"Самарқанд ёдгорликлари" китоби тақдимоти
5 декабр куни Самарқанд шаҳрида туман (шаҳар) бош имом хатиблари иштирокида бўлиб ўтган йиғилиш мобайнида кўҳна Самарқанднинг бой тарихи, қатор маърифат сарчашмалари ҳақида битилган “Самарқанд ёдгорликлари” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзида кўплаб дурдона маълумотларни тўплаган ушбу китоб Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Шуҳрат Қулматов ва ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Археология институти директори Амриддин Бердимуродов ҳаммуаллифлигида чоп этилган.
Вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов китоб билан йиғилганларни таништирар экан, унда Самарқанддаги юзга яқин тарихий аҳамиятга эга ёдгорликлар ҳақида нодир маълумотлар тўпланганини таъкидлади.
Дарҳақиқат, китобда меъморчилик ёдгорликлари, зиёратгоҳлар, Самарқанд музейлари ва археологик ёдгорликлар ҳақида батафсил маълумотлар келтирилган.
Маълумотларни келтиришда ҳам алоҳида тартибга риоя этилган бўлиб, дастлаб Регистон ансамбли, Амир Темур мақбараси, Шоҳи Зинда мажмуаси каби элликка яқин меъморчилик ёдгорликлари хусусида сўз юритилади.
Сўнг эса вилоятнинг турли ҳудудларида жойлашган зиёратгоҳлар, ундан кейин музейлар тўғрисида маълумот тақдим этилган.
Охирги қисмда Афросиёб шаҳарчаси, Чокардиза, Қулдортепа сингари археологик ёдгорликлар ёритилган.
Таъкидлаш лозимки, асар вилоятимизнинг бой тарихий меросини ўрганишдаги муҳим манбалардан биридир. Хусусан, зиёрат туризмининг ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Хорижий тилларга чоп этиладиган бўлса, сайёҳларга вилоятимизни янада кўпроқ танитадиган, уларнинг қадамини чекка ҳудуларгача етказадиган нодир қўлланма бўлиб хизмат қилади.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Киритилган вақти: 05/12/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2341
Чоп этилган вақт: 07/10/2024 15:23