“Ислом – тинчлик дини” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди
Самарқанд шаҳар “Хўжа абду Дарун” жоме масжиди имом хатиби Зафар Маҳмудов шаҳардаги “Тинчлик” маҳалласи фуқаролари билан “Ислом – тинчлик дини” мавзусида бўлиб ўтган давра суҳбатида иштирок этди. Самарқанд азалдан кўпмиллатли замин ҳисобланади. Айни пайтда вилоятимизда юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари аҳил ҳаёт кечирмоқда. Инсоннинг бахтли яшаши учун, энг аввало, эркинлик, тинчлик ва ижтимоий адолат муҳити лозим. Яратганга шукрки, эркимизни қўлга киритганмиз ва мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ҳукм сурмоқда.
Тадбирда сўзга чиққан З.Маҳмудов “Исломнинг маъноларидан бири – тинчлик. Исломда тинчлик инсон қалбидан бошланади. Сўнг қалбдаги бу тинчлик оилага кўчади. Ислом оила тинчлиги учун зарур бўлган барча чораларни ишга солади. Оиладаги тинчлик қариндош-уруғ, қўни-қўшнилар орасига кўчади. Сўнгра бу тинчлик жамиятга ўтади. Давлат миқёсидаги тинч яшашга эса жамият тинч бўлгандагина эришилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳобалар: “Мукаммал инсон ким?”, деб сўрашганда, у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тили ва қўли билан бошқаларга озор бермаган киши”, дея марҳамат қилганлар. Бошқа ҳадисларида ҳатто ҳидидан ҳам бошқалар озор топмаслигига буюрганлар”, -деди.
Шунингдек, давра суҳбатида Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ва жамоатчилик вакиллари ишитрок этди.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги
Киритилган вақти: 26/09/2019 13:59; Кўрилганлиги: 1413
Чоп этилган вақт: 12/12/2024 09:02