Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

БОҒУ БЎСТОНГА АЙЛАНАЁТГАН ЮРТ

 
 

Ислом дини доимо табиатни асрабавайлашга, наботот ва ҳайвонот оламини ҳимоя қилишга, Аллоҳ ато этган ҳар бир неъматдан оқилона фойдаланишга буюриб келган. Чунки нафас олиб турган тирик жон борки, унга азият етказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!” (Аъроф сураси, 56-оят).

Оламда яратилган барча нарсалар инсон манфаати учун хизмат қилади. Шу боис уларни асраб-авайлаш, зарар етказмаслик, боғу роғлар барпо этиш динимизнинг амри бўлиб, доимо кўчат ўтқазишга, экин-тикин ишларига тарғиб қилади. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ким бирор ўлик ерни тирилтирса, яъни обод этса, унга шунда ажр бордир. Шунингдек, ундан бирор жонзот еган нарсада унга садақа (савоби) бордир”, дедилар.

Биз ўтқазган кўчатлар ва ўсимликлар доимо Аллоҳга тасбеҳ айтиб туради. Бунга Қуръони каримдаги жуда кўп оятлар далолат қилади. Жумладан: “Осмонлардаги ва ердаги бор нарса подшоҳ пок, қудрат ва ҳикмат соҳиби бўлмиш Аллоҳга тасбеҳ айтур”, деб Аллоҳ таоло марҳамат қилди. Уларнинг айтган тасбеҳ ва зикрлари уларни эккан ва парвариш қилган кишиларнинг амаллар дафтарига ёзилади.

Шу кунларда бундай савобли ишлар юртимизда жадаллик билан олиб борилмоқда. Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эълон қилинди. Унга кўра, келгуси беш йилда 1 миллиард туп дарахт кўчат экиш мақсад қилинган. Мазкур лойиҳа доирасида ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатлар танланиб, уларни етиштириш учун кўчатхоналарни кўпайтириш йўлга қўйилмоқда.

Мазкур хайрли ташаббус доирасида шу йил 1 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг баёноти қабул қилинди. Баёнотда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида сўз юритилиб, динимиз таълимоти асосида барча юртдошларимизни ушбу тадбирда фаол иштирок этишга чақириш баробарида, қишлоқ-овуллармиз, маҳалла-кўйларимизни обод қилиш орқали юртимизни боғу бўстонга айлантириш назарда тутилган.

Ушбу савобли лойиҳада Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги ҳам муносиб иштирок этиб, ҳудудларда амалга оширилаётган кўкаламзорлаштириш ишларига бош-қош бўлмоқда. Вилоятдаги барча масжидлар ҳудудида яшил маконлар ташкил этиш ва кўчат экиш ишлари жадал давом этмоқда. Жумладан, Каттақўрғон тумани “Абдураҳмон ота” масжиди ҳудудида 3 200 дона мевали дарахтлар экилиб, мазкур боққа “Сўфи Оллоёр” номи берилди. Шунингдек, Пастдарғом туманида ҳам лойиҳа доирасида 1 000 туп мевали дарахт кўчати ўтқазилди ҳамда бу боғ “Эзгулик боғи” номи билан атала бошланди.

Пайариқ туманида жойлашган Имом Бухорий мажмуаси ёнида эса “Имом Бухорий авлодлари” номи билан янги боғ ташкил этилиб, 1600 туп мевали кўчатлар экилди. Боққа кўчат экиш тадбирида вилоятнинг диний соҳада фаолият юритаётган уч авлод вакиллари иштирок этиб, яратилаётган боғ ҳаёт фаровонлигига, халқимиз манфаат олишига, қолаверса, табиатнинг янада кўркам бўлишига муносиб хизмат қилишига умид ва дуолар қилдилар.

Шунингдек, Пайариқ тумани Янгиобод маҳалласи ҳудудида “Ҳиммат” боғини ташкил этишда Самарқанд шаҳар “Домла Камолиддин” масжиди имом-хатиби Исматулло Абсаломов катта ташаббус кўрсатди. Боғ учун ажратилган 5 га ер майдони атрофига 2 000 туп манзарали арча дарахти ҳамда 1 700 туп олма, нок, ўрик, гилос, узум ва шу каби кўчатлар экилди. Келгусида бу боғнинг меваларини эҳтиёжманд аҳолига тарқатиш мақсад қилинган.

Шунингдек, туман ва шаҳар бош имомлари иштирокида маҳаллабай ва хонадонлар бўйича аҳоли билан учрашувлар ташкил қилиниб, кўчат экиш ишларининг аҳамияти тушунтирилмоқда. Натижада халқимизда ҳам бу эзгу ташаббусга бўлган қизиқиш ортиб, кўкаламзорлаштириш ишларида кўплаб юртдошларимиз фаол иштирок этмоқда. Қолаверса, имом-хатиблар ташаббуси билан маҳалла ва гузарлардаги бўш турган жойларга манзарали ва мевали дарахтлар экилаётгани ҳам кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда.

Қисқасини айтганда, шу кунга қадар Самарқанд вилоят вакиллиги жойлардаги масжид имом-хатиблари билан ҳамкорликда 10 000 тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экишга муваффақ бўлди. Бу хайрли амаллар шу кунларда ҳам давом этмоқда.

Келажакка бебаҳо сармоя тариқасида йўналтирилаётган бу эзгу ташаббус – “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш ҳамда инсон саломатлигини мустаҳкамлашдаги аҳамияти юксакдир. Шу боисдан муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда, бу ишлар бир йиллик ёки бир мавсумлик эмас, балки давомий бўлиши лозим. Бу хайрли амаллар бардавом бўлар экан, тез кунларда юртимиз боғу бўстонга айланади, иншааллоҳ.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Самарқанд вилояти бош имом-хатиби


Киритилган вақти: 30/05/2022 13:49;   Кўрилганлиги: 723
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/bogu-bostonga-aylanayotgan-yurt
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 10:30
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг