Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Жаҳолатга маърифат ила жавоб

 
 

Турли муросасиз, мутаассиб оқимлар ҳали онги шаклланиб улгурмаган, тажрибасиз, ғўр кишиларни ўз тузоғига илинтириб, улардан ўзларининг ғаразли мақсадларида фойдаланишга уринадилар. Ана шундай гуруҳлардани бири Аллоҳнинг Каломи-Қуръонни, Пайғамбаримиз муннатларини ҳамда ҳаётий ҳақиқатни бузиб талқин қилувчи ва халифаликни тарғиб этувчи “Ҳизбут-таҳрир ал-Исломий” ташкилотидир.

Ҳизбут-таҳрир ҳақида гапирар эканмиз, аввало бу сўзнинг асл-маъносига бир тўхталиб ўтсак. “Ҳизб” арабча сўз бўлиб, луғавий маъноси партия ёки фирқа деган маъноларни англатади. Бу ном замонавий партияларга партияларга ҳам, диний оқимларга нисбатан ҳам ишлатилиши мумкин. Бу ташкилот 1928 йилда Мисрда ташкил топган “Мусулмонлар биродарлар” экстремистик ташкилотидан ажралиб чиққан. Бу ташкилотга 1953 йилда Тақиюддин Набаҳоний асос солган. Бу ташкилотнинг ўз олдига қўйган мақсади шуки, VII асрда ташкил этилган халифаликни, яъни бутун ҳокимият халифа қўлида тўпланган теократик давлат тузумини барпо этишдир. Бунинг маъноси-барча мусулмонлар яшовчи ҳудудлар ягона давлатга бирлашиши лозим.

Хўш, XXI асрда VII асрдаги халифалик давлатини тиклаш мумкинми ўзи? Бугунги воқелик бу саволга ҳам диний, ҳам сиёсий жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда-йўқ, деб жавоб қайтаради. Нима учун? Чунки, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салом “Мендан кейин халифалик ўттиз йил давом этади, сўнг турли амирликлар ва подшоҳликлар пайдо бўлади”-деб марҳамат қилганлар. Амалда шундай ҳам бўлди.  

Ҳаммамизга маълумки, Исломда фирқалар ташкил этиш яъни фирқаланиш мусулмонларга зарар етказиши Қуръони каримда кўп бора таъкидланган. Жумладан, “Анъом” сурасининг 153-оятида “Мана шу (дин) менинг тўғри йўлимдир, бас сизлар унга юринглар ва (бошқа ҳар хил) йўлларга юрмангларки, у йўллар сизларни Худонинг йўлидан жудо қилур”-деб уқтирилади.

Умуман олганда, “Ҳизбут-таҳрир” ташкилоти ислом ниқоби остида шариатимиз аҳкомларига зид бўлган, мутаассиблик ғоялари билан йўғрилаган ва бузғунчиликка асосланган фаолият олиб бормоқда. Мазкур норасмий яширин ташкилот мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида шаклланиб, 1992 йилдан бошлаб республикамиз ҳудудида ўзининг ўта зарарли фаолиятини юргизишга ҳаракат қилиб келмоқда. Азизлар, шундай экан, бу каби ғаразли мақсадларни олдига қўйган ташкилотларнинг қинғир йўлларига кириб қолмайлик. Бунинг учун аввало Ислом дининг асл мазмун-моҳиятини тушунмоқлигимиз ва ўзимизга тўғри талқин қила олишимиз лозим бўлади.

Хайруллоҳ домла Саттаров - ЎМИ Самарқанд вилоят бош имом-хатиби ўринбосари


Киритилган вақти: 06/08/2020 11:45;   Кўрилганлиги: 859
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/jaholatga-marifat-ila-javob
Чоп этилган вақт: 09/10/2024 03:18
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг