НИМА УЧУН АЙНАН “САҲИҲИ БУХОРИЙ”?
Умуман ислом дини ва суннатни айблаб чиқиш ҳолатлари кўп кузатилганига қарамай, нимагадир ҳадис китоблари орасидан айнан “Саҳиҳи Бухорий” ҳақида ҳар хил асоссиз айбловлар ўртага ташланмоқда. Ростдан ҳам, нима учун айнан “Саҳиҳи Бухорий”?
Чунки ҳадисга доир барча асарлар орасидан айнан “Саҳиҳи Бухорий” Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба деган олий баҳога сазовор бўлган. Бу баҳони унга Имом Бухорийнинг ўзи берган эмас, балки чуқур ўрганиб чиққан улуғ ва забардаст алломалар уни мана шундай сифатлаган.
Бутун дунё мусулмонлари ундаги ҳадисларнинг саҳиҳлигига қатъий ишонади. Шунинг учун ҳам бу муқаддас китоб – “Саҳиҳи Бухорий” ғаразли кимсаларнинг нишонига айланган. Чунки мусулмонлардан унга бўлган ишонч йўқотилишига эришилса, ундан бошқа ҳадис манбаларини эътибордан соқит қилиш осон кечади. Ҳадис йўққа чиқарилгач эса бидъатчи кимсалар Қуръони каримни ўзи хоҳлаганидек тафсир қилиши учун замин яратилади.
“Саҳиҳи Бухорий” ҳақида ўртага ташланаётган асоссиз айбловлардан бири шуки, уни Имом Бухорийнинг ўзи ёзмаган. Унинг асл нусхаси йўқолиб кетган. Бу айбловнинг асоссизлигини исботлаш учун қуйидагиларни айтиб ўтамиз:
- “Саҳиҳи Бухорий” асари ёлғон устида келишиб олишлари маҳол саналадиган катта жамоат томонидан ўта ишончли йўллар орқали ривоят қилинган. Уни Имом Бухорийнинг ўзидан етмиш минг киши эшитган.
- Имом Бухорий яшаган даврдан ҳозирги кунга қадар яшаб ўтган уламолар ўз асарларида “Саҳиҳи Бухорий”даги ҳадислардан ҳам ривоят қилиб, уларни унинг ўзига нисбат беришган. Ҳофиз Ибн Ҳажар, Ибн Ҳазм, Ибн Касир, Ибн Абдулбарр каби олимлар шулар жумласидандир.
- ҳадис ва унинг шарҳига доир барча асарларда бу китоб ўз муаллифи Имом Бухорийга нисбат берилган ҳолда тилга олинади. Ҳеч ким уни Имом Бухорийдан бошқага нисбат бермаган.
“Саҳиҳи Бухорий” ҳақидаги яна бир айблов шуки, Имом Бухорий араб бўлмаган. Биз бу даъвонинг асоссизлигини исботлаш учун қуйидагиларни айтиб ўтамиз:
- бу даъво мусулмон диёрларнинг тарихидан бехабар кимсалар томонидан айтилган. Чунки Имом Бухорий дунёга буюк алломаларни етиштириб берган Бухоро шаҳрининг фарзанди бўлган.
- Имом Бухорий зиёли оилада дунёга келган. Илм талабида мусулмон ўлкалар, хусусан, Макка, Мадина, Миср, Бағдод каби йирик шаҳарларга сафар қилган. У Бухородан четга чиқмай яшаб ўтмаган. Имом Бухорийнинг асли араб бўлмаслиги у араб тилини бугун унинг шох асарини таъна қилиб чиқаётган айрим араблардан кўра яхшироқ билган бўлишига монелик қилмаган.
“Саҳиҳи Бухорий” ҳақидаги асоссиз айбловлардан яна бири шуки, бу умматнинг бир қатор муҳаддислари ва ҳофизлари ундаги ҳадисларни танқид қилган. Бундан келиб чиқадики, “Саҳиҳи Бухорий”даги ҳадисларнинг ҳаммаси ҳам саҳиҳ эмас.
Бу даъвога жавобимиз қуйидагича:
- Имом Дорақутний каби оз сонли муҳаддислар “Саҳиҳи Бухорий”да келган айрим ҳадисларни танқид қилгани рост. Бироқ, Ҳофиз Ибн Ҳажар ва Имом Нававий каби забардаст алломалар унга раддиялар берганини ҳам билиб қўйсак яхши бўлади.
- қолаверса, “Саҳиҳи Бухорий”даги айрим ҳадисларни танқид қилган ўша оз сонли уламолар ҳам Имом Бухорийнинг ҳадис илмида пешқадамлиги, олимлиги, ҳофизлиги ва бошқа хусусиятларини эътироф этган. Ҳатто “Саҳиҳи Бухорий”ни Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба деб билган.
- “Саҳиҳи Бухорий”ни танқид қилган муҳаддислар унинг шаъни ва мавқеини пастга уришни мақсад қилмаган. Аксинча, улар уни ҳимоя қилиш, юксак даражасини сақлаб қолиш иштиёқида бўлишган.
- умумий ҳадислари сони етти минг икки юзтадан кўпроқ бўлган “Саҳиҳи Бухорий”даги оз сонли ҳадисларнинг танқид қилиниши унинг мавқеига путур етказмайди.
- улар “Саҳиҳи Бухорий”даги айрим ҳадисларни танқид қилган, аммо заифга чиқармаган. Балки Имом Бухорийнинг ўзи уни тўплашда белгилаб олган шарт – олий даражанинг йўқлигини танқид қилишган. Ўша ҳадислар синчиклаб ўрганилганда, ҳақиқат Имом Бухорий томонида бўлиб чиққан. Чунки уни танқид қилувчилар таянган қонун-қоидаларнинг ўзи ҳадис алломалари наздида кучсиздир.
- танқид қилинган ҳадисларнинг аксариятини Имом Бухорий китобхон зерикиб қолмаслиги учун қўшимча ва шоҳид сифатида келтирган. Улар китобнинг бош мавзусига киритилмаган.
“Саҳиҳи Бухорий” ҳақидаги яна бир айблов шуки, Имом Бухорий Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан икки юз йил ўтиб, ҳадисларни китоб қилиб жамлаган бўлиши имконсиздир. Чунки бу орада саҳобаларнинг аксарияти вафот этиб кетган бўлган.
Бу айблов асоссизлигини қуйидаги фикрлар орқали исботлаб берамиз:
- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Имом Бухорий ўрталаридаги вақтнинг узун ёки қисқалиги ҳадиснинг саҳиҳ ёки заифлигини белгилаби берадиган мезон эмас. Чунки бу умматнинг муҳаддислари таянадиган нарса – санад, шунингдек, ровийларнинг тўлиқ таржимаи ҳоли билан танишиб чиқиладиган, уларнинг ривоятига ишониш мумкин ёки мумкин эмаслигига ойдинлик киритиладиган “жарҳ ва таъдил” номли илмдир.
- Имом Бухорий Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларини ёзган биринчи одам эмас, балки ундан аввал ҳам саҳобалар томонидан у зотнинг ҳадислари ёзиб борилган. Бу нарса Имом Бухорийгача ҳам тобеинлар ва улардан кейингилар даврида давом этган.
“Саҳиҳи Бухорий” ҳақида ўртага ташланаётган яна бир асоссиз айбловшуки, Имом Бухорий уни ўн олти йилда тўплаган. Ҳадисларнинг саҳиҳлиги, қабул қилишдаги шартлар топилган-топилмаганини аниқлаштиришда олти юз минг ҳадисни ўрганиб чиқишга бу муддат камлик қилади.
Бу асоссиз айбловга қуйидагича раддия берамиз:
- бу танқидни ўртага ташлаганлар ҳадис борасида саҳиҳлик нимани англатишини тасаввур қила олмайдиган кимсалардир. Зеро, муҳаддислар бирор ҳадисни саҳиҳга чиқарган бўлсалар, унинг матни эмас, балки санадини эътиборга олишган. Санад эса муайян ададдаги ровийлар гуруҳи атрфида ўрганилади. Ҳадислар қанча кўп бўлмасин, ривоят йўллари аниқ сондаги шайхларнинг исмига бориб тақалади.
- Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ”идаги ровийларнинг умумий сони 1525 нафарни ташкил этади. Уни танқид қилаётган кимсалар ўйлагандек сон-саноқсиз эмас.
- Имом Бухорийнинг ровийлар ва ҳадис илми борасидаги билим ва тажрибаси, ёшлигидан бошлаб шу соҳага ўзини бағишлагани ҳадисларни ўрганиш, уларнинг даражаси ва ровийлар мартабасини аниқлаштириб олишига ёрдам берган.
“Саҳиҳи Бхуорий”га қаратилаётган танқидлардан яна бири шуки, Имом Бухорий ўз давридаги муҳаддислар томонидан танқидга учраган. Демак, унинг ҳадис борасидаги пешқадамлиги борасида ҳамманинг фикри бир жойдан чиқмаган. Абу Ҳотим Розий, унинг ўғли Абдураҳмон, Муҳаммад ибн Яҳё Зуҳалий кабилар шулар жумласидандир.
Биз бу айбловга қуйидагича жавоб берамиз:
- бу Имом Бухорий ва мазкур уламолар номига қилинган бўҳтондир. Аслида эътиборли муҳаддислар Имом Бухорийни мақтаб гапиргани, одамлар олдида унинг мавқеи ва пешқадамлигини эътироф этгани нақл қилинган.
- Имом Нававий ва Тувфий бундай деган: “Бухорий ва Муслимга “муҳаддислар имоми” деган шарафли номнинг берилиши у иккисидаги тақво туфайли, ҳадислар орасидан саҳиҳларини ажратиб олиш йўлидаги жидду жаҳдлари сабаблидир. Ҳатто улардан кейинги муҳаддислар бу масалада айнан уларнинг йўлидан юрган”.
- Имом Термизий: “На Ироқда ва на Хуросонда ҳадис иллатлари, тарихи, санадлари ҳақида Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан кўра илмлироқ кишини кўрмаганман”, деган.
- Аҳмад ибн Ҳанбал: “Хуросон Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг ўхшашини дунёга келтирмаган”, деган.
Ҳофиз Бағдодий Имом Бухорийнинг Басра, Ҳижоз, Куфа, Бағдод, Рай ва Хуросон каби йирик шаҳарларидаги мавеи ҳақида жуда узоқ гапирган.
“Саҳиҳи Бухорий” ҳақидаги асоссиз айбловлардан яна бири шуки, унда Қуръони карим оятларига зид келадиган ҳадислар ҳам бор. Биз бу айблов асоссизлигини исботлаб бериш учун қуйидагиларни айтиб ўтамиз:
- Имом Бухорий ўзи ишончли имом бўла туриб Қуръони каримга зид келадиган ҳадисларни ёзиши мумкин эмас. Айниқса, “Саҳиҳ”ига киритмоқчи бўлган ҳадисларни қабул қилишда унинг иллат ва шозлик (кўпчиликнинг ривоятига номувофиқ келиши)дан холи бўлишини шарт қилиб қўйган бўлса.
- Имом Бухорий билан замондош ва ундан кейинги уламолар “Саҳиҳи Бухорий” ва бошқа асарлардаги Қуръони каримга зид келадиган ҳадисларни индамай қабул қилиши мумкин эмас. Агар шу ҳолат бор бўлганида, улар аниқ гапирган ва зид келган жиҳатларини кўрсатиб ўтган бўлар эдилар.
Хулоса шуки, ойни этак билан ёпиб бўлмайди, деганларидек, “Саҳиҳи Бухорий” мусулмонлар учун Қуръони каримдан кейинги энг ишончли манба экани кундек равшан. Уни юқорида ўтган ва бошқа асоссиз айбловлар билан танқид қилиб чиқаётганлар кўзида парда борлиги учун Қуёш нурини хирага, таъм билиш билан боғлиқ иллати борлиги учун ширин асални тахирга чиқарадиган касал кимсалардир.
Алоуддин Нематов
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот
маркази илмий ходими
Киритилган вақти: 18/05/2023 11:50; Кўрилганлиги: 820
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 13:20