Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

АБУЛАЙСИЙЛАРНИ БИЛАСИЗМИ?

 
 

Абу Лайс Самарқандий:

Самарқанд номини дунёга машҳур қилган буюк Самарқандийлар ҳақида сўз кетганда биз биринчилардан бўлиб Абу Лайс Самарқандий номини тилга оламиз.Алломанинг исми Наср ибни Муҳаммад бўлиб мелодий 910 йилда мусулмон дунёсининг илм-маърифат ўчоғи бўлган Самарқандда туғилган. Унинг номи Фақеҳ Абу Лайс тарзида ҳам машҳурликка эришган. Фақеҳ – барча исломий илмлар билимдони маъносида қўлланилади. АбуЛайс кунясига тўхталадиган бўлсак икки хил – Лайснинг отаси (олимнинг Лайс исмли ўғли бўлган) ёки арслон каби жасур (лайс арслон маъносида) маънони билдиради.

АбуЛайс Самарқандийни тарихий асарларда “имамул ҳуда” яъни хидоятга бошловчи имом деб аташган.Тарихда бу зотдан бошқа фақатгина буюк мутакаллим олим Абу Мансур Мотрудийгина шу ном билат аталгани маълум. Ўзбекистонлик исломшунос олимлардан У.Уватов ва А.Абдуллаевлар олимнинг илмий меросини ўрганишган ва бир нечта рисола ва мақолалар чоп эттиришган. Фақеҳ Абу Лайснинг хаёти асосан Марказий Осиёда: Самарқанд, Бухоро, Марв, Балх каби шаҳарларда ўтган.

Олим дастлабки сабоқларини ўз отасидан олган. Отаси Муҳаммад ибн Аҳмад ўз замонасининг олимларидан бўлиб, фақеҳ бир қанча асарларида ундан ҳадислар ривоят қилган. Унинг устозларининг барчаси Ханафий мазҳабининг пешқадам алломаларидир. Улардан:

Абу Жаъфар Ҳиндувоний ўз замонасининг машҳур олими. У Мовароуннаҳрда ҳадис илмини ёйган ва фатво бериш даражасига етган. Фиқҳ илмидаги юксак мақоми сабабли уни кичик Абу Ҳанифа деб аташган. У мелодий 972 йилда Бухорода вафот этган.

Халил ибн Ахмад Сижзий ҳам ўз замонасида пешқадам олимлардан эди. Мовароуннаҳр шаҳарларида қозилик ҳам қилган. Мелодий 988 йилда Самарқандда вафот этган.

Муҳаммад ибн Фазл Балхий ҳам ўша даврнинг машҳур ҳанафий олимларидан эди. У хам Фақеҳ Абу Лайсга устозлик қилган.

Тадқиқотчи А.Абдуллаевнинг ёзишича дунёдаги кўплаб кутубхоналарда Абу Лайс Самарқандий қаламига мансуб асарларнинг 400 дан зиёд қўлёзмаси сақланмокда.Олимнинг бизга маълум 40 дан зиёд асари бор. Улардан 22 таси фиқҳ, 13 таси дидактик, 2 таси тафсир, 4 таси ақида соҳасига бағишланган.

Албатта, алломанинг энг машҳур асари Куръон оятларининг мукаммал тафсиридир. У «Тафсиру Баҳрул улум» (Илмлар денгизи) деб номланган. Баъзи манбаларда «Тафсиру Аби Лайс» деб ҳам аталади. Ушбу тафсир мусулмон тафсиршунослиги тарихидаги энг дастлабки асарлардан биридир. Дунё кутубхоналарида унинг 77 та қўлёзма нусхаси мавжуд. Улардан 2 таси Миср Араб Ресбубликаси, 1 таси Эдинбург кутубхонасида, яна бири ЎзР ФА Шарқшунослик институда 2824 – ашёвий рақам билан сақланади. Уша давр илмий муҳити тақозосига кўра Абу Лайс Самарқандий ҳам аҳли сунна эътиқодини ҳимоя қилиш ва турли адашган оқимлар даъволарига раддиялар ёзиш билан шуғулланган. Унинг тафсирида ҳам эътиқодий карашларга катта эътибор берилган.Ушбу асар тадқиқоти устида Тошкент Ислом Университети доценти А.Абдуллаев номзодлик ишини муваффақиятли химоя килди.

Фақеҳ Абу Лайс ўзининг маънавий устози имом Абу Ханифа қаламига мансуб аҳли сунна вал жамоа эътиқоди асослаб берилган «Фиқҳул абсат» асарига мукаммал шарҳ ёзган.

Олим ҳанафий мазҳаби фиқҳига оид «Навозил», «Хизонатул фиқҳ», «Уюнул масоил», «Муқаддимату фис солат» каби бир канча асарлар ёзган. Эътиборли томони шундаки Абу Лайс Самарқандий тарихда биринчи бўлиб ўзидан олдин ўтган Абу Ҳанифа, Муҳаммад ибн Хасан каби ҳанафий мазҳаби пешволарининг фатволарини жамлаб китоб холатига келтирган.

Олимнинг ахлоқ-одоб мавзусига бағишланган «Танбеҳул ғофилийн» ва «Бўстонул орифийн» асарлари ниҳоятда машҳур. Бу икки асар мустақиллик йилларида ўзбек тилига таржима килиниб нашрдан чиқди. «Бустонул орифийн» асарида пайғамбарлар, саҳобалар ва уммавий, аббосий халифалар тарихига оид қимматли маълумотлар мавжуд.

Фақеҳ Абу Лайс муҳаддис ҳам бўлганки ўз тафсирида ва «Танбеҳул ғофилийн» асарида бир қанча муҳаддислардан ҳадислар ривоят қилган. Манбаларда келтирилишича олим 100 минг ҳадисни ёд билган.

«Хидоя», «Шарҳул виқоя», «Фатово Оламгирия» каби барча фиқҳий асарларда Абу Лайс Самарқандийнинг юзлаб фатволарини топишингиз мумкин.

Фақеҳ Абу Лайс ўз даврида яшаган бошқа икки Самарқандлик буюк калом илми намояндалари Абу Мансур Мотрудий ва Абул Қосим Ҳаким Самарқандийлар каторида Имом Аъзам асослаган аҳли сунна эътиқодини ҳимоя килиш ва уни Ўрта Осиёда тарқатишда ўзининг катта ҳиссасини қўшди.

Тарихий асарларда айтилишича Самарқанддаги машҳур Чокардиза қабристони аслида Абу Лайс Самарқандийнинг боғи бўлган. Олим мелодий 985-йилда вафот этганда ўз боғининг жануби-ғарбида ҳозирги Фақеҳ Абу Лайс жоме масжиди ёнида дафн этилган.


Киритилган вақти: 04/08/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2985
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/abulaysiylarni-bilasizmi
Чоп этилган вақт: 01/12/2024 22:31
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг