ХОТИРА ТАДБИРИ ЎТКАЗИЛДИ
2017 йил 27 апрел куни Ургут туман бош имом хатиби Ш.Ҳақбердиев ташаббуси билан “Ғавсул Аъзам” жоме масжидида “9-май Хотира ва Қадрлаш куни” яқинлашаётгани муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда вилоят бош имом хатиби Зайниддин Эшонқулов, устоз домлалардан Самарқанд шаҳар “Хўжа Зудмурод” жоме масжиди имом хатиби Мустафоқул Меликов, тумандаги мавжуд масжид имом хатиблари, соҳада узоқ йиллар хизмат қилганлар, меҳнат фахрийлари, нуроний отахонлар иштирок этдилар.
Дастлаб, бугунги кунда халқ манфаати, фуқароларнинг фаровон турмушини таъминлаш йўлида Юртбошимиз бошчилигида олиб борилаётган ислоҳотлар ва бу борада имом-хатиблар зиммасига тушадиган вазифа ва масъулиятлар ҳақида сўз юритилди. Имомларга қилиниши лозим бўлган ишлар хусусида тегишли кўрсатма ва топшириқлар бериб ўтилди.
Сўнг Мустафоқул домла Меликов инсон қадри, ёши катталарга қилиниши керак бўлган ҳурмат, эътибор, кексалар дуосининг аҳамияти ҳақида йиғилганларга насиҳатлар қилди. Бу анъана юртимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, “Хотира ва қадрлаш куни” ҳар йили кенг нишонланиб келиниши, айниқса ушбу йилда уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийларига ҳар қачонгиданда ўзгача иззату-ҳурмат кўрсатилаётгани хусусида сўзлаб, кексаларни эъзозлаган ушбу юртнинг осмони ҳамиша мусаффо, келажаги порлоқ бўлишини тилаб дуои хайрлар қилди.
Шундан сўнг дастурхонга таом тортилди. Тадбир сўнгида меҳнат фахрийлари ва нуроний отахонларга ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари улашилди.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Киритилган вақти: 28/04/2017 00:00; Кўрилганлиги: 3124
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 15:48