Қуръондаги такрорлар ва уларнинг сирлари
“Такрор” сўзини луғат ва истелоҳ жиҳатдан таърифи:
Ибн Манзур айтади الكر“Алкарру” сўзи луғатда қайтиш дегани. У гоҳида лозим феъл ва гоҳида мутааддий феъл бўлади. “каррун” сўзи масдар бўлиб ундан “такрорун” келиб чиқган. Истелоҳда эса бирон-бир сўзни ёки гапни таъкидлаш, қўрқитиш ва улуғлаш каби кўп маноларга далолат қилиши учун бир неча марта келтиришдир.[1]
Такрор фасоҳатдандир.
Баъзи араб луғатини тушунмайдиганлар эътироз билдириб Қуръони каримда ворид бўлган такрорларга таналар билдиришади ва ўшалар ўйлашадики бу фасоҳат услубларидан эмас. Бу уларни жоҳилликларидандир. Қуръони каримда ворид бўлган такрорлар умуман қиймати йўқ мазаммат қилинган такрорлар сирасидан эмас.
Суютий роҳимаҳуллоҳ айтади: Такрор у таъкидни энг йўқорисидир ва у фасоҳатни энг чиройлисидир[2]
Қуръони каримнинг васфи, такрорланган китобдир:
اللَّهُ نَزَّلَ أَحْسَنَ الْحَدِيثِ كِتَابًا مُّتَشَابِهًا مَّثَانِيَ تَقْشَعِرُّ مِنْهُ جُلُودُ الَّذِينَ يَخْشَوْنَ رَبَّهُمْ ثُمَّ تَلِينُ جُلُودُهُمْ وَقُلُوبُهُمْ إِلَى ذِكْرِ اللَّهِ ذَلِكَ هُدَى اللَّهِ يَهْدِي بِهِ مَنْ يَشَاء وَمَن يُضْلِلْ اللَّهُ فَمَا لَهُ مِنْ هَاد[3]
“Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширар. Ундан Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар. Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар. Ана шу, Аллоҳнинг ҳидоятидир. У ила Аллоҳ хоҳлаган кимсани ҳидоят қилар. Кимни Аллох залолатга кетказса, бас, унинг учун ҳидоят қилгувчи йўқ”.
Бу ояти каримада Қуръони каримнинг васфи унинг мўминларга таъсири ва у орқали ҳидоятга эришиш ҳақида сўз кетмоқда.
“Аллоҳ энг гўзал сўзни ўхшаш ва такрорланган китоб этиб туширар”.
Қуръони карим энг гўзал сўздир. Унинг оятлари гўзалликда, пурмаъноликда, ҳикматда, тўғриликда ва ҳукмда бир-бирига ўхшашдир. “Такрорланадиган” бўлиши эса, ҳукмлари такрор-такрор келади, ҳикматлари такрор-таркор келади, ваъзлари, огоҳлантиришлари, ваъдаю таҳдидлари ҳам такрор-такрор келади. Шунингдек, суралари, оятлари такрор-такрор ўқилади, ёд олинади, ўрганилади. Қуръони каримдаги такрорнинг яна бир боиси ушбу оятнинг кўп такрорланишини ўрганиш орқали англанади.
“Ундан Роббиларидан қўрқадиганларнинг терилари титрар”.
Аллоҳдан қўрқадиган бандалар Қуръонни ўқиганларида, унинг тиловатларин эшитганларида баданлари титрайди. Ундаги маънолардан таъсирланиб, уни туширган Аллоҳнинг ҳайбатидан, уни улуғлашдан қалблари титрайди.
“Сўнгра уларнинг терилари ва қалблари Аллоҳнинг зикрига юмшар”.
Бу сифат Аллоҳ таолонинг аброр бандаларининг сифатидир. Улар Қуръон тиловатидан, ундаги маънолардан жуда қаттиқ таъсирланадилар. Огоҳлантирувчи, таҳдид қилувчи оятлар келганида хавфдан, қўрқинчдан баданлари титрайди, яхши ваъда ва раҳмат оятлари келганида умидворликдан баданлари қалблари юмшайди, Аллоҳнинг зикрига яна ҳам кўпроқ бериладилар. Бундай бўлиши яхшилик аломатидир.
“Ана шу, Аллоҳнинг ҳидоятидир”.
Қуръондан гўзал таъсирланиш Аллоҳнинг ҳидоятидир.
“У ила Аллоҳ хоҳлаган кимсани ҳидоят қилар”.
Ҳидоятга эришган одам Қуръондан таъсирланиб, кўнгли юмшаб, унга амал қилишга ўтади.
“Кимни Аллоҳ залолатга кетказса, бас, унинг учун ҳидоят қилгувчи йўқ”.
Ундай одамнинг иши чатоқ бўлади![4]
Имом Суютий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Такрор келтиришнинг бир нечта фойдалари бор:
-Қарор топдириш:
Айтиладики: “الكلام إذا تكرّر تقرّر ” “Агар гап такрорланса қарор топади”, деб. Айни шу маънода Аллоҳ таоло ҳам Қуръонда огоҳлантиришлар ва қиссаларни такрор келтириш сабабини айтиб шундай дейди:
وَصَرَّفْنَا فِيهِ مِنَ الْوَعِيدِ لَعَلَّهُمْ يَتَّقُونَ أَوْ يُحْدِثُ لَهُمْ ذِكْرًا[5]
“Шоядки тақво қилсалар ёки уларда эслаш пайдо қилса, деб унда қўрқинчли ваъдаларни (такрор-такрор) баён қилдик”.
-Таъкидлаш:
فَبِأَيِّ آلَاء رَبِّكُمَا تُكَذِّبَانِ[6] “Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғон дея олурсиз?!”,
-Гапни яхшироқ қабул қилишлари учун танбеҳни зиёда қилиш.
Аллоҳ таоло айтади:
وَقَالَ الَّذِي آمَنَ يَا قَوْمِ اتَّبِعُونِ أَهْدِكُمْ سَبِيلَ الرَّشَادِ (38) يَا قَوْمِ إِنَّمَا هَذِهِ الْحَيَاةُ الدُّنْيَا مَتَاعٌ[7]
“Иймон келтирган киши: “Эй қавмим, менга эргашинглар, сизни тўғри йўлга ҳидоят қиламан. Эй қавмим, бу дунё ҳаёти вақтинчалик бир, матоҳ, холос”, деди”.
Бу оятда ҳам айни шу сабабдан нидо икки марта такрорланди.
-Агар гап чўзилиб кетса ва биринчи гап унутилиб қўйишидан қўрқилса, иккинчиси такрорланади:
(Давоми бор)
Тошкент Ислом Институти Модуль таълим тизими 3-курс 707 гуруҳ талабаси Исаев Исомиддин
[1] Gogl islamqa.info
[2] “Итқон фи улумил Қуръан” (282, 281/3) “Нидо муассасаси” босмаси
[3] “Зумар” сураси 23-оят
[4] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Тафсири Ҳилол “HILOL-NASHR” нашриёти 2017 -Б.207
[5] “Тоҳа” сураси 113- оят
[6] “Роҳман” сураси 13- оят
[7] “Ғофир” сураси 38-39- оят
Киритилган вақти: 04/06/2022 16:23; Кўрилганлиги: 738
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 03:18