Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Учрашувлар, семинарлар, брифинглар

АЛ-БЕРУНИЙ БИЛИМ ЮРТИДА САМАРҚАНДЛИК ТАЛАБАЛАР БИЛАН УЧРАШУВ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

 
 

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакили Зайниддин домла Эшонқуловнинг ташаббуси билан йўлга қўйилган иш режа асосида Нукус шаҳридаги "Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний" ўрта-махсус ислом билим юртига Ўзбекистон мусулмонлар идораси Самарқанд вилояти вакили ўринбосари ҳамда Самарқанд туманидаги “Хўжа Ахрор Валий” жоме масжиди имом-хатиби Ёқубжон домла Мансуров ташриф буюрди.

Ташриф давомида ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи А.Ережепов, ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари С.Қудайбергенов ҳамда талабалар иштирокида давра суҳбати ташкил этилди. Ё.Мансуров Самарқанд вилоятидан мазкур илм даргоҳига келиб таҳсил олаётган талабалар билан яқиндан танишиб, дилдан суҳбатлашди. Ушбу давра суҳбатида Ёқубжон домла талаба ёшларга "Илм олишнинг фазли ҳамда вақт қадри" ҳақида маъруза қилиб бердилар. Шунингдек, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда Самарқанд вилоятидаги юқори малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш каби масалалар бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шундан сўнг, Ёқубжон домла Мансуров талабаларнинг ўқиш ва яшаш шароитлари билан танишиш мақсадида билим юртида яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди. Бу билим юртида яратилган кенг имкониятлар ва қулай шароитлар учун ушбу таълим муассасанинг мудири Ш.Баҳоуддинов ҳамда билим юрти раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдириб, бу имкониятлар катта неъмат эканлигини, бунинг қадрига етиш ва шукрини адо этиш учун талабаларга ихлос ва қунт билан ўқиш кераклигини таъкидлади.

Тадбирдан сўнг, билим юрти билан келгусида ҳам малакали кадрлар тайёрлашда ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича фикр алмашишди.