Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Йил якуни: сарҳисоб ва режалар

 
 

Яна бир йил ниҳоясига етди. Кўплаб режалар, мақсадлар, орзу-умидлар билан бошланган 2018 йил ютуқ ва муваффақиятлари, ўз ўрнида камчиликлари билан тарих зарварақларидан жой олди.

“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Ўзбекистон мусулмонлари идораси учун шунинг замирида Самарқанд вилояти вакиллиги учун ўта сермаҳсул йил бўлди. Ушбу йилда олдимизга қўйган кўплаб мақсадларимизга эришдик.

Диний идорамиз мусулмон олами ичида янада кўпроқ обрў-эътиборга эришди. Буни муфтий ҳазратларининг дунёдаги энг машҳур 500 мусулмон рўйхатига киритилганлари, шунингдек, муфтий ҳазрат бошчилигидаги диний идорамиз делегацияларининг Франция, Испания, Россия каби давлатларда бўлиб ўтган халқаро анжуманларда иштирок этиши ҳам таъкидлаб турибди.

Халқаро ислом академияси таъсис этилиши, Халқаро Ислом цивилизация маркази, “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилиши, Ҳадис илми мактаби номли олий диний таълим муассаси иш бошлагани юртимизда динимиз ривожи ва халқимизни ижтимоий қўллаб-қувватлашдаги жуда катта қадамлардан бири бўлди.

Йиғилиш ва учрашувларнинг видое-семинар шаклда ўтказилиши ҳам тизимдаги муҳим янгиликлардан бири бўлди ва юртимиз бўйлаб барча диний соҳа вакилларини бир маърифат дастурхони устида бирлаштириш имконияти яратилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги муваффақиятлар ҳақида янада кўплаб рақамларни келтиришимиз мумкин.

Бизнинг Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоят вакиллигида ҳам йил давомида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Биз йил давомида аҳоли турмуш тарзини ўтказиш, жамият орасидаги иллатларга қарши курашиш, ижтимоий, маънавий-руҳий жиҳатдан халқимизни қўллаб-қувватлаш ишларига катта эътибор қаратдик.

Саъй-ҳаракатимиз натижаси ўлароқ, ўтган давр мобайнида имом хатиблар томонидан 13500 дан зиёд хонадон ўрганилди. Жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича 6127та тадбир амалга оширилди.

ИИБ махсус ҳисобидан чиқарилган фуқаролар билан 2000дан зиёд якка тартибдаги суҳбатлар ўтказилган.

Ўрганишлар давомида аҳолининг муҳтож қатламига 308312900(уч юз саккиз миллион уч юз ўн икки минг тўққиз юз) сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилган.

Амалга оширилган маънавий-маърифий тадбирлар эса 8125 тани ташкил этади.

Шаҳар ва туман бош имом хатиблари билан ўтказаётган йиғилишларимизни сайёр шаклларда ҳам ўтказиб келмоқдамиз. Бу ўз навбатида жойлардаги масжидларнинг мавжуд ҳолатини ўрганиш ва камчиликларни бартараф этишда яхши натижалар бермоқда.

ФҲДЁ бўлимларида оила қуриш мақсадида ариза билан мурожаат қилган ёшлар ва ёш оила қурганлар билан 138 марта учрашувлар ўтказилган.

Жойларда маҳалла муллалари мақомидаги кишилар отинойилар фаолияти тартибга олинди.

Имом-хатибларнинг билим савиясини ошириш, касбий маҳорат ва дунёқарашини кенгайтириш мақсадида 2 марта ўқув-семинарлар ташкил этилди. Ҳар ҳафтанинг пайшанба куни ўтказилаётган “маънавият соати” ўқув-машғулотлари ҳам имом-хатибларимиз фаолиятининг муҳим бир бўлагига айланиб улгурди. Машғулотларни намунавий тарзда ўтказиш йўлга қўйилиб, имом-хатибларнинг ижод аҳллари билан учрашувлари ташкил этилди.

Вилоятда Калом ва Ҳадис мактаблари фаолият юритиб келмоқда.

"Энг маърифатли имом – 2018" кўрик танловининг вилотимиз босқичи ғолиби, республика босқичида шарафимизни ҳимоя қилган Қўшработ туманидаги "Домло Омонулло" жоме масжиди имом хатиби Ғанижон Абиев гарчи, совринли ўринларни қўлга кирита олмаган бўлсада, чиқишлари муносиб эътироф этилиб, "Энг инновацион ёндашув" номинацияси бўйича тақдирланди.

Республикамиз бўйича "Энг кўп обуна уюштирган имом" номинациясига Пастдарғом туманидаги "Нурул Ислом" жоме масжиди имом-хатиби Озод Назаров эга чиқди.

2019 йил обунасини ташкил этишда ҳам ҳозирда вилоятлар ичида 3-ўринда кетмоқдамиз.

Йил бошидан бери 3 та масжид қайтадан қурилиб, намозхонлар ихтиёрига топширилди. Янгидан қурилган таҳоратхоналар эса 7 тани ташкил этади. 8 та масжид капитал таъмирдан чиқарилди. Ҳозирда 25 масжидда турли ҳажмда таъмирлаш ишлари олиб бориляпти.

Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган "Обод қишлоқ" дастури доирасида Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги қабристон ичида қолиб кетган “Жом ота” масжидини Қарши-Самарқанд трассаси ёнига кўчирилди ва йирик ҳажмдаги қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

Вилоятимиз масжидларида ёрдамчи хўжалик сифатида 14 та китоб дўкони ташкил этилди.

Йил бошидан бери имом хатиблар томонидан оммавий ахборот воситаларида 600 га яқин чиқишлар қилинган.

Келгуси йилда ҳам янада самарали фаолият юритиш олдимиздаги энг олий мақсадимиз бўлиб, бу борада истиқболли режаларни амалга оширишни кўзламоқдамиз.

28 декабр куни Президентимиз парламентга қилган мурожаатида 2019 йилга "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили" деб ном берилганини эълон қилдилар.

Бу номни ҳар бир соҳа ўзига мос равишда фаолиятига тадбиқ этмоғи керак. Биз бу йилда масжидлар ҳолати ва имом хатиблар фаолиятини такомиллаштирамиз.

Демак, 2019 йилда:

- таъмирга муҳтож масжидларни тўлиқ таъмирдан чиқариш;

- атрофи деъвор билан ўралмаган масжидларни девор билан ўраш;

- барча масжидлар кириш қисмига масжид номи ёзилган пештахта ўрнатиш;

- барча масжидларнинг таҳоратхоналарини замон талабларига мос ҳолатга келтириш;

- имом хатиб ва маъмурият хоналарини талаб даражасига олиб келиш;

- шаҳар ва туман марказий масжидларида тадбирлар учун "мажлислар зали" ташкил этиш (Пастдарғом тумани мисолида) каби ишлар амалга оширилади.

Радио ва телевидения учун интервью беришдаги бир хилликни йўқотиш мақсадида ҳар бир тумандан 2 ёки 3та имом хатиб тайёрлаб борилади ва интервью бериш ишларига жалб қилинади.

Шаҳар ва туман имом хатиблари орасидан тарғибот гуруҳлари шакллантирилади. Шу пайтгача саноқли имомларимиз ушбу ишга жалб этиб келинаётган эди. Янги йилдан эса тарғиботчи имомларимиз сафини кенгайтирамиз.

2019 йилнинг январь ва февраль ойларида китобхонлик ойлиги ўтказилади ва ҳар бир бир имомга 5 дона китоб берилади ва шу китоблар асосида танлов ўтказилади.

Янги йилда ҳам аҳолининг ижтимоий ҳаётини ўрганиш ишларига катта эътибор қаратамиз. Ижтимоий долзарб муаммолар, оилавий ажримларнинг олдини олиш, ноқонуний никоҳлар рўй беришига йўл қаймаслик ишларига жиддий ёндашамиз.

Бугун 2018 йил якунланди. Шунинг сабабидан ўтган бир йилимизга боқяпмиз, сарҳисоб қиляпмиз, ютуқларимиздан севиниб, камчиликларимиздан хулосалар чиқаряпмиз. Демак, кўриниб турганидек, бу сана эски йилнинг тугаши ва янги йилнинг кириб келишидаги чегарадир. кишини ўтган умрини сарҳисоб қилиш, қилган ишларини инсоф тарозисига тортиб кўришга ундовчи имкониятдир. Бу кунни эътиқодга боғлаш, хурофотлар қаторига қўйиш шунчаки, мантиқсизлик холос. Зеро, бизни сарҳисоб қилишга ундайдиган бу кундан оқилона фойдаланиш ҳақиқий мўъминларга хос сифат ҳисобланади. Шу ўринда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг: "Ҳисоб-китоб қилинишингиздан олдин ўзингизни ўзингиз ҳисоб-китоб қилинг. Амалларингиз тортилишидан олдин ўзингиз тортинг", деган сўзларини эслаш ўта ўринли бўлади.

Янги йилда ғайрат ва шижоат, меҳнат, садоқат ила биргаликда дин ва халқ хизматида олий марраларни забт этишимизда Аллоҳ таоло барчамизга мададкор бўлсин.

Зайнидддин домла Эшонқулов,

Самарқанд вилояти бош имом хатиби


Киритилган вақти: 31/12/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1487
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/yil-yakuni-sarhisob-va-rejalar
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 16:03
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг