Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

ҲАР БИР ҲАҚ СОҲИБИГА ЎЗ ҲАҚИНИ БЕРИНГ!

 
 

Аёл кишининг биринчи вазифаси уй ишларини идора қилиш, оилага қараш, болаларни бошқариш, эрига яхши муомалада бўлишдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёл киши эрининг уйида бошлиқдир. У ўз қўл остидагиларга масъул”, деганлар. У оиласини бахтли даргоҳ, хушнуд гўшага айлантириши лозим. Бунинг учун ўз зиммасидаги вазифаларни, яхши билиши лозим бўлади.

Оиша онамиз айтдилар: " Аллоҳнинг Расулидан сўрадим: Аёл киши устида ҳақи энг буюк бўлган инсон кимдир? Айтдилар: Унинг  эри! Мен айтдим: Эркак кишининг устида  ҳақи энг буюк бўлган инсон кимдир? Айтдилар: Унинг онаси." Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: Аллоҳга қасамки, аёл эрининг ҳақини тўламагунча, Аллоҳнинг ҳақини адо эта олмайди” (Имом Муслим ва Аҳмад ривояти).

Афсуски, ҳаётда шундай ҳолатлар учраб турадики, баъзи аёллар эрининг буюрган вазифаларини ўз вақтида эмас, балки ўз билганича ало этадилар. Фарзандлари туғилгач эса у билан ҳамдард бўлган, меҳрибон эри борлигини унутиб қўяди, ўзининг дунёсини яратиб олади, ҳар бир ишни ўз билганича қилишга уринади ва барча меҳр-муҳаббатини фарзандларига беради. Эр эса аёл учун “Ишга бориб келувчи, уларнинг эҳтиёжи учун пул топиб келувчи аллаким!”га айланиб қолади. Ваҳоланки, йиллар ўтган сари эр-хотин ўртасидаги меҳр-муҳаббат улғайиб, оилавий муносабатлар мустаҳкамланиб бориши лозим.

Биз аёллар, эркак киши оиланинг бошлиғи ва устуни эканлигини асло унутмаслигимиз, фақат фарзандлар туғилгунча эмас, балки эрга бир умр эътибор, ҳурмат кўрсатишимиз лозим. Албатта, фарзандларимизнинг ҳам бизда ҳақлари бор. Бир тарафга меҳр кўрсатиш баҳонасида иккинчи тарафни четга суриб қўйиш тўғри эмас. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай буюрадилар: “Ҳар бир ҳақ соҳибига ўз ҳақини беринг!”. Аёл киши эрига озор бермаслиги, унга доимо яхши муомала қилиши шарт.

Аёл киши жуда кўп нарсаларга эътиборли бўлиши керак. Кўзимизга арзимас бўлиб кўринган баъзи нарсалар борки, уларга етарлича эътибор берилмаса оилавий ҳаётимизда кетма-кет хатолар юзага келиб, келишмовчиликлар содир бўлиши мумкин.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: “Мусулмон киши мусулмон биродарига табассум билан қараши ҳам садақадир” (Имом Термизий. Одоб, 36).

Шу боис эр ва хотин бир-бирига хўмрайиб қарашлари суннатга ҳам мувофиқ эмас. Ўзини чин мусулмон деб ҳисобловчи ҳар бир киши яқинларини хушнуд қилиш учун доим очиқ чеҳра билан муомала қилиши лозим.

Эркак киши ишдан келиши билан муаммоларни айтиш, бефаросатлик қилиш аёлнинг дилини ранжитади. Доно аёл эса эркакнинг ишдан қайтишини хурсандчилик билан кутиб олиб, чарчоғи чиқиб, овқатланиб бўлгач муаммоларни бомаслаҳат ҳал қилишни яхши билади. Балки иш ёки уй юмушларининг кўплигидан толиқиб ҳар куни тансиқ таом тайёрлай олмаслиги мумкиндир, аммо оддий таом билан ҳам даструхонни дид билан ўзгача кўринишга айлантира олиш фақатгина оқила ва зукко аёлнинг қўлидан келади.

Биз аёллар зериктирадиган бир хиллик эмас, балки турмуш ўртоғимизни ажаблантирадиган, завқлантирадиган совғалар ўйлаб топишни билишимиз керак.

 Н.Темирова – вилоят бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси


Киритилган вақти: 14/03/2023 18:30;   Кўрилганлиги: 235
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/har-bir-haq-sohibiga-oz-haqini-bering
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 11:24
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг