Тошкент шаҳридан келган имом-хатиблар Самарқанд вилоятидаги масжидларда Жума намозларини адо этиб бердилар
Юртимизда барча жабҳаларда ислоҳотлар олиб борилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Жумладан, диний соҳада ҳам кўплаб ижобий ўзгаришлар бўлаётгани барчамизни хурсанд қилмоқда. Ушбу кунларимизга шукроналик келтириш, тинчлик ва хотиржамликнинг қадрига етиш, олиб борилаётган ислоҳотларнинг асл моҳиятини тушиниб етиш борасида суҳбат қилиш учун Мамлакатимизнинг таниқли уламолари, тажрибали имом-хатиблар чекка ҳудудлардаги масжидларда жума намозларини ўқиб, маъруза билан иштирок этишлари анъана билан давом этиб келмоқда.
Бугун, 6 декабрь куни Тошкент шаҳар “Мирза Юсуф” жоме масжидининг имом хатиби Саййид Раҳматуллоҳ Термизий Каттақўрғон шаҳридаги “Қори Муҳаммадрасул” масжидига, Тошкент шаҳар “Ислом ота” жоме масжиди имом-хатиби Раупов Жасур Каттақўрғон шаҳар “Муҳаммад Нақиббек” жоме масжидига, Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом-хатиби Ҳамроқулов Жалолиддин Каттақўрғон тумани “Қаландархона” жоме масжидига ташриф буюрдилар.
Устозларнинг ташрифидан хабардор бўлган намозхонлар ҳар доимгидан ҳам кўпроқ ушбу масжидларда йиғилган эди. Узоқ масофадан келган имом-хатибларнинг маърузаларидан жума намозига йиғилганлар ҳам динлари ҳам дунёлари учун кўплаб манфаатлар олди. “Ислом – тинчлик ва тотувлик дини”, “Инсон ҳақ-ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзуларида қилинган маърузаларидан сўнг жума намози адо этилди. Намоздан сўнг Халқимиз фаровонлиги, эл-юртимиз тинчлиги, олиб борилаётган улкан ижобий ислоҳотлар янада равнақ топиши, ҳаётимизнинг янада фаровон бўлишини тилаб, хайрли дуолар қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги ўзи ва Каттақўрғон туман ҳамда Каттақўрғон шаҳар намозхонлари номидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларига, идоранинг масъул ходимларига ҳамда динимиз арконларини мусулмонларга етказиш учун узоқ масофани босиб Самарқанд заминига ташриф қилган барча устоз имом-хатиб домлаларга ўз миннатдорчилигини билдиради. Аллоҳ таоло барчларини икки дунё саодатига мушарраф айлаб, муқаддаси динимиз равнақи йўлида қилаётган хизматларига Ўзи мукофотлар ато айласин!
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги
Киритилган вақти: 06/12/2019 18:34; Кўрилганлиги: 1729
Чоп этилган вақт: 06/10/2024 18:32