Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Қуръон, ҳадислар ва уламолар талқинида терроризм ва экстремизм...

 
 

Ислом дини тинчлик дини бўлиб, у эзгу ишлар, меҳрибонлик, раҳм-шафқат, тозалик, қўллаб-қувватлаш, ривожланиш каби ғояларни илгари суради. Буларниннг акси ўлароқ, худбинлик, тажовузкорлик, зўравонлик ва бузғунчилик каби жиноий ишлар Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда қораланади.

Ақидапарастлик, терроризм, экс¬тремизм каби иборалар Қуръон ва ҳадисларда «фасод» – «бузғунчилик», «ғулу» – «чуқур кетиш», «ъунф» – «зўравонлик» сифатида номланади. Қуръон оятлари ва ҳадисларда ҳозирги кунимизда кенг истеъмол қилинаётган экс¬тремизм ва терроризм каби иллатлар, зўравонлик, бузғунчилик, ғулуга кетиш, ҳаддан ошиш каби иборалар билан ифода этилади. Ислом дини ҳар қандай оғир ша¬роитда ҳам экстремистик ва террорчилик каби кескин ҳаракатларни амалга оширишни қоралайди. Унинг таълимотига кўра, ноҳақ тўкилган қон кимнинг қони бўлишидан қатъий назар, энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, жазоси ҳам оғирдир. Зеро, Аллоҳ таоло муқаддас каломида: « ... Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир. Унга ҳаёт бахш этган (ўлимдан қутқариб қолган) одам эса барча одамларни тирилтирган кабидир» -деб марҳамат қилган. Динимизда инсоф, адолат ва инсонпарварлик қоидаларига риоя қилишга буюрилади. Ҳаддан ошиш, тажовузкорлик, зўравонлик қаттиқ қораланади. XX аср якуни инсоният тарихида терроризм, диний экстремизм, ақидапарастлик, мутаассиблик каби иллатлар билан алоҳида ўрин эгаллади. Терроризмни бирор миллат ёки динга нисбат бериш мутлақо нотўғри. Зеро, терроризмни ҳеч қайси дин, ҳеч қайси миллат оқламайди. У кимнинг ва ниманинг номидан содир этилишидан қатъий назар, уни амалга оширувчи шахс жавобгар ҳисобланиб, жазога лойиқдир. Маълумки, сўнгги йилларда Ислом динини ўзларига ниқоб қилиб олган бир гуруҳ манфур кимса ва тоифалар пайдо бўлди. Улар диндан фойдаланиб, ғаразли мақсадларни кўзлаган ҳолда жамиятда бузғунчилик, бегуноҳ одамларнинг қони ноҳақ тўкилиши каби салбий ҳолатларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, халқ ва диндорлар орасида низо чиқаришга, нифоқ солишга ҳаракат қилишмоқда. Энг ёмони, улар хатти-ҳаракатларини асослаш учун муқаддас Қуръони карим ва Ҳадиси шарифларни ўзларининг ғаразли мақсадлари сари тафсир ва таъвил қилишмоқда. Ислом дини таълимотида ҳар бир илмнинг меъёр ва чегараси белгиланган. Улар Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқариб оладиган мужтаҳид олим эмас. Мужтаҳид даражасидаги олим бўлганда оят ва ҳадисларни тўғри маънода талқин қилиб, бу каби манфур ишларга қўл урмаган бўларди. Динда ўртача йўл тутиш тамойилидан четга чиқиш юқоридаги номлар билан аталиб, диндан оғиш сифатида қаралади. Муслимнинг ривоятига кўра, Пайғамбаримиз (с.а.в.) «Ўртачалик чегарасидан чиққанлар ҳалокатга учрабдилар» деб уч марта айтган эканлар. Улар Ислом дининниг асл манбаларини талқин қилишда ҳадларидан ошдилар натижада, аввало ўзларига, энг ёмони Ислом динига нисабатан бутун инсониятнинг нафратини уйғотишга сабаб бўлди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча оятларда фирқалар, бузғунчи оқимлар ва уларнинг қилмишлари ҳақида хабар берган. «Аллоҳ сенга ато этган нарса билан охиратни истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас» . Бу ояти каримада, ҳам инсон биринчи навбатда, яратиш комиллик сари интилиши, шу билан бирга, ўзидан ке-йинги авлодларга ҳалол меҳнати ор¬қали орттирган обрў-эътибори, қолдирган маънавий ва моддий бойликлари, фарзандлари яхши амаллари билан ном қолдириши, бир вақтнинг ўзида инсон ўзи истиқомат қилган юртда бузғунчилик қилмаслиги уқтирилмоқда. Яна бир оятда «Кимда ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай» , деб марҳамат қилган. Биринчи навбатда ҳеч ким Аллоҳ яратган инсон ҳаётига қасд қилмаслиги, у қай тарзда бўлишидан қатьий назар, бегуноҳ одамни ўлдирса, жаҳаннамда абадий жазосини тортиши муқаррарлиги қайд этилади. Шундай экан, бирон-бир инсон ўзганинг жонига қасддан тажовуз қилмаслиги муқаддас ояти каримада таъкидланганининг гувоҳи бўламиз. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларида «Динда чуқур кетишдан сақланинг. Сизлардан олдингилар динда чуқур кетишдан ҳалок бўлганлар», деб марҳамат қилганлар. Ақидапараст оқимларнинг етакчилари ўз ниятларини амалга ошириш учун оят ва ҳадисларни ботиний маъноларини олмасдан фақатгина зоҳирий маъноларига эътибор бериб, мақсадларини кенг жамоатчиликка гўёки, уларнинг нияти хайр ва бораётган йўллари ҳақ йўл эканлигини ўқтирмоқчидай бўладилар. Уларнинг жамоасига эргашмаганларни куфрда айблаб, гўё шаҳар бедарвозадек, келажакда улар томонга ҳам боришларини айтиб, қўрқитадилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом «Мусулмон учун ўз биродарини қўрқитиши ҳалол эмас», деб ўз диндошига таҳдид қилишни ҳаром дедилар. Бундан ташқари, ислом динига эътиқод қилувчилар “мусулмон” номи ила аталар экан, ҳадиси шарифда ҳақиқий мусулмон ким ва қандай бўлмоғи лозимлиги хусусида “Мусулмон тили ва қўлидан ўзгаларга озор етказмаган кишидир” дейилади. Улар ўз ниятларини исботлаш масадида оят ва ҳадислардан далил ва ҳукм олишдан олдин мазкур ҳадисни ўқимаган деб ўйлайсизми? Айтингчи, мусулмонман деб, уларнинг хунрезликлари, бузғунчиликлари ва ёвузликлари каби манфур ишлари ислом динининг қайси кўрсатмаларига тўғри келади? Ҳозирги кунда зўравонлик, ақидапарастлик каби тушунчалар терроризм ва экстремизм сифатида аталади. Халқаро Ислом ташкилотлари ушбу иборага таъриф бериб, Қуръони каримда зикр этилган бузғунчиликларнинг мазкур иборага мос эканлигини кўрсатишади. Ислом олами уюшмаси Ислом фиқҳи кенгашининг Макка баёнотида терроризм қуйидагича таърифланади: «Терроризм бу кишилар, жамоатлар ёки давлатларнинг инсон дини, жони, онги, моли, номусига бузғунчилик билан душманлик қилишидир. Унинг доирасига қўрқитиш, азият бериш, таҳдид солиш, ноҳақ ўлдириш, мол-мулкни тортиб олиш, йўлларда қўрқитиш, йўлтўсарлик қилиш, зўравонлик, таҳдиднинг барча турлари билан якка ёки жамоавий тарзда жиноятчилик режасини амалга ошириш киради. Ушбу ҳаракатларнинг мақсади кишилар орасида қўрқув, таҳлика солиш, азият бериб қўрқитиш ёки ҳаётлари, эркинликлари, омонликлари, мол-мулкларини хавф-хатарга қўйишдир. Шу каби бунга яна атроф-муҳитга зарар етказиш, хусусий ёки оммавий мулкка, юрт ва табиий бойликларни хавф-хатарга қўйиш киради. Буларнинг барчаси ер юзида фасод иши бўлиб, Аллоҳ Қуръони каримда мусулмонларни бу ишдан қайтарган «Ер юзида фасод (бузғунчилик)ни истаманг, албатта, Аллоҳ фасодни ёқтирмас». Юсуф Қарзовий шундай дейди: «Ислом бегуноҳ кишиларнинг жони, мулки ва номусига нисбатан зулм ишлатишни ман этади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) видолашув ҳажида қилган ваъзларида одамларнинг жони, мулки ва номуси қиёматгача дахлсиз, деб эълон қилганлар. Бу нафақат мусулмонларга, балки бошқа инсонларга ҳам тегишлидир. Исломда «мақсад воситани оқлайди» деган тамойил йўқ. Шайх Тантовий шундай дейди: терроризм ва диний экстремизм инсониятнинг жони ва мулкига қасд қилишдир». Юқоридаги келтирилган таърифлардан кўриниб турибдики, ислом манбаларида зўравонлик бузғунчиликка эмас, балки инсонпарварлик, осонлик, енгиллик яратишга аҳамият қаратади. Ақидапарастлик, бузғунчилик бугунги кунда пайдо бўлган долзарб масала эмас, бу муаммога нисбатан тарихан буюк алломалар ҳам кўп мурожаат этиб, унинг салбий оқибатлари хусусида ҳуқуқий ва фиқҳий жиҳатдан баҳо бериб келинган. Ислом дунёсининг барча олим ва уламолари ҳамкорликда ислом дини таълимотини соф ҳолда асраб-авайлаш, унинг аҳкомларини бузиб кўрсатишга ҳаракат қилаётган ёвуз кучларга қарши маърифий услублар билан курашишлари шунингдек, бизнинг ватанда ҳам “Ғояга қарши ғоя ва Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида таълим муассасалари ва жойларда диний-маърифий суҳбатлар ўтказиш юртимиздаги тинч, осуда ҳаётни сақлашга, жамиятда диний муҳитни соғломлаштиришга ва ёшларимизнинг бузғунчи оқимларга эргашиб кетишларини олдини олишга хизмат қилади.

Барот АМОНОВ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бўлими бошлиғи


Киритилган вақти: 19/09/2019 08:47;   Кўрилганлиги: 1573
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/quron-hadislar-va-ulamolar-talqinida-terrorizm-va-ekstremizm
Чоп этилган вақт: 09/10/2024 03:14
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг