Мумтоз тасаввуф ва замонавий тариқатчилик
Тасаввуф таълимоти узоқ даврлар мобайнида жамиятнинг турли табақалари ўртасида дўстлик, бродарлик ришталари илдиз отишига замин яратган. Ҳозирги пайтда дунёнинг кўп мамлакатларида Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандия тариқати катта нуфузга эга. Чунки мазкур тариқатда ислом шариати мезонлари бузилишига йўл қўйилмай, чин инсоний фазилатлар илгари сурилган.
Аммо барча даврларда ҳам тасаввуфни ўзларининг тор доирадаги мақсадлари йўлида талқин этувчилар ҳам бўлганини унутмаслик керак. Абдулқодир Гийлоний ўзларининг “Сиррул-асрор” китобларининг 23 фасли, “Тасаввуф аҳли хусусининг баёни” бобида тасаввуф аҳлини иккига бўлади: аввалги гуруҳ-“суннийлар”, иккинчиси эса “бидъат аҳли” деб тилга олинади. Биринчи тоифа сўзда, амалда, шариат ва унинг маъноси бўлган тариқатда тамоман қоимдир. Уларни “аҳли сунна вал жамоа” номи билан атайди. Бидъатчилар тоифасига эса шариат ва тариқатга мос тушмаган ишларни қилишга одатланганларни киритади.
Ҳозирги кунда тасаввуф деганда тор маънодаги турли маросимбозлик, тариқатга ружу қўйиш, ”пирпарастлик ”, худойима-худойи ва эҳсонма-эҳсон юриш, бошқалардан ажратиб турадиган либослар кийиш, бошқалардан ажратиб турадиган турфа расм-русумларга берилиб яшаш тушуниладиган бўлиб, одамларга тариқатни шундай тушунтирадиган айрим тоифалар ҳам кўпайиб бормоқда. Шунингдек, бу тоифалар ҳақиқий мумтоз тасаввуф вакилларнинг тасаввуфни комил мусулмон етиштиришдаги бир восита экани ҳақида ўгитларни унутиб, мусулмон кишиларнинг асосий мақсади тариқатга кириш, пирга қўл бериб, унинг хизматини қилиш экани ҳақидаги нотўғри талқин ва даъволарини илгари сурмоқдалар. Шу сабабли, соҳа мутахассислари томонидан бундай тоифаларни мумтоз тасаввуф намояндалари ва вакилларидан фарқлай билиш ҳамда уларни бошқа турли оқимлардан ажратиб кўрсатиш мақсадида уларга нисбатан “тариқатчилар” атамаси истеъмолга кирди.
“Ислом маърифати ва ҳозирги замон” китоб асосида З.Эшонқулов тайёрлади
Киритилган вақти: 04/06/2020 14:54; Кўрилганлиги: 1117
Чоп этилган вақт: 09/10/2024 03:33