Йил имоми 2016 кўрик танлови ғолиблари тақдирланди
Республикамизда имом-хатиблар фаолиятини янада такомиллаштириш, бугунги глобаллашув замонида юрт меҳри, Ватан равнақи йўлида хизматлари ҳамда ёшларимизнинг турли ёт бузғунчи тоифаларнинг таъсиридан ҳимояланишида тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини янада ошириш мақсадида ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида “Йил имоми” кўрик танлови ўтказилади. Анъанага мувофиқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжид имом-хатиблари ўртасидаги “Йил имоми – 2016” кўрик танловининг якуний, Республика босқичи 2016 йилнинг 8 ноябрь куни бўлиб ўтди. Танловда Қорақолпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан вилоят босқичларида ғолиб бўлган ўн тўрт нафар иқтидорли имом-хатиблар қатнашишди.
“Йил имоми-2016” кўрик танловининг якуний босқичи ҳар йилгиданда қизиқарли ва муросасиз кечди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан одилона баҳоланган танлов якуний натижаларига кўра, 367 балл тўплаган Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги «Бўрижар» жомеъ масжиди имом-хатиби Абдукаримов Хусниддин Тожидинович биринчи ўринга сазовор бўлди ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг биринчи даражали дипломи, компютер жамланмаси ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Иккинчи ўринга муносиб 361 балл тўплаган, Тошкент вилояти Оҳонгарон тумани «Абдуқаҳҳор махсум» жомеъ масжиди имом-хатиби Акмалов Абдулҳаким МажитовичЎзбекистон мусулмонлари идорасининг иккинчи даражали дипломи, телевизор ва бошқа қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Учинчи ўринларга эса 353 балл ва 340 балл тўплаган Наманган вилояти Наманган шаҳар «Яхёхонтўра» жомеъ масжиди имом-хатиби Джамалов Нурилло Ахмадхонович ва Фарғона вилояти Бағдод туманидаги «Қўштегирмон» жомеъ масжиди имом-хатиби Давлатёров Муҳаммадсапохон Дадахоновичлар лойиқ кўрилди ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг учинчи даражали дипломи, микротўлқинли печ ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди. Танловда иштирок этган бошқа имом-хатибларга ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг қимматбаҳо совғалари топширилди.
Ўнинчи бор имом-хатиблар ўртасида ўтказилган мазкур танлов ўтган йиллардагидан кўра ҳар томонлама юқори савияда ўтказилганлиги эътироф этилди. Танловда имом-хатибларнинг билим ва салоҳияти, нотиқлиги йилдан йилга ўсиб, такомиллашиб бораётгани йиғилиш қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.
Танлов якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ўзининг зарурий тавсиялари билан ўртоқлашиб хусусан, имомлар ва ноиблар доимий ўз устида ишлаши, изланишда бўлиши ва бешикдан қабргача илм талаби билан яшашнинг нақадар чиройли бахт эканини таъкидлаб, имомлар учун зарур бўлган долзарб кўрсатмаларини берди. Она Ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва динимиз равнақига йўлида қилаётган хизматлари учун ташаккур билдириб, дуои-хайр билан тадбирга якун ясадилар.
“Muslim.Uz”дан
“Йил имоми” кўрик танловининг Самарқанд вилояти босқичи ғолиби Ахмедов Анвар Хамроевичга (Жомбой туман “Иброҳим ота” жоме масжиди имом хатиби) танловнинг республика босқичидаги намунали иштироки учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Киритилган вақти: 08/11/2016 00:00; Кўрилганлиги: 3354
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 17:13