Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Тўйларимиз ҳақида ўйларимиз

 
 

Мустақиллик йилларида ҳаётимиз, яшаш тарзимиз яхшиланиб бормоқда. Турли техника воситалари кишилар, хусусан аёл-қизларимизнинг оғирини енгил қилмоқда. Қулай техник воситалардан турмушнинг барча жабҳаларида, уйда, кўчада, марака-маросимларда фойдаланмоқдамиз ва буларсиз ҳаётни тасаввур қилиш қийин бўлиб қолди. Айниқса, бугунги кунда тўйларимиз овоз кучайтириш воситалари, видеотасвирчилар хизматисиз ўтмайди. Дарҳақиқат, тўй-тантаналарни тасвирга олиб, кейинчалик томоша қилиш инсонга завқу-шавқ беради, бир умрлик хотирага айланиб қолади.

Яқин ўтмишда келин-куёвлар никоҳ уйига дастлаб битта машинада боришарди. Кейинчалик уларнинг адади уч, тўрттага ета бошлади. Бугунги кунда никоҳ ўқитиш учун келиннинг уйига ўн-ўн иккиталаб хорижда ишлаб чиқарилган бир хил русумли, бир хил рангдаги енгил машиналарнинг келиши шарт бўлиб қолди. Ҳар бир машинанинг хизмат ҳаққи ҳам хориж валютаси ҳисобида олиб борилади.

Моддий жиҳатдан яхши таъминланганларга балки бу ортиқча қийинчилик юкламас. Лекин ўртаҳол хонадон эгалари фарзандларининг кўнгли ўксиб қолмасин деб тез урчиётган бу иллатдан ортда қолмасликка ҳаракат қилиши турли муаммо ва зиддиятларни келтириб чиқармоқда.

2017 йил 14 март куни юқорида келтириб ўтилган салбий ҳолатга қарши курашиш, тўйларни дабдабабозликдан йироқ, исрофгарликсиз ўтказишга тарғиб этиш мақсадида Самарқанд туман бош отинойиси Раҳматова Азиза Кўлбоипоён ҚФЙга қарашли Қўзиқўрғон маҳалласи хотин-қизлари билан давра суҳбати ўтказди. Бу иллатни бартараф этишда аёлларнинг ўрни ҳақида суҳбатлашиб, аксарият муаммолар орзу-ҳавасни деб келиб чиқаётгани, аёллар ҳам бунинг авж олиши ёки барҳам топишида аксарият ҳолда ҳал қилувчи поғонада туришлари ҳақида мулоҳаза юритди.

Эркин мулоқот ва ўзаро фикр алмашишлар асосида олиб борилган давра суҳбати давомида ҳаётий мисоллар ва диний асослар орқали тўй-маросимлардаги номақбул ҳолатлар яхшиликка олиб келмаслиги тушунтирилиб, уни бартараф этишда аёллар доимий ташаббус кўрсатиб боришлари лозимлиги таъкидланди.

Н.Темирова-Самарқанд вилоят

бош имом хатибининг хотин-қизлар

масалалари бўйича маслаҳатчиси


Киритилган вақти: 15/03/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2811
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/toylarimiz-haqida-oylarimiz
Чоп этилган вақт: 02/12/2024 16:31
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг