Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Зиёрат сайёҳлиги бошлаб юборилди

 
 

2017 йил 3 декабр куни Самарқанд шаҳрида юртимизда меҳмон бўлиб турган Доктор Насриддин Умар бошчилигидаги Индонезия давлати делегацияси билан вилоят масъуллари ўртасида зиёрат туризмини йўлга қўйиш ва ривожлантириш бўйича музокаралар ўтказилди.

Музокарада Самарқанд вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Восеев Мунис Гавҳарович ҳамда вилоят бош имом хатиби Эшонқулов Зайниддин Садриддинович қатнашди.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, Доктор Насриддин Умар Индонезиядаги 900 минг масжидни назорат қилувчи “Истиқлол” масжиди имом хатиби ва ўз навбатида мазкур масжид имом хатиби Президентнинг дин ишлари бўйича маслаҳатчиси ҳисобланади.

Музокора давомида Насриддин Умарга Индонизия турзм вазирининг турмуш ўртоғи ҳамроҳлик қилди.

Насриддин Умарнинг маълум қилишича, ҳар йили Индонезиядан 2 миллиондан ортиқ киши Умра зиёратига боради. Илгари Ироқ ва Сурия орқали амалга оширилган сафар, ушбу давлатлардаги нотинчликлар сабаб ҳозирда Туркия орқали амалга ошмоқда.

Меҳмоннинг таъкидлашича, юртимиздаги мавжуд шарт-шароитларни ҳисобга олганда Умрага Самарқанд орқали бориш кўп томонлама маъқул танловдир. Алломалар, буюк тарихий шахслар яшаб ўтган заминга келиб, зиёратларни амалга оширгач, Саудия Арабистонига учишни хоҳловчилар Индонезияда кўпчиликни ташкил этади.

Аҳамиятли масалалар муҳокама этилар экан Насриддин Умар сўзида қуйидагича давом этади:

“Мен ўйлайманки, Ўзбекистонга келиш биз учун фойдали ва ушбу заминда биз хоҳлайдиган нарсалар кўп. Ҳукуматингиздан Жагартадан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиб беришларини сўрайман. Шундай қилинадиган бўлса биз томондан келадиган туристлар оқими сезиларли даражада кўпаяди.

Биз Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги алоқаларнинг ривожланишидан манфаатдормиз. Чунки иккала давлатнинг мусулмон аҳолисининг деярли барчаси суннийлардир. Бизда 2000 дан ортиқ Имом Бухорий номи билан боғлиқ таълим йўналишлари бор. Ислом билим юртларида ашъарий, мотуридий йўналишлари бўйича билим берилади. Юртимизда Мотуридий ақидавий мазҳабига эътиқод қилувчилар 40 миллиондан ошади.”

Юртимиз мусулмонлари ҳозирда шу диёрдан етишиб чиққан олимлар тўплаган ҳадисларни ўрганяпди. Бундан ташқари нақшбандий таълимотига эргашадиганлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Уларни жуда ҳурмат қиламиз.

Биз юртингизда Индонезиядан келувчилар учун барча шарт-шароитлар муҳайё бўлишини хоҳлар эдик.

Бугунги кунда Индонезия халқи 250 миллиондан ошди ва уларнинг 90 фоизини мусулмонлар ташкил этади. Агар 2 миллион нафар умрага борувчиларнинг 50 фоизини Ўзбекистон орқали олиб ўтишга эришилса, туризмни ривожланиши учун жуда катта ўзгариш бўларди. Халқимиз улуғ зотлар ҳоки қўним топган замин ҳавосидан баҳраманд бўлиб, улуғ сафарга отланиш бахтига муяссар бўлар эдилар.

Яхши биламизки, Ўзбекистонда тинчлик-осойишталик ҳукмрон. Тартиб-интизом, қонун-қоидалар яхши йўлга қўйилган, терроризм хавфи паст даражада. Ушбу омиллар сабаб юртингизга бўлган қизиқишимиз тобора ортиб бормоқда”.

Ўз навбатида вилоят масъуллари ҳам Индонезия билан ҳамкорликни ривожлантириш кўп томонлама манфаатли бўлиши, Насриддин Умарнинг фикр ва мулоҳазалари, таклифлари инобатга олиниши ва шарт шароитлар такомиллаштирилишини маълум қилдилар.

Музокара якунида Ўзбекистон томон тез орада Индонезияга ташриф режалаштирилаётгани ва борилганда Ўзбекистон, хусусан Самарқандни оммавий ахборот воситалари, айниқса телевидения орқали индонезияликларга таништиришда амалий ёрдам кўрсатилишини сўради ва делегация вакиллари бунга ижобий муносабат билдирдилар.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 03/12/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2308
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/ziyorat-sayyohligi-boshlab-yuborildi
Чоп этилган вақт: 14/12/2024 12:01
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг