Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Қурбон ҳайити барчамизга файзли бўлсин!

 
 

Ўзида ислом динининг эзгу ғояларини яққол ифода этувчи байрамимиз Қурбон ҳайити яқинлашиб келмоқда. Ҳайит байрамларида  ёшу қари, бойу камбағал барчалари шоду хуррам бўлиб, бир-бирларига хурсандчилик изҳор қилишади. Мусулмонлар ҳамиша орзиқиб кутадиган ушбу икки ҳайит байрамларига тааллуқли бир қанча одоблар бўлиб, у сабабли банда кўплаб ажру савобларга эга бўлади. Шундай одоблардан бири масжидга пиёда боришдир. Хоссатан ҳайит куни ҳам агар касаллик, узоқлик ва қору-ёмғир сингари бирор узр бўлмаса намозгоҳга пиёда юриб бориш суннат ҳисобланади. Фақиҳлар масжидга боришда шошмасдан, қадамни яқин-яқин босиб боришнинг суннат эканини айтганлар. Токи юриб борувчининг қадамлари сони кўпайсину савоби янада зиёда бўлсин.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларни Аллоҳ у билан хатоларни ўчирадиган, даражотларни кўтарадиган нарсага далолат қилмайинми?” дедилар. Саҳобалар розияллоҳу анҳум: “Айтинг, ё Расулуллоҳ”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Масжид сари қадамни кўпайтириш” дедилар (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни бир йўл ила чиқсалар, бошқаси ила қайтар эдилар”. Термизий, Абу Довуд ва Бухорийлар ривоят қилган.  Чунки, икки йўл ва улардаги нарсалар шоҳид бўлиб қолади. Иккинчидан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юрган жойларга файзу футуҳ, хайр-барака кирган. Ўша ерларнинг аҳолисини хурсанд қилиш учун ҳам шундоқ қилганлар. Мусулмонлар ийдга чиқишда ушбу суннатларга амал қилишлари керак. Демак, ҳайит куни ўзига яқин бўлган масжидга пиёда юриб борилса, намозга бориб келишдаги босган қадамлари ададича савоблари ҳам кўпаяди. Шунингдек, йўлдаги тирбандликларнинг олди олинади. Пиёдаларга ноқулайликлар келтиришнинг олди олинади.

Азиз биродарлар, ҳайит байрамини кўтаринки кайфитяда, хурсандчилик билан ўтказайлик. Аллоҳ таоло барчамизга оилавий бахту саодат, сиҳат-саломатлик, дину дунё ишларимизда барокатлар ато қилсин! Аллоҳ бутун Ислом оламига офият ва зафар берсин! Келаси шу ой, шу кунларга соғ-саломат, илму тақвода зиёдалик билан етиб боришимизни насиб айласин! Қурбон ҳайити муборак бўлсин!


ЁҚУБЖОН ДОМЛА МАНСУРОВ – САМАРҚАНД ВИЛОЯТ БОШ ИМОМ-ХАТИБИ ЎРИНБОСАРИ


Киритилган вақти: 26/06/2023 19:53;   Кўрилганлиги: 620
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/qurbon-hayiti-barchamizga-fayzli-bolsin
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 09:02
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг