҳида эътибор берар эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга Рамазонда таровиҳда Қуръонни одамларга хатм қилиб беришни топширганлари ҳам бежиз эмас эди. Буюк тобеин Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳи Рамазон ойида барча ибодат ва вазифаларини тўхтатиб, Қуръон ўқиш билан машғул бўлар эди. Бизда ҳам “Хатми Қуръон” деганда Рамазон, “Рамазон” деганда эса Хатми Қуръон ёдга тушадиган бўлиб кетган.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг каломига муҳаббатли қилиб, ушбу Муборак Рамазон ойининг барокатларидан насибадор қилсин. Амин!

Боходиров Фахриддин - “Янгиравот”  жомеъ масжиди имом хатиби


Киритилган вақти: 26/04/2020 15:29;   Кўрилганлиги: 1284
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/ramazon-quron-oyi
Чоп этилган вақт: 09/10/2024 01:51
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг