Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ИШИДнинг ботил даъволарига раддиялар туркмидан Кириш 1-мақола

 
 

Бугунги мусулмон жамиятларига хавф солиб турган хатарларнинг энг каттаси – бу, вақти-вақти билан намоён бўлиб турадиган динда ҳаддан ошишлик тўлқинларидир. Мана шу ҳаддан ошишликнинг улкан хатарлари бир қанча ишларда мужассам бўлган. Улар:

– бу ғоя мухолиф томонни йиқитиш билан кифояланиб қолмасдан, балки уни кофир деб ҳукм қилишга, уни мусулмончилик доирасидан чиқариб юбориш ва бу билан унинг қонини тўкишни, молини ўзлаштириб олишни ҳамда ор-номусини поймол қилишни ҳалол санашга интилади. Оқибатда жамият ичида вайронкор-лик, қўпорувчилик ва одам ўлдиришлар кенг авж олади.

– динни обрўсизлантириш, унинг аҳком-ларини бузиб талқин қилиш, одамларни тўғри йўлдан уриб, залолатга бошлаш ва ҳар хил шубҳаларни тарқатиш.

– дин душманларининг бундай вазиятлар-ни қулай билиб, ўз фойдаларига ишлатишлари.

– мусулмон умматини ўзининг асл мақса-дидан чалғитиб юбориш, унинг тараққиётига тўсқинлик қилиш ҳамда душманлар қаршисида кучсиз қилиб қўйиш.

Ушбу – “ИШИДнинг ботил даъволари ва уларга раддиялар” китоби динда ҳаддан ошиб кетганлар, айниқса, ИШИДчиларнинг шаръий ва ақидавий даъволаридан энг асосийларини муҳокама қилган ҳолда улар кўтариб чиқаётган ботил даъволар ва оғишишларга жавоб тари-қасида, уларнинг бузуқ ғояларини тушунтириб бериш ва уларнинг бўҳтонларига кераклича раддия қайтариш учун ёзилди. Токи, уларнинг жарангдор ва қуруқдан-қуруқ ботил даъволарига рўбарў келинганда бу китобни ўқиганлар уларга алданиб қолиш ўрнига керакли жавобни бера олсинлар.

Шу ўринда диққатни қаратиш керак бўлган бир қанча масалалар ҳам бор:

  1. ИШИД террористик ташкилоти динда ғулувга (диний таълимотларда чегарадан чиқиб) кетган илк тоифа эмас ва асло энг сўнгги тоифа бўлиб ҳам қола олмайди. Бу ташкилотнинг заволга юз тутиши ёки жилови-нинг тортиб қўйилиши бу тоифа тарафидан тарғиб қилинган ғоялар, даъволар ва шубҳалар ҳам унга қўшилиб йўқ бўлиб кетади ёки ниҳоясига етади дегани эмас. Зеро, тоифалар ва гуруҳлар заволга юз тутсалар-да, ғоялар, –агарчи уларда бир оз ўзгариш ёки ривожланиш пайдо бўлса ҳам, – бутунлай завол топмайди. Бу нарса диннинг тўғри аҳкомларини одамлар-га тушунтириб бериш, келажак авлодларни ўша аҳкомлар асосида тарбия қилиб бориш ҳамда ана шу оғишишлар қаршисида уларни ҳимоя қилиш йўлида доимий равишда куч сарфлаш лозимлигини талаб қилади.
  2. Диннинг кўп соҳалари ва масала-ларини ўзига қамраб олиши учун ҳам динда ғулувга кетганларнинг асоси йўқ шубҳалари ҳамда фириблари тобора кенг ёйилиб бормоқда. Зотан, улар сўнгги йиллар давомида турли хил адабиётлар ва фатволар орқали ана шундай шубҳа ва фирибларни кенг тарқатиш йўлида катта меҳнат ва қувватларини сарф қилиб юбор-дилар. Динни ҳимоя қилиш ва мусулмон ёшларни ундай кимсаларнинг тузоқларига или-ниб қолишларининг олдини олиш мақсадида уларнинг залолатга кетган эканликларини, тутган йўллари ҳеч бир томондан ислом динига тўғри келмаслигини, ҳеч бир мусулмон олими уларнинг бу ишлари ва йўлларини оқламаётган эканлигини, аксинча, бутун дунё ислом уламо-лари уларга нисбатан ўз эътирозларини ва норозиликларини билдириб келаётганлик-ларини ана шу кексаю ёш мусулмонларга етказиб бериш долзарб масалалардан биридир.[1]

Биз юртимиз мусулмонларини, айниқса, ёшларимизни ИШИД тимсолида барча бузғунчи ғоялар ва ёт ақидалар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш мақсадида “ИШИДнинг ботил даъволарига раддиялар” номи остида туркум мақолалар бериб боришни ўзимизнинг юксак вазифамиз деб билдик. Бу мақолаларда имкон қадар аниқ далилларни келтиришга ҳаракат қилдик, токи уни ўқиган кишиларда Аҳли сунна вал жамоа ақидасига зид бўлган эътиқодлар, қарашлар ва ғояларга қарши иммунитет пайдо бўлсин.

Мақолаларни тайёрлашда етук ислом олими Имодуддин Хийтийнинг “Шубуҳаату танзимид давлати вар родду ъалайҳаа” номли китобидан кенг фойдаландик. Чунки, бу олим ўша низоли ҳудудлардан бири бўлмиш Сурияда туғилиб вояга етган ва айни вақтда Саудия арабистонида яшаб фаолият олиб бормоқда. Бу эса, бизга ИШИД террористик ташкилоти ва унга ўхшаган бошқа бузғунчи ғоялар тарафдорлари ҳақида тўлиқроқ маълумотларни тақдим қилади.

Аллоҳ таоло бу йўлдаги қадамимизни баракотли қилган бўлсин.

Алоуддин Ҳофий

 

[1] Бу хусусда кенгроқ маълумотга эга бўлиш учун Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Очиқ хат” ҳамда Ўзбекистон мусулмонлар идораси тарафидан тайёрланган  “Дунё уламоларининг мурожаати” номли китобларини олиб ўқишни тавсия қиламиз.


Киритилган вақти: 04/06/2020 09:45;   Кўрилганлиги: 1201
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/ishidning-botil-davolariga-raddiyalar-turkmidan-kirish-1-maqola
Чоп этилган вақт: 10/11/2024 20:03
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг