Каттақўрғон туманида Самарқанд вилояти туман ва шаҳар бош имом-хатибларининг навбатдаги сайёр йиғилиши бўлиб ўтди
10 март куни Каттақўрғон туманида Самарқанд вилояти туман ва шаҳар бош имом-хатибларининг навбатдаги сайёр йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Д.Мамадкулов, вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов, бош имом-хатиб ўринбосари Х.Саттаров ҳамда 16 нафар бош имом-хатиблар, Каттақўрғон туман ва Каттақўрғон шаҳар масжидларининг имом-хатиблари ва имом-ноиблари иштирок этди.
Кун тартибида йиғилиш қатнашчилари томонидан Каттақўрғон туман ва шаҳридаги масжидларнинг фаолиятини ўрганиш таҳлили, муборак рамозон ойига таёргарлик кўриш, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламига моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Сўзга чиққан нотиқлар бу каби сайёр йиғилишлар ва унинг доирасида ўтказиладиган тадбирлар, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имом-хатибларнинг меҳнат самарадорлигини ошиши, масжидларнинг фаолияти такомиллашишига хизмат қилишини таъкидладилар.
Ушбу сайёр йиғилиш доирасида куннинг биринчи ярмида имом-хатиблар 18 та гуруҳга бўлиниб, Каттақўрғон туман ва шаҳарда жойлашган 36 та масжидларнинг фаолияти билан танишдилар. Пешин намозида иштирок этиб, жамоат билан суҳбат уюштирилди ва ҳар бир масжид ҳудудида мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Бундан ташқари кам таъминланган, муаммоли хонадонлар, сафарда бўлиб қайтган ёки сафарга чиқиш арафасида турган шахслар, ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган фуқаролар билан учрашиб, улар билан суҳбатлар ташкил этилди, муҳтож оилаларга моддий ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек, 32 та таълим муассасаларида ўқувчи ёшлар билан учрашувлар ташкил қилинди. Тадбир иштирокчилари қабристонларнинг ҳолатини ўргандилар. Бозор, савдо шаҳобчаларида ҳам бўлиб, уларнинг фаолияти билан танишдилар.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги ахборот хизмати
Киритилган вақти: 11/03/2020 10:47; Кўрилганлиги: 1599
Чоп этилган вақт: 06/10/2024 19:53