Гиёҳвандликка қарши курашиш ҳаммамизнинг бурчимиз
Самарқанд шаҳрида жойлашган Банк коллежида “ОИТС ва Гиёҳвандликка қарши курашиш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда “Хўжа Юсуф” масжиди имоми Нодирхон Маллаев иштирок этиб, ўқувчи ёшларни ОИТС ва гиёҳвандликнинг салбий оқибатларидан огоҳлантирди: “Ислом дини жорий бўла бошлагандан бери гиёҳвандликнинг ҳаром экани, уни ҳалол санайдиган киши кофир бўлиб қолиши айтилган ва барча уламолар шунга иттифоқ қилган. Уни истеьмол қилиш инсоннинг динига, ақлига, хулқига, табиатига зарар бўлади. Ибн Ҳожар роҳматуллоҳи алайҳ гиёҳвандлик етказадиган 120 хил зарарни санаганлар. .Шунингдек, гиёҳвандлик моддаларини ейиш, ичиш, ҳидлаш ва игна орқали қабул қилиш мутлақо ҳаром эканини таькидлашган. Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, ишлаб чикариш, уларнинг тижорати билан шуғулланиш оқибати бахтсизликдир. Уламолар гиёҳванд моддалар орқали қилинган касб ҳаромдир, уларни таьсири остида ўқилган намоз қабул эмас, улардан келган фойда ҳам ҳаром уни садақа ҳам қилиб бўлмайди, деганлар. Бу иллат оқибатида шифосиз касалликлар инсонда пайдо бўлади ва натижа ўлим билан якун бўлади. Аллоҳ таоло ато қилган ҳаёт неъматини хорлагани учун охиратда ҳам жазо муқаррардир”.
Албатта, келажак ворислари бўлган ёшлар билан бу каби тадбирларни тез-тез ўтказиб туриш фойдадан холи бўлмайди. Уларнинг тарбиясига бефарқ бўлсак, натижада ёшларнинг ҳаёти ва охирати барбод бўлиши мумкин. Бунда фарзандларимиз олдида ва Яратганнинг ҳузурида ўз вазифасини бажармаган, хиёнаткор сифатида айбдор бўлиб қоламиз. Аллоҳ барчамизни бундай ҳолатлардан Ўзи сақласин.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги
Киритилган вақти: 18/11/2019 12:44; Кўрилганлиги: 1406
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 14:32