Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Қайнона – келин аҳиллиги оила тинчлиги демакдир

 
 

Бошқа миллат вакилларининг кўпчилиги биз ўзбекларнинг оилавий ҳаётимизга, яъни, қариндош уруғларнинг бир-бирларига бўлган силаи-раҳмларига ва биздаги одатлар, тўй-маросимларимизга ҳавас билан қарайдилар.

Бу орамизда сақланиб қолган исломий одоб-ахлоқ сабабидандир. Шундай тинчликда, тўкинчиликда яшаб туриб, оилавий алоқаларга путур етказаётганлар кўплаб учрамоқда. Бу эса тинч ва осойишта ҳаётга шукр қилмаслик оқибатидандир. Aфсуски, эр-хотин, фарзандлар, қариндошлар, қайнона ва келинлар ўртасида турли-туман келишмовчиликлар, жанжаллар кўпайиб бормоқда. Aйниқса, охирги пайтларда қайнона ва келин муносабатлари ёмонлашиб, бу жанжаллар хатто ўғил билан келиннинг орасига совуқчилик тушириб, ажралишларга сабаб бўлмоқда. Энг ёмони, бу келишмовчиликлар оқибатида, фарзандлар етим бўлиб қолмоқдалар. Шундай қайноналар учраяптики, ўғлига ақл-фаросатли, соғлом, иймонли келинни орзу қилиш ўрнига биринчи ўринга келин олиб келадиган мол-дунёсига, қудалар билан бўладиган олди-бердиларга ўч бўлиб бормоқдалар. Келинларига меҳр бериб, камчиликларини босиқлик, насиҳат йўли билан тушунтириш ўрнига, ўғилларига ошириб, ёмонлаб, ўғил ва келинлари орасига совуқчилик тушишига сабаб бўлмоқдалар. Қайноналикнинг иши оғир, сабр-тоқатни талаб қиладиган вазифадир. Чунки уни туғиб, меҳр бериб ўстирган ўғлига ўзга бир хонадонда, бегона бир муҳитда ўсган қизни ўз оила аъзосига, ўз боласига айланиши учун, ўғли билан бахтли-саодатли ҳаёт кечириши учун, қайнонадан анча меҳр-муҳаббат, сабр ва кечиримлилик талаб қилинади. Қариларимиз, келин олиш осон, қайнона бўлиш қийин, дейишган. Яна, аёл кишининг қандайлигини билмоқчи бўлсанг, келин қилганда кўр, дейишган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар комил мусулмон бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсизлар. Комил мусулмон бўлиш учун эса, бир-бирингизга меҳр қўймоғингиз шарт”, деганлар. Яна бир ҳадиси шарифларида: “Жаннат оналар оёғи остидадир”, деб марҳамат қилганлар. Пайғамбаримиз алайҳис-саломнинг ўгитларига амал қилувчи, жаннатга киришни истаган қайнона ўғилнинг севикли аёлига ва ундан дунёга келадиган зурриётларини соғ-саломат, оиласи тинч-осойишта бўлиши учун, фарзандларини бахтли ҳаёт ўтказишлари учун, қайнона келинни хато-камчиликларини кечириб, билмаганларини ўргатиб, меҳр қўйиб яшамоғи зарур. Ёши улуғларимиз, меҳр берсанг, меҳр кўрасан, деганлар. 
     Турмушга чиққан келин учун ҳам янги бир ҳаёт бошланади. Ота-онангиз, жигарларингиздан энди бошқа оилага – эрингизнинг ота-онаси, жигарлари билан энг яқин бўлиб қоласиз. Чунки, эркаклар хотинлар учун, хотинлар эркаклар учун яратилгандирлар. Бу Aллоҳнинг қонуни, уни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Турмушим ширин ва осойишта бўлсин деган келин эрининг уйига, унинг ота-онасига, жигарлари ва қариндошларига ҳурмат кўрсатиши, уй юмушларидан эринмаслиги, саранжом-саришталиги ва пазандалиги билан оиладагиларни меҳрларига сазовор бўлиши зарур. Aйниқса, унинг севикли эрини туғиб, оқ сут бериб, кечаларни бедор ўтказган, асраб-авайлаб ақлли, соғлом қилиб ўстирган қайнонанинг насиҳатларига қулоқ тутиб, хизматларини бажариши лозим. 
    Келинниг вазифаси қайнона ва бошқа оила аъзоларидан аразламаслиги, гап қайтармаслиги ва эрининг уйидаги гап-сўзларини ота-онасиникига ташимаслиги зарур. Уларни ҳурматларини жойига қўйиши керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким кичикларга раҳм-шафқатли, катталарга иззат-икромли бўлмаса, у бизлардан эмас”, деб таълим берганлар. Эрининг ота-онаси ва жигарларини ҳурмат қилиш эрини ҳурмат қилишдир. Дарҳақиқат, ота-боболаримиз, гулни севган тиканни ҳам эъзозлайди, дейишган. Шуни эсдан чиқармаслик керакки, оила тинч бўлса, юрт ҳам тинч бўлади. Маълумки тинч-тотув оила фарзандлари ота-онасига ҳам, юртига ҳам манфаат келтирувчи бўладилар.

 

Бўронов Мақсуд,

"Саид Нуриддин хўжа" жоме масжиди имом хатиби.


Киритилган вақти: 06/07/2021 10:35;   Кўрилганлиги: 881
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/qaynona-kelin-ahilligi-oila-tinchligi-demakdir
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 20:42
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг