Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ИСРОФГАРЧИЛИКДАН САҚЛАНАЙЛИК

 
 

Барчамизга маълумки, Ислом дини мўътадил дин бўлиб, барча ишларда мўътадил йўлни тутишга буюради. Айни пайтда исрофдек оғир гуноҳдан қайтаради. Чунки ҳар қандай ишда ҳаддан ошиши исроф саналади ва у ислом динининг мўътадилликка асосланган таълимотига зид келади.

Исроф деб, шариат тилида бирор иш-ҳаракатни бажаришда, сўз сўзлашда, молни сарф қилишда, кўнгилдаги хоҳиш-истакларни амалга оширишда чегарадан чиқишга айтилади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда исрофгарчиликка йўл қўймайди. Жумладан яъни: “У исроф қилувчиларни севмагай” (Аъроф сураси, 31-оят) дейилади. Биз кўпинча таомнинг ортиб қолиши ёки ортиқча сарф-харажат қилишнигина тушунамиз. Бу ҳам тўғри. Аммо нафақат ортиб қолиши, балки қолмасин деб, тўқ қорин устига ейиш ҳам исроф саналади.

Еб-ичишдаги исроф – қорин тўқ бўла туриб, устига яна таом ейиш, деган тавсиф ҳам бор, аммо у жуда зарарлидир. Ибн Журайждан ривоят қилинишича, ушбу оят ибн Қайс ибн Шаммос ҳақида нозил бўлган бўлиб, у боғдаги хурмосини териб олади ва бугун олдимга келган кишиларнинг ҳаммасига мевадан эҳсон қиламан, деди. Келган одамларнинг ҳаммасига мевадан бераверди. Кечга бормай ўзига мева қолмади. Шунда Аллоҳ таоло: “Исроф қилмангиз! Албатта, У исроф қилувчиларни севмайди”, - деган оятни нозил қилди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадисларининг бирида шундай деганлар: “Енглар, ичинглар, кийининглар ва садақа қилинглар, мақтанчоқлик қилмаган ҳолда”. (Имом Бухорий ривояти).

Биз ўзбек халқи меҳмондўст, хайру саховатли, қўли очиқ  халқмиз. Шунинг учун  хилма-хил маросиму тадбирларимизнинг сони кўп. Ақиқа тўйи, никоҳ, ҳовли тўйи, мотамга оид маросимларнинг ҳам бир неча турлари мавжуд. Албатта бундай маросимларнинг пайдо бўлиши ва амалга оширилишидан кўзланган мақсад аввало, қавму қариндош, қўни-қўшни ва ёру қадрдонлар билан дийдорлашиш, етим-есирнинг кўнглини олиш, муҳтожу фақирларга таом улашиш орқали Аллоҳ таолонинг савобига ноил бўлишдир. Аммо зинҳор ушбу тадбирларда исрофгарчилик, манманлик ва риёкорликка ўтмаслик керак бўлади. Акс ҳолда эҳсон қилиб савоб олиш ўрнига оғир гуноҳга қолинади. Уламолар исрофга йўл қўядиган кишиларнинг ҳолатларини таҳлил қилиш орқали исрофга сабаб бўладиган омилларни исрофгарчиликнинг зарарли оқибат ва асоратлари, исрофгарчиликдан қутулиш йўлларини аниқлаганлар:

1.Аввало жамият ўчоғи бўлмиш оилада фарзандларни сабрли ва қаноатли қилиб тарбиялаш ўрнига, улар томонидан бўладиган барча тадбирларни меъёридан ошириб таъминлаб бориш.

2.Маишатпараст, дунё-параст кишилар билан улфат ва суҳбатдош бўлиш, уларнинг ҳолатларидан таъсирланиш.

3.Нафснинг хоҳиш-истакларига сўзсиз итоат этиш:

- ҳар ишда Аллоҳ таоло буюрган исрофгарчиликдан ўзни сақлаш;

- Дунёдаги фақир ва мискинлар уйсиз-жойсиз, оч-наҳор юрган халқларнинг ҳолатини кўз олдига келтириш;

- оила ва фарзандларни сабр ва қаноат каби гўзал фазилатлар соҳиби қилиб тарбиялаш.

Аллоҳ таоло ҳаётимиз ва ризқимизни фаровон айлаб, исрофгарчиликка йўл қўйишдан ва унинг балоларидан ўз паноҳида асрасин.

 

Муаллиф: Раҳматуллоҳ ҚУРБОНОВ – Оқдарё туман “Билол” жоме масжиди имом хатиби 


Киритилган вақти: 25/09/2019 16:58;   Кўрилганлиги: 1312
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/isrofgarchilikdan-saqlanaylik
Чоп этилган вақт: 24/04/2024 08:55
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг