Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

ХОТИРА МУҚАДДАС, УМР ҒАНИМАТ

 
 

Хотира. Ушбу биргина сўз ўзида олам-олам маъноларни мужассам этади. Юзидаги ажинлар ўтмишнинг залворли юкидан ҳикоя қилувчи, турмушнинг минг бир чиғиридан ўтган нуронийлар ҳолидан хабар олар эканмиз, умрнинг ғанимат экани, инсон қадри унинг қилган меҳнати, хайрли ишларига қараб белгиланишини яна бир бор зеҳнимизда таъкидлаб олдик.

“9-май Хотир ва қадрлаш куни” яқинлашиб келаётгани муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги ва вилоят имом хатиблари томонидан қатор хайрия ишлари амалга оширилди.

Вилоятда ҳозирда иккинчи жаҳон уриши қатнашчиларидан 72 нафари умргузаронлик қилмоқда. Шу кеча кундузда имом хатибларимиз мазкур отахонлар ҳолидан хабар олиб, совға-саломлар ила дилларини хушнуд этдилар. Умрни қадрлаш, тинчликни авайлаб асраш тўғрисидаги насиҳатларига қулоқ тутиб, дуоларини олдилар.

1 май куни эса Самарқанд шаҳридаги Намозгоҳ жоме масжидида яқинлашиб келаётган байрам муносабати билан катта тадбир ўтказилди. Тадбирда вилоят вакиллиги, шаҳар ва туман бош имом хатиблари, соҳада кўп йиллар хизмат қилганлар, фахрий имомлар, меҳнат фахрийлари иштирок этдилар.

Вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, меҳмонларга ташриф учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Хотира қадри ҳақида сўзлаб, ўтганларнинг элу-юрт учун қилган фидокорона меҳнатини ёдга олиш, уни муносиб қадрлаш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини таъкидлади. Бугунги кунда уруш қанташчиларига Президентимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ҳақида тўхталиб ўтди.

Тадбир меҳмонларидан устоз домлалар бугунлик кун қадрига етиш, уни асраб-авайлаш тўғрисида гапириб, ушбу доруломон дамлар не-не машаққатлар маҳсули эканини ҳеч қачон ёддан чиқармасликка чорладилар.

Тадбир сўнгида меҳмонларга вакилликнинг эсдалик совғалари улашилди.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 01/05/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1692
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/xotira-muqaddas-umr-ganimat
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 14:18
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг