Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу
Ислом тарихидан маълумки, саодат асрининг энг буюк зотларидан, саховат жиҳатидан энг пешқадамлардан, жаннат башорати берилган саҳобалардан бири Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудир. Ушбу саҳобаи киром Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам билан доим бирга бўлганлар.
Мазкур саҳобий исломга биринчилардан бўлиб кирган саккизта кишидан биридир. Жоҳилиятдаги исми Абдуамр бўлган бўлиб, исломга киргач Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам у кишини Абдурроҳман деб чақирганлар.
Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу озгина ишлаб, уйлангач Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларга бир хушбўйлик кўтариб келдилар. Шунда у Зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Тинчликми?» деб сўрадилар. Шунда у киши: «Уйландим» деб жавоб бердилар. «Маҳрга нима бердинг?» дея сўрадилар Расуллуллоҳ саллоллоҳу саллоҳу алайҳи васаллам «Бир данак миқдорида олтин» деди. «Унда бир қўй сўйиб бўлсада тўй қилгин. Аллоҳ сенинг молинга барака берсин» деб дуо қилдлар.
Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу Расулулоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қилган дуоларидан сўнг бойиб кетдилар. У киши бу ҳақда: «Шундан сўнг дунё мен томон интиладиган бўлди. Агар бирор тошни кўтарадиган бўлсам ё олтин ё кумуш топар эдим» деганлар.
Ушбу киши кўплаб ғазотларга қатнашганлар. Бадр куни Абдурроҳман ибн Авф Аллоҳ йўлида жидду-жаҳд қилиб Аллоҳнинг душманларидан бири Умайр ибн Усмон ибн Каъб Ат-Таймийни ҳалок қилди. Уҳуд кунида эса одамларнинг ортга қочишига қарамасдан, мустаҳкам қадам билан туриб жанг қилиб, жангдан йигирмадан ортиқ жароҳат билан чиқди. Энг чуқур олган жароҳатига инсон қўли қийналмасдан кириб чиқарди. У кишининг урушга йўллаган маблағлари ҳам етарлича. Бир куни Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам қўшин юборишни ирода қилиб, саҳобаларга «Садақа қилинглар. Чунки мен қўшин юбормоқчиман» дедилар. Шунда Абдурроҳман ибн Авф уйига тез бориб, қайтиб келди ва шудай деди: «Ё, Расулуллоҳ менинг 4000 динорим бор. Шундан 2000 динорини Аллоҳга қарзга бердим, қолганини эса оиламга қолдирдим.» Шунда Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам у кишини «Берган нарсангда Аллоҳ сенга барака берсин. Олиб қолган нарсангда ҳам Аллоҳ барака берсин» деб дуо қилдилар.
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам сўнги ғазотлари бўлмиш Табук ғазотини ташкил қилишни бошлаган эдилар. Кишиларни ҳожатини қондирадиган етарли мол йўқ эди. Ўша йили Мадинада қурғоқчилик келганди. Устига-устак Рум аскарларининг сони кўп кишини ташкил этарди. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам инсонлари садақа қилишга чорладилар. Булар ичида энг пешқадами Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу эдилар. У киши 200 уқийя олтин (4000 дирҳамга тенг)ни садақа қилдиллар. Шунда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Набий саллоллоҳу алайҳи васалламга «Мен Абдурроҳманни гуноҳ қилиб қўябдимикан деб қўрқаман. Аҳли оиласига ҳеч нарса қолдирмабди», дедилар. Расули акрам саллолоҳу алайҳи васаллам «Эй Абдурроҳман Аҳлингга бирон нарса қолдирдингми?» деб сўрадилар. «Ҳа, ё Расулуллоҳ. Мен уларга инфоқ қилганимдан кўра кўпроқ ва яхшироғини қолдирдим» дедилар. «Қанча?» деди Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам. «Аллоҳ ва Унинг Расули ваъда қилган ризқ, яхшилик ва ажрни» деб жавоб бердилар.
Табук ғазотига аскарлар йўл олдилар. У ерда Аллоҳ таоло мусулмонлардан бирортасини икром қилмаган нарсаси билан Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳуни икром қилди. Намоз вақти кириб қолган эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам кўринмай қолдилар. Шунда мусулмонларга Абдурроҳман ибн Авф имомлик қилдилар. Биринчи ракаът тамомига етмай Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам етиб келдилар ва у кишига иқтидо қилиб намоз ўқидилар.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу мўминларнинг оналарига моддий жиҳатдан кўмак берадиган бўлдилар.
Бир куни бу кишининг 700 та туядан иборат карвонлари Мадинага кириб кела бошлади. Бу туяларнинг ҳар бири устида озиқ-овқат, матолар ва инсонларга зарур бўлган нарсалар бор эди. Бу карвоннинг овози бутун шаҳарни ларзага келтирди. Мўминларнинг онаси Оиша розияллоҳу анҳо «Бу қанақа шовқин?» дедилар. «Абдурроҳман ибн Авфнинг карвони» дейишди. Шунда Оиша онамиз «Аллоҳ унга берган нарсасида барака берсин. Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг: “Абдурроҳман ибн Авф жаннатга эмаклаб киради” деганларини эшитганман» дедилар. Бу хабар ҳали Мадинага кириб улгурмаган Абдурроҳман ибн Авф розиялоҳу анҳуга етиб борди. Бу хабарни эшитгач, шошилганича Оиша онамизнинг олдиларига келдилар. «Эй, мўминларнинг онаси бу ҳушхабарни сиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан эшитганмисиз» деганча юриб келди. «Ҳа» деб жавоб бердилар. «Агар қодир бўлганимда у ерга тик туриб кирар эдим. Гувоҳ бўлинг, мана бу карвон устидаги юклари билан остидаги туялари барчаси Аллоҳ йўлида ушбу шаҳарнинг камбағал ва етим-есирларига» дедилар. Кейин яна 400000 дирҳам кумуш ва 40000 динор олтинни эҳсон қилиб юбордилар. Сўнг яна 200 уқийя олтинни садақа қилдилар.
Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу вафотлари яқинлашгач жуда кўп қулларни озод қилиб юборди. Бадр кунида қатнашганлардан тирик қолган 100 кишининг ҳар бирига 400 динордан васият қилди. Қилган ишларидан энг улуғи мўминларниг оналарига жуда кўп бойликларни қолдиришидир.
Жуда кўп бойлиги бўлишига қарамасдан Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу дунёга берилмади балки охиратини обод қилиш йўлида юрди. Ҳаёти давомида кўплаб яхшиликларга қўл урди. Бу яхшиликларни барчасини мукофотини у киши олдиндан олган эди, яъни жаннат ваъдасини! Аллоҳ барча саҳобайи киромлардан рози бўлсин!
Киритилган вақти: 09/11/2017 00:00; Кўрилганлиги: 3170
Чоп этилган вақт: 01/12/2024 21:44