Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

ЯХШИЛИК ҚИЛИШДА МУСОБАҚАЛАШИНГ!

 
 

Ушбу биз яшаб турган ажиб дунё ўзи шундоқ тузилганки, бу ҳаёти дунёда қийинчилик билан кун кечирадиган, камбағал, бечора кишилар доимо учраб туради. Бундай ҳолат олдин ҳам ва бундан кийин ҳам бўлиши муқаррардир. Лекин, ушбу кишиларга нисбатан бошқа мўмин-мусулмонлар ҳеч қачон бефарқ бўлмайди ва қандай муносабатда бўлиш кераклигини ҳам унутмайди. Чунки мўмин-мусулмон ояти карима ва ҳадиси шарифлардан камбағалликдан қийналган ва машаққат чекканларга ёрдам қўлини чўзганларга қандай мукофотлар борлигини яхши биладилар.

Жумладан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда қуйидагича марҳамат қилган:

"Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади.

Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охиратидан ишларини енгиллатади.

Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади.

Модомики, банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади", дедилар. (Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа яхши амаллар қатори, бировнинг ҳожатини чиқариш фазлини, ҳар бир мўмин-мусулмон қилиши лозим бўлган яхши амаллардан бир нечтасини ва уни бажарган мўмин-мусулмон бандага бериладиган мукофотларни зикр қилмоқдалар. Шунингдек, бу орқали сизу-биз мўмин-мусулмон умматларини ўша яхши амалларни қилишга тарғиб этмоқда ҳамда ҳар бир мўминни бошқа бир мўминнинг бошига тушган қийинчилигини аритишга ёрдам беришга чақирмоқда.

Бугун бутун дунёга хавф солиб турган Коронавирус эпидемияси юқишидан сақланиш мақсадида жорий этилган карантин туфайли халқимиз орасидаги қийналиб турган муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар ҳамда қариялар мавжуд бўлиб, уларни дуоларини олиш ва қалбларига сурур киргизиш ИСЛОМ динида мақтал амаллардар биридир.

Алҳамдулиллаҳ, юқоридаги ҳадиси шарифга амал қиладиган ва унда келтирилган ваъда ҳамда ажру-савоблардан умид қилган яхши инсонлар ҳам орамизда кўплаб топилади. Мисол учун ҳозирги вазиятда тиббий ниқоб, санитария анжомлари, озиқ-овқат маҳсулотлари ва шу каби инсон эҳтиёжи учун зарур бўлган нарсаларни бепул тарқатаётган кишилар ҳақидаги хабарларга ҳам кўп дуч келиб турибмиз. Шунга ўхшаш яна бир мисол, бугун Самарқанд туманидаги “Имом Аъзам” жоме масжиди ходимлари, халқсевар, эҳсонпарвар ва саҳий инсонлар кўмаги билан 8000000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини масжид атрофидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи бева-бечора, муҳтож, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалардан 25 та хонадонга эҳсон қилдилар.

Келинг юртдошлар! Барчамиз Агар мен бир мўмин биродаримдан бу дунёнинг машаққатларидан бирини аритсам, бир камбағалнинг ишини енгиллатсам ва ўз биродаримнинг ёрдамида бўлсам, Аллоҳ мендан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади, бойлигим янада оширади ва Аллоҳ мени ёрдамимда бўлади, деган тушунча билан ҳаёт кечирайлик.

Фазли марҳамати кенг бўлган Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қўли очиқ саҳий юртдошларимизнинг саҳоватларини янада зиёда қилсин ва қилган эҳсонларини ўрнини ортиғи билан тўлдирсин. Бутун дунё аҳлига тинч ва осуда ҳаётни яна қайтариб беришини Ўзидан сўраб қоламиз. АМИН!!!

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Фазли марҳамати кенг бўлган Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қўли очиқ саҳий юртдошларимизнинг саҳоватларини янада зиёда қилсин ва қилган эҳсонларини ўрнини ортиғи билан тўлдирсин. Бутун дунё аҳлига тинч ва осуда ҳаётни яна қайтариб беришини Ўзидан сўраб қоламиз. АМИН!!!

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги Ахборот хизмати


Киритилган вақти: 01/04/2020 10:06;   Кўрилганлиги: 1355
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/yaxshilik-qilishda-musobaqalashing
Чоп этилган вақт: 18/05/2024 10:56
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг