Ақидавий ва фиқҳий мазҳаблар
Умумисломий масалаларда мазҳаблар ўртасида катта фарқлар учрамаса-да, хусусий ҳолларда улар ўртасида муайян тафовутлар ва ўзига хос хусусиятлар учрайди.
Исломда илк даврда хорижийлик, шиалик ва суннийлик каби уч йирик йўналиш вужудга келди.
Хорижийлик йўналишининг 20 га яқин фирқалари манбаларда қайд этилган. Хорижийлар (арабча – “ал-хавориж” – ажралиб чиққанлар) бошқа йўналишлар орасида ўзининг кескинликка мойиллиги билан ажралиб турган. Улар орасида нисбатан мўътадили – ибодийлик ҳозирга қадар Шимолий Африка ва Жанубий Арабистон минтақаларида сақланиб қолган бўлиб, мутаассибликка мойил фирқалари тарихан қисқа давр ичида барҳам топган.
Шиалик ҳам жуда кўп фирқа ва мазҳабларга бўлинган. Шиаликка хос ақидалардан бири ҳазрат Алининг улуғланиши ҳамда у ва унинг авлодларининг Пайғамбар ишининг давомчилари деб ҳисобланишидир. Ҳозирги кунда Эрондаги асосий диний эътиқод ҳисобланувчи шиаликка дунё мусулмонларининг тахминан 7,5 фоизи мансуб.
Суннийлик дунё мусулмонларининг асосий қисми эътиқод қиладиган йўналиш бўлиб, унда иккита ақидавий – ашъарий ва мотуридийлик ҳамда 4 та фиқҳий – ҳанафийлик, шофиъийлик, моликийлик ва ҳанбалийлик мазҳаблари мавжуд. Суннийликдаги энг кенг тарқалган ва ақидавий жиҳатдан бағрикенгликка мойил мазҳаб ҳанафийликдир. Унга сунний мусулмонларнинг 49 фоизи эътиқод қилади.
Зайниддин Эшонқулов - ЎМИ Самарқанд вилоят вакили (манбалар асосида)
Киритилган вақти: 12/02/2020 16:27; Кўрилганлиги: 1506
Чоп этилган вақт: 09/10/2024 03:05