Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Буюк алломалар

Сиҳоҳи ситта. 1-қисм. Имом Бухорий

 
 

Давр машаққатларига қарамасдан ҳаётларини илм-маърифатга боғлаган, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзларини тўғрилигича жамлаган, илм йўлида золимларга бўйин эгмаган, ўзларидан кейин бой меросларни қолдирган буюк муҳаддислар билан танишамиз. Уларнинг аввалгиси Имом ал-Бухорийдир.

У зот Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Бардизба Жуъфий Бухорийдир.

Имом Бухорийнинг катта бобоси Муғийра Бухоронинг волийси Ямон Жуъфийнинг қўлида исломга кирган. Шунинг учун Жуъфий деб нисбат берилган (буни вилоят, мавло дейилади).

Имом Бухорий ҳижрий 194 йилда Бухоро шаҳрида туғилди. Етим бўлиб ўсдилар. Ўн ёшга етмай ҳадис ёдлашга киришдилар. 16 ёшларида оналари ва акаси билан Маккага сафар қилдилар ва ҳаж фарзини адо этдилар. Ҳадис, усул ва фиқҳ уламоларидан илм олиш мақсадида бир мунча вақт Маккада қолдилар. Айни мақсадда 16 йил давомида илм билан машҳур бўлган Ислом диёридаги шаҳарларнинг биридан бошқасига кўчиб, ўтиб юрдилар. Бу йилларда илм билан машҳур бўлган шаҳарларнинг кўпини айланиб чикдилар.

Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини тўпладилар. Ҳатто йиққан хадислари 600 000 дан ошиб кетди. Минг муҳаддисга мурожаат қилиб бу ҳадислар тўғрисида музокара олиб бордилар. Улар ростгўйлик, тақво ва дуруст ақида билан танилган зотлар эдилар.

Имом Бухорий ушбу катта миқдордаги ҳадислар ичидан ўзининг «Саҳиҳ» китобини саралаб ёздилар. Баҳс, текшириш, саҳиҳни носаҳиҳдан ажратиш ва ровийларни саралашда энг нозик илмий услубни қўллаб, ўзининг бу китобига энг саҳиҳ ҳадисларни жойладилар. Шундай бўлсада бу китоб барча саҳиҳ ҳадисни қамраб олмади. Бу китобни Расулуллох саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари, суннатлари ва айёмларидан иборат бўлган «Жомеъ Саҳиҳ Муснад» деб номладилар.

Бухоро амири фарзандларига таълим бериш, уларга ҳадис эшиттириш учун уйига Имом Бухорийнинг келишини хоҳлади. Бухорий ҳазратлари унамади ва «илмга келинади, илм бормайди», деб одам юборди. Яъни ким уламолардан илм олишни хоҳласа, масжид ва уйларда улар хузурига боради.

Шу сабаб амир имом Бухорийни ёмон кўриб, уни Бухородан чиқариб юборишга буйруқ берди. Самарқандга яқин Хартанг деган кишлокка кўчдилар. У ерда у кишининг қариндошлари бор эди. Шу ерда хижрий 256 йил, 62 ёшларида вафот этдилар. У кишини Аллоҳ раҳмат килсин.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакили ўринбосари, Хайруллоҳ Саттаров тайёрлади.


"Сиҳоҳи ситта" туркумидаги мақолалар

Сиҳоҳи ситта. 1-қисм. Имом Бухорий

Сиҳоҳи ситта. 2-қисм. Имом Муслим

Сиҳоҳи ситта. 3-қисм. Имом Абу Довуд

Сиҳоҳи ситта. 4-қисм. Имом Термизий

Сиҳоҳи ситта. 5-қисм. Имом Насоий

Сиҳоҳи ситта. 6-қисм. Имом Ибн Можа


Киритилган вақти: 27/07/2019 19:37;   Кўрилганлиги: 2865
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/reference/scholars/sihohi-sitta-1-qism
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 22:41
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг