Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Долзарб мавзу

Ақидада адашишлик эса, энг катта фалокатдир.

 
 

Ақидатут Таҳовия асари мотуридийларда ҳам, ашъарийларда ҳам бир хил эътироф этиладиган мўътабар матнлардан экани соҳа мутахассисларига сир эмас. Иккала мазҳаб уламоларининг ҳам бу матнга шарҳ ёзганлари бунинг яққол исботидир. Ақидатут Таҳовия асарига элликта атрофида шарҳ ёзилган бўлса, Ақоидун Насафиянинг ўндан ортиқ шарҳлари бор. Бу шарҳларнинг айримлари ашъария мазҳаби уламолари томонидан ёзилган. Шунинг ўзи ҳам ушбу матннинг нақадар мўътабарлигига яна бир далилдир дейиш мумкин.

Шу ўринда: “Хўп, Ақидатут Таҳовияни ҳам, Ақоидун Насафияни ҳам мўътабар деб биламиз, лекин қайси бирини афзалроқ деб билишимиз керак”? деган савол пайдо бўладиган бўлса, жавоб қуйидагича бўлади: истеъмол қилинадиган дорининг афзаллиги кишининг ёши ва вазнига кўра фарқли бўлганидек, кишиларнинг илмий салоҳиятларига кўра бу матнларнинг афзаллиги ҳам фарқли бўлади.      

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Ақидатут Таҳовияда Аҳли сунна вал жамоанинг мусулмонлар ичидаги адашган оқимлардан ва исломга нисбат берилган фирқалардан фарқли бўлган эътиқодий қарашлари жамланган. Ақоидун Насафияда эса Аҳли сунна вал жамоанинг, хоссатан мотуридийларнинг эътиқодий қарашлари нима сабабли тўғри экани ҳамда номусулмонлар ва адашган оқимларнинг эътиқодлари нима учун нотўғри экани ҳақидаги нақлий ва ақлий далилларнинг хулосалари жамланган.

Шу маънода омма мусулмонларга тўғри эътиқодни осон тушунишлари учун Ақидатут Таҳовия матнини ўрганишлари тавсия этилса, соҳа мутахассисларига Ақидатут Таҳовия матни асосида Ақоидун Насафияни чуқур ўрганиш тавсия қилинади.

Юртимиз мустақилликка эришганидан сўнг ҳар соҳани забт этган алломаримиз тарихини ўрганишимизга имконият яратилди. Биз эса тафсир, ҳадис, калом, тасаввуф каби илмларни мукаммал эгаллаган алломалар, хусусан ўз юртимиздан чиққан аждодларимиз тарихини ўрганишга киришдик.

Жумладан, юқорида маълум даражада ўрганилган Абу Ҳафс Насафий ҳазратларининг Ақоид илмига оид китобларини мисол тариқасида келтиришимиз мумкин. Таҳовий ҳазратларининг ҳам Ақоида илми борасида биз авлодларга қолдирган бой илмий мероси биз ёшларга жуда катта дастурул амал бўлади десам муболаға бўлмайди.

Бугунги кунимизда кўплаб ақидада адашиб, ҳар хил оқимларга кириб кетаётган ёшларимизни бундай ҳалокатдан қутқариб қолишликка барчамиз масъулмиз. Шундай экан, буюк аждодларимиз мисли кўрилмаган чуққиларни забт этиб, бутун мусулмон оламига дастурул амал қилиб қолдирган соф исломий ақида асосидаги асарларини ўрганиб ёш авлоднинг онгига сингдиришимиз керак. Ақидада адашишлик эса, энг катта фалокатдир.

Тошкент ислом институтининг модуль таълим йўналиши 3 курс талабаси Рахмонов Абдулло


Киритилган вақти: 02/06/2022 09:44;   Кўрилганлиги: 724
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/actual/aqidada-adashishlik-esa-eng-katta-falokatdir
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 09:04
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг