Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратларининг - аҳли илмларга қилган мурожаатларига муносабат...
Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Бас, (эй Муҳаммад! Умматингизга) эслатинг! Зотан, Сиз фақат эслатувчидирсиз” (Ғошия сураси, 21-оят). Бошқа ояти каримада эса бундай дейилади: “Эслатинг! Зеро, эслатма мўминларга манфаат етказур” (Зориёт сураси, 55-оят). Аллоҳ таоло ибрат олишлари учун инсонларга кўплаб неъматларини ато қилган. Ўз Пайғамбарига буюриб, сиз мана шу ибрат-далилларни одамларга эслатинг, рисолатни уларга етказинг. Насиҳат қилинг, керакли ўринларда Аллоҳнинг азобидан қўрқитинг, жаннатидан башорат беринг. Шу тариқа уларни ҳақ йўлга, ҳидоятга чорланг, демоқда.
Биз унутувчи, ожиз бандалармиз. Ҳатто илм аҳллари, маърифатли кишилар ҳам асл ҳақиқат, тўғрилик ва ҳақдан чалғиб қолишимиз мумкин. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳазратлари Ўзбекистондаги аҳли илмларга мурожаат қилдилар. Мурожаат билан нафақат аҳли илмлар балки юртимизнинг барча мўмин-мусулмонлари танишди. Ушбу мурожаат асосан, диний соҳа вакилларига йўналтирилган эди. Юқорида ояти карималарни зикр қилдик. Унда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мўминларга эслатма беришини амр этган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон ва хорижда яшаб фаолият юритаётган барча олимлар, имом-хатиб ва талабаларга айнан шу каби мурожаат-эслатма зарурдек эди. Агар вақтида мурожаатда кўтарилган масалаларга ижобий эътибор қаратилмас экан, кейин кеч бўлиши муқаррар эди. Муфтий ҳазратлари мурожаатида таъкидлаганларидек, биз ушбу танбеҳ маълум бир шахслар ёки жамоага қаратилмаган деб биламиз. У барчамизга бирдек эслатмадир. Ҳар биримиз ўзимизни тафтиш қилишимиз, ислоҳ этишимиз зарур.
Мурожаатдаги ушбу сўзларга эътибор қаратамиз: “Баъзи аҳли илмларимиз воқеликка қарамай, турли гапларни айтишлари ҳам тортишувларга сабаб бўлмоқда. Яна баъзи инсонлар устоз кўрмай, етарли билим олмай диний мавзуда турли фатволарни бериши жуда катта фитналарни келтириб чиқаряпти.
Бу гаплардан кейин аҳли илмларга нисбатан салбий қарашлар юзага келмоқда. Гўёки мана шундай гапларни гапириб хато қилган домлаларга қараб дин фақат мана шулар деб тушунилмоқда. Барча аҳли илмлар мана шундай деб ўйланмоқда. Натижада Аллоҳнинг дини йўлида холис хизмат қилаётган олим, парҳезкор домлаларни ҳам улар қаторида кўрилмоқда. Бу катта мусийбат.
Дин бу – тортишув, ҳақорат, бир-бирини камситиш учун келган эмас. Дин бу – насиҳат. Ана шу қоидага мувофиқ жуда ҳам эҳтиёт бўлишимиз керак”.
Дарҳақиқат, дин насиҳатдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Дин насиҳатдир”, деганларида, “Ё Расулуллоҳ, ким учун?” деб, сўрадилар саҳобалар. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ, Унинг китоби, расули ҳамда мусулмонлар уммати ва омма учун”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ана шу насиҳатни гўзал услубда, одоб ва намуна бўлган ҳолда етказиш динмизнинг талабдир. Муфтий ҳазратлари мурожаатларида насиҳат юмшоқлик ва мулойимлик билан олиб борилиши, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қўпол, дағал гапирувчи, ҳақорат қилувчи Зот бўлмаганликларини эслатар экан, Аллоҳ номидан гапириб, ҳақорат қилиб юборишлик, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан гапириб, фаҳш сўзларни ишлатиб даъват қилишликлар ҳам баъзи аҳли илмлар томонидан содир этилаётганини афсус билан айтиб ўтганлар.
Ислом дини олимлари яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришда алоҳида масъулиятга эга. Чунки улар бошқалар билмаган шариат илмларини ўрганганлар. Уларга нисбатан омманинг қалбида эҳтиром ва ҳайбат бўлади. Олимлар амри маъруф ва наҳйи мункар қилишса бошқаларнинг бўйсиниши қабул қилиши осон бўлади. Аллоҳ таоло олимларга ҳикмат ва чиройли мавъиза қилиш имкониятини берган. Шу боис Қуръони каримда олимларни мадҳ этилиб бундай марҳамат қилинади: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур” (Мужодала сураси, 11-оят).
Аллоҳ таоло илм ато қилганлар улуғ мартаба эга эканликлари ояти каримада баён қилинганини эслаб ўтдик. Бу улуғ неъмат ҳар кимга ҳам насиб қилавермаслиги илм эгаларига маълум. Шу билан бирга бир инсонга илм ўргатиб, билмаган нарсасини билдириб, хатосини тўғрилаб, уни тўғри йўлга иршод қилиб қўйиш қанчалар савобли иш эканлигини ҳам яхши биламиз. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алий розияллоҳу анҳуни Ҳайбарга юбораётганларида: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг иршодинг ила бир кишини ҳидоят қилмоғи сен учун қизил туялардан кўра яхшироқдир” (Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан учовлари ривоят қилганлар)деган эдилар. Шу каби, биз аҳли илмлар ҳам динимиз ва унинг аҳкомларини мукаммал ўрганиб, кишиларни Ислом дини ҳукмларига амал қилишга гўзал ахлоқ ва намуна билан чақирмоғимиз лозим. Ана ўшанда ўз бурчимизни адо этган бўламиз.
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ – Ўзбекистон мусулмонлар идораси Самарқанд вилоят вакили, вилоят бош имом-хатиби
Киритилган вақти: 27/09/2022 13:33; Кўрилганлиги: 716
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 03:38