Яхшиликка далолат қилувчи худди уни қилувчи кабидир
Толҳа ибн Убайдуллоҳ ибн Курайздан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Ҳар бир яхшилик садақадир. Яхшиликка далолат қилувчи худди уни қилувчи кабидир”, дедилар”.
Бу ҳадисдан маълум бўлишича, ҳар бир яхши ишни садақа деб тушуниш лозим экан. “Садақа” деганда маълум бир миқдордаги пулни сарфлашнигина тушунмаслик керак. Садақанинг маъноси жуда кенг бўлиб, ниятга қараб ҳар бир катта ёки кичик амал ҳам садақа ҳисобланаверар экан.
Бировларни яхшиликка далолат қилиш, яхшиликка ундаш, чақириш, яхшиликка йўллаб қўйиш ҳам улуғ савобли ишлардан экан. Ана шу яхшиликни қилган одам қанча савоб олса, шу ишга далолат қилган, кўрсатган, тарғиб қилган киши ҳам шунча савоб олади.
Уламоларимиз: “Устозлар, муршидлар, уламолар ва муаллифлар бу борада пешқадам кишилардир. Улардан таълим ва маълумот олганлар қилган яхшиликларига қанча савоб олсалар, улар ҳам шунча савоб оладилар”, деганлар.
Муборак Рамазон ойида бошқа ойларга нисбаттан мўмин мсулмонларнинг ибодат, зикр, илм ўрганиш, хайр-саховат ишлари янада авжига чиқади. Имкони борлар ўз қўллари билан яхшилик қилиб савоб олса, имкони борларни яхшиликка далолат қилиб савобга эга бўладиганлар ҳам бор. Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани бош имом хатиби Шомуродов Хайрулло домла ҳам тумандаги барча имом хатибларни ва улар орқали саховатпеша инсонларни хайр-саховат кўрсатишга тарғиб қилиб, "Вақф" хайрия жамоат фондининг Самарқанд вилоят филилали билан ҳамкорликда Рамазон ойи давомида бир қанча мурувват ишларини амалга оширди. Улар томонидан меҳр ва эътиборга муҳтож инсонларни ҳолидан хабар олиниб, 255 та оилага жами 21 000 000 сўм миқдорида хайр-эҳсон қилинди. Ва бундан буён ҳам бу каби яхшилик ишлари давом эттирилади деган умиддамиз. Зеро, ҳар биримиз қўлимиздан келганича яхшилик қилишимиз ва яхшиликка далолат қилувчи, унга йўл кўрсатувчилардан бўлишимиз лозимдир.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Киритилган вақти: 18/05/2019 00:00; Кўрилганлиги: 1312
Чоп этилган вақт: 06/12/2024 13:13