Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Учрашувлар, семинарлар, брифинглар

Боланинг бегонаси бўлмайди

 
 

Мамлакатимизда ҳар бир бола ҳеч кимдан кам бўлмай таълим-тарбия олиши учун кенг шароитлар яратилган. Ҳар қандай миллатнинг равнақи, умумбашарият тарихида тутган ўрни, мавқеи ва шуҳрати бевосита фарзандларининг ақлий ва жисмоний етуклигига боғлиқ. Ҳеч ким она қорнидан ёмон хулқли, жиноятчи бўлиб туғилмайди. Қачон бола эътиборсиз ташлаб қўйилса, ёмонлик ичида ўсса, бадбахтликка юз тутади ва ҳалок бўлади. Бунда гуноҳ юки шу кўйга солганларнинг, ота-онанинг ва жамиятнинг зиммасига юкланади.

Самарқанд шаҳрида жойлашган 64-сонли алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаб интернатига “Оби Раҳмат” жоме масжиди имом хатиби Акмал ҳожи Маматов ва бир гуруҳ нуроний отахонлар ташриф буюрдилар. Улар мактаб интернатда тарбияланаётган ўқувчилар билан учрашиб, суҳбатлашдилар. “Бизнинг мақсадимиз битта, у ҳам бўлса мана шу болажонларни бахтли бўлиб, камолатга етишишларидир. Жамиятнинг шаклланиши, равнақ топишига хизмат қила оладиган шахс, ҳақиқий комил инсон ҳисобланади. Аллоҳ таолодан мана шу болажонлар келажакда ўз ўринларини топиб, жамиятга, ватанига, ота-онасига хизмат қиладиган инсонлар бўлиб вояга етишларини дуо қилиб сўраймиз. Муборак Рамазон ойи, ҳайит ва “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” байрамлари билан қутлаймиз”, - дея қалб сўзларини изҳор қилди А.Маматов.

Шундан сўнг мактаб тарбияланувчиларининг 110 нафарига рамазон туҳфаси тортиқ қилинди. Уларга масжид жамоаси, “Вақф” хайрия жамоат фондининг вилоят филиали ва саховатпеша ҳомийлар томонидан 110 дона кийим-кечак ва пойафзаллар тўплами, сочиқ, яхна ичимлаклар жами 8.920.000 сўмлик хайрия қилинди.

Боланинг қалби пок, нозик, содда ва ҳар қандай нақш ва суратдан холи гавҳардир. Унга қандай нақш солинса, шунга кўра шаклланади, эгган томонга эгилади. Агар уларга яхшилик ўргатилса ва улар яхшилик ичида вояга етса, бу уларнинг дунё ва охират саодатини топишида муҳим омил бўлади.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 25/05/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 706
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/seminars-briefings/bolaning-begonasi-bolmaydi
Чоп этилган вақт: 27/09/2021 06:23
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг