Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Учрашувлар, семинарлар, брифинглар

Самарқандда Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий меросига бағишланган тарғибот тадбирлари бошланди

 
 

Шонли тарихимиздан маълумки, Мовароуннаҳрдан нафақат ислом цивилизацияси, балки жаҳон илм-фани тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган кўплаб буюк шахслар етишиб чиққан ва самарали ижод қилган. Ана шундай алломалардан бири буюк мутафаккир, калом илмининг асосчиси Имом Абу Мансур Мотуридийдир. Аввал хабар берилганидек, Аллома таваллудининг 1150 йиллиги муносабати билан жорий йил 3-5 март кунлари Самарқандда “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро анжуман ўтказилиши режалаштирилган. Айни кунларда вилоятда мазкур анжуманга қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ва вилоятдаги олий таълим муассасалари ҳамкорлигида Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий мероси тарғиботига бағишланган “ҳафталик” тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ҳафталик доирасида Самарқанддаги таълим муассасалари ва маҳаллаларда маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, унда Имом Мотуридий ҳаёти ва илмий мероси хусусида маърузалар қилинади. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан мутакаллимнинг хориждан олиб келинган асарлари тақдимоти ўтказилади.

Дастлабки тарғибот тадбири 11 февраль куни Самарқанд давлат университетида бўлиб ўтди. Унда Марказ илмий ходимлари, университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди, дея хабар бермоқда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати.

Истиқлол йилларида миллий қадрият, урф-одат ва анъаналаримизни тиклаш, улуғ алломалар меросини ўрганиш ишлари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Айниқса, сўнгги йилларда бу борадаги ишлар кўлами янада кенг қулоч ёйди. Юртимиздаги муқаддас қадамжолар таъмирланиб, ободонлаштирилмоқда. Янги илмий-тадқиқот муассасалари очилиб, мутафаккир алломларнинг илмий меросини чуқур ўрганиш ва тадқиқ этиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Бунда албатта, республика ва халқаро даражадаги илмий-амалий семинарлар ва конференциялар алоҳида аҳамият касб этади. Айни жиҳатлар тадбирда сўзга чиққанлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

– Марказнинг халқаро ҳамкорлик алоқалари натижасида 2019 йилда Миср Араб республикасидан Аллома қаламига мансуб қатор асарлар, яқинда эса, Туркиянинг Мармара университети Илоҳиёт факультетидан 18 жилдик “Таъвилотул Қуръон” асарининг турк тилидаги таржимаси олиб келинди. Бугунги тадбирда мазкур асарлар ва Марказ илмий ходимлари томонидан«Жаҳолатга қарши-маърифат» рукни остида нашр этилган“Самарқандлик алломалар”, “Алоуддин ал-Усмандий ас-Самарқандий”, “Иброҳим Саффор Бухорий”, “Имом Бухорий мажмуаси китоб-альбоми”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони” номли китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди. Тарғибот тадбирлари доирасида Марказ томонидан нашр этилган китоблар ҳадя қилинади. Мазкур асарлар орқали халқимиз, ёшлар ва илмий жамоатчилик вакиллари юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир ва алломлар ҳаёти ва илмий мероси, маърифий исломнинг асл инсонпарварлик тамойиллари ҳақида атрофлича маълумотларга эга бўлишади. Шу ўринда айтиш жоиз, айни кунларда Марказ илмий ходимлари томонидан Имом Мотуридийнинг “Таъвилотул Қуръон” асарини араб тилидан ўзбек тилига таржима қилиш ишлари олиб борилмоқда. Таржима ишлари якунлангач мазкур асар ҳам замонавий китоб ҳолида нашр этилиб китобхонлар оммасига тақдим этилади, дейди – Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов.

Тадбирда шунингдек, жорий йилнинг март ойида Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро анжуман ва унга тайёргарлик жараёнлари ҳақида ҳам маълумотлар берилди. Конференция мотуридийлик таълимотининг туб мазмун-моҳиятини очиб бериш, Имом Мотуридий меросини ўрганиш ва унинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Тарғибот тадбирлари давом этмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати


Киритилган вақти: 12/02/2020 17:27;   Кўрилганлиги: 1250
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/seminars-briefings/samarqandda-imom-moturidiy-hayoti-va-ilmiy-merosiga-bagishlangan-targibot-tadbirlari-boshlandi
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 23:09
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг