Сайёҳлар икки баробар кўпайди
Давлатимиз раҳбарининг соҳага оид фармон ва қарорлари асосида хорижий сайёҳлар учун виза тизимининг соддалаштирилиши, туристлар учун бир қатор имтиёз ва имкониятлар яратилиши бунда муҳим омил бўлмоқда.
– Аввалги йилларда қиш пайтларида меҳмонлар келиши кескин камайиб кетиши туфайли ходимларимизнинг кўпчилигига таътил берилар эди, – дейди Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Д.Эрмаматов. – Бу йил январь-февраль ойларида ҳам мажмуамизга келувчилар оқими камайгани йўқ. Буни рақамларда ифодалайдиган бўлсак, ўтган йил январь ойида 43 минг 700 дан ортиқ меҳмон, жумладан, 125 нафар чет эллик буюк муҳаддис бобомиз мақбарасини зиёрат қилган эди. Жорий йилда эса зиёратчилар қарийб 72 минг кишини, улар орасида хорижликлар 300 нафарни ташкил этди. Ушбу даврдаги пул тушуми 67 миллион 500 минг сўмга етиб, ўтган йилгидан 27 миллион 900 минг сўм кўп бўлди.
Байрам кунларида қўшимча дам олиш кунларининг жорий этилиши, айниқса, ички туризмни ривожлантиришда муҳим омил бўлди. Мисол, учун, Янги йил байрами кунларида қиш пайти бўлишига қарамай мажмуамиз зиёратчилар билан ҳар қачонгидан гавжум бўлди. Наврўз байрамидаги дам олиш кунларида эса сайёҳларимиз сафи анча кенгайиши кутилмоқда. Бунинг учун зарур тайёргарлик ишларини амалга ошириб, гид-таржимонлар ва диний ходимлар малакасини ошириш чораларини кўрдик. Ҳудудда зиёратчилар учун ҳар томонлама қулайликлар яратишга ҳаракат қилмоқдамиз.
Президентимиз томонидан зиёрат туризмини ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида Имом Бухорий мажмуаси атрофида кенг кўламли қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. Аввало, Самарқанд шаҳридан мажмуагача бўлган йўл кенгайтирилиб, унинг атрофида зарур инфратузилма объектлари қурилмоқда. Мажмуа яқинида халқаро талабларга жавоб берадиган 30 га яқин меҳмонхона, умумий овқатланиш шохобчаси, автотураргоҳ ва бошқа хизмат кўрсатиш масканлари бунёд этилаётир.
– Болаликдан бирга ўсган дўстларимиз, синфдошларимиз билан тез-тез учрашиб турамиз, – дейди Қашқадарё вилояти Китоб туманидан келган фахрий ўқитувчи Т.Имомов. – Бу галги учрашувимизни Самарқандга саёҳат тарзида ўтказишга келишган эдик. Зиёратимизни Имом Бухорий мажмуасидан бошладик ва қалбимиз маърифат нурлари билан ёришди. Ҳудудда олиб борилаётган улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишларини кўриб, бу маскан келгусида яна ҳам обод ва кўркам бўлишига ишонч ҳосил қилдик.
– Туманимиз ҳокимлиги жорий йилда Ҳаж ва Умра сафарига борувчилар учун Имом Бухорий мажмуасига уюштирган саёҳати туфайли ушбу масканни зиёрат қилиш бахти насиб этди, – дейди Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида яшовчи Гулсара Шораҳмедова. – Бундан жуда мамнунмиз. Чунки, улуғ зиёратни аввало ўз юртимиздан, ислом оламининг буюк алломалари номи билан боғлиқ масканлардан бошлашимиз керак.
Айни пайтда мажмуа ёнида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази қурилиши ҳам жадал суръатларда олиб борилаётир. Қурилиш участкаси бошлиғи – “Қурилиш бирлашмаси” акциядорлик жамияти масъул ходими Р.Бурубоевнинг айтишича, 7 гектар майдонни эгаллаган ҳудудда асосий қурилиш ишлари якунига етказилган ва ҳозирда биноларни пардозлаш ва жиҳозлаш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу ишлар миллий ва замонавий архитектура уйғунлигида бажарилмоқда.
Ушбу масканда илмий-тадқиқот маркази, ҳадисшунослик мактаби ва мазкур мактаб тингловчилари учун ётоқхона, ошхона, спорт-соғломлаштириш масканлари, илмий ходимларга мўлжалланган турар жойлар бунёд этилган. Марказда илмий-тадқиқотлар ўтказишга мўлжалланган ва ноёб тарихий китоблар, қўлёзмалар сақланадиган йирик кутубхона, ҳадисшунослик илми билан боғлиқ музей ташкил қилинади.
Бу марказ келгусида Имом Бухорий мажмуаси билан яхлит комплекс сифатида юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларимиз меросини ўрганиш ва тадқиқ этишга хизмат қиладиган маърифат маскани, йирик саёҳлик марказига айланиши шубҳасиз.
Ғолиб Ҳасанов,
Алишер Исроилов.
Манба:zarnews.uz
Киритилган вақти: 03/03/2018 00:00; Кўрилганлиги: 1932
Чоп этилган вақт: 09/11/2024 22:09