МАЗҲАБСИЗЛИК ТУШУНЧАСИ ҲАҚИДА
Мазҳабсизлик тушунчасини аниқ тушунишимиз учун авваламбор “мазҳаб” тушунчасига аниқлик киритилиши лозимдир. Мазҳаб сўзи луғатда “йўналиш, йўл,эргашиш” маъноларини англатади.
Шаърий истилоҳда мужтаҳид (шаърий ҳукумларни далиллар: Қуръони карим, Суннат, Ижмоъ ва Қиёсга асосланиб чиқариш малакасига эга бўлган, етук билимдон, чуқур илмга эга бўлган фақиҳ киши) лардан бирининг оят ва ҳадислардан шаърий ҳукмлар чиқариш йўли “мазҳаб”дейилади.
Исломий мазҳаблар шаърий ҳукмларни чиқариш ва уларни ўрганиш йўлидир, ёки шаърий далилларни баён этиш ва ундан ҳукм чиқариш мадрасаларидир.
Мазҳаблар ўз асосчиларининг номлари билан – тақво, салоҳият, ижтиҳот ва илимларини барча мусулмонлар эътироф этган мужтаҳид ларнинг номлари билан аталади.
Ҳозирги кунда Ислом оламида тўрт улуғ мужтаҳиднинг - Имом Аъзам (Абу Ҳанифа), Имом Шофеий, Имом Молик, Имом Аҳмад ибн Ханбал мазҳаблари яъни 1)Ҳанафия мазҳаби, 2)Моликий мазҳаби, 3)Шофеъий мазҳаби, 4) Ҳанбалий мазҳаблари амалдадир.
Ислом динининг асослари Қуръони карим ва Расули акром суннатлари бўлиши баробарида мазҳабларнинг бир неча бўлишларига сабабни қуйидагича тушуниш жойиздир:
Аллоҳ таоло ва унинг Расулига итоат этиш ҳар бир мўминга вожибдир. Бу Қуръони каримнинг кўпгина оятларида (Оли – Имрон – 132, Ҳашр – 7, Нисо – 65) таъкидланган. Аллоҳ таоло ва унинг Расулига итоат этиш эса Қуръони карим ва суннати мутаҳҳорада келган ҳукумларни мукаммал билишни тақазо қилади.
Қуръони карим ва Суннати мутаҳҳорада баъзи масалаларнинг ҳукмлари очиқ – равшан баён этилган бўлса баъзи масалалар ҳукмларига ишорат ва далолат қилинган, айрим масалаларнинг ҳукмлари эса келмаган.
Ҳукумлари очиқ баён этилган масалаларда иҳтилоф ва ижтиҳодга ўрин йўқ. Бироқ ҳукумлари очиқ - равшан баён қилинмаган ёки ҳукумлари келмаган масалаларнинг ҳукмини фақат МУЖТАҲИДЛАР ойдинлаштириб беришади.
МУЖТАҲИД араб тилини мукаммал билган ва тушунган, Қуръони карим ва Ҳадис илмини пухта эгаллаган, Усулил фиқҳ ва Ижмоъни яхши билган Шариатнинг мақсади ва моҳиятини чуқур англаган, истеъдоди ижтиҳод қилишга етадиган йирик олимдир
Бир масаланинг ҳукмини ойдинлаштиришда келтирилган далилларнинг ҳар хил бўлишида, бир неча маъноли сўзларнинг бир маъносини қувватлашда, ҳукми келмаган масалани ўзга масалага қиёс қилиб ҳукмини чиқаришда бир мужтаҳиднинг фикри бошқа бир мужтаҳиднинг фикридан фарқли бўлиши табиийдир. Ўзи ижтиҳод қилиб ойдинлаштирган ҳукумга ўзининг амал қилиши ҳар бир мужтаҳидга вожибдир. Шундай қилиб ҳар бир муждаҳиднинг алоҳида – алоҳида ижтиҳод қилиш йўли яъни мазҳаби шакиллангандир. Кўп мазҳабликнинг сабаби шулдир.
Ижтиҳод даражасига етмаган кишиларга Қуръони карим ҳукмига биноан (Наҳл – 43, Анбиё – 7) Мужтаҳидлардан бирига эргашиш вожибдир.
Сохта Салафийларнинг “Расули акрам даврларида мазҳаб бўлмаган, мазҳаблар ҳижрий III асрга келиб пайдо бўла бошлаган шунинг учун биз мазҳабларга эмас Аллоҳ ва Унинг Расулига эргашамиз, итоат қиламиз” деб Мазҳабсизлик ғоясини тарғиб қилаётган оқимлар ўзларини бирор бир мазҳабга амал қилмасликларини даъво қиладилар. Мазҳабсизларнинг даъволарича ҳар бир киши, ўзи Қуръондан ёки ҳадисдан ҳукм олиши мумкин. Чунки мазҳаб бошиларнинг хулосалари бошқалар учун асос бўла олмайди, ҳар бир одам ўзи фатво бериши мумкин эмиш.
Тўғри Расули акром саллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида мазҳаб ҳам ва унга эҳтиёж ҳам бўлмаган, чунки ҳар қандай масалаларнинг ечимини Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзлари тушунтириб, ойдинлаштириб берганлар, Кейинчалик Пайғамбаримиз алайҳисалом вафотларидан сўнг аҳобалар хизмат қилдилар, улардан сўнг МУЖТАҲИДларнинг хизматларига эҳтиёж тобора орта борганлиги сабабли мазҳаблар пайдо бўлган. ИСЛОМ ДИНИ асосларини билмаган, Қуръонни ва Ҳадис илмини чуқур билмаган ёки умуман билмаган, Ижмоъ ва Қиёсдан хабари бўлмаган диний илмларни энди ўрганишга киришган кишилар қандай қилиб Қуръони каримдан ва ҳадислардан ҳукм олишлари мумкин?
Мазҳабсизларнинг ғояларига амал қилиниб барча одамлар Қуръон ва ҳадисдан ўз ўзича ҳукм олишга ўтса, жамият ҳаёти ўз ўзидан издан чиқиши тайинку ахир. Демак, шундан хулоса қилинса яхши бўлади.
Жиянов Камолиддин Қўшробод тумани “Сарой” масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 16/10/2023 15:55; Кўрилганлиги: 626
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 13:01