Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Россия мусулмонлари диний уюшмаси раиси, Москва муфтийси Албир ҳазрат Крганов жума намозини “Эшон Темирхон тўра” жоме массжидида адо этди.

 
 

Бугун, 17 сентябр Жума куни вилоятимизга Россия мусулмонлари диний уюшмаси раиси, Москва муфтийси Албир ҳазрат Крганов зиёрат сафари билан ташриф буюрди. Аввало меҳмонларни Самарқанд темирйўл вокзалида вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов кутиб олди. Ташриф Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилишдан бошланди.

Зиёрат сафари давомида меҳмонлар вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ҳамроҳлигида Иштихон туманида жойлашган Шайх Усмонхон Темирхон ўғли Алимов раҳимаҳуллоҳнинг қабрларини зиёрат қилдилар ҳамда Жума намозини “Эшон Темирхон тўра” жоме массжидида жамоат билан адо этдилар.

Жума намозидан сўнг, вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Албир Кргановни жамоатга таништириб, сўз навбатини Албир ҳазратларига берди. Албир ҳазрат Крганов сўзга чиқиб, икки давлат ўртасидаги диний-маърифий ҳамкорликлар, марҳум шайх Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ҳазратларининг қилган меҳнатлари ва ҳамкорликда олиб борган ишларию ютуқлари ҳақида гапирди. Шунингдек, “Ўзбекистон кундан-кунга янада чирой очиб, бетакрор заминга айланмоқда. Қолаверса, Ислом динига қаратилган эътибор, яратилган имкониятларни кўриб, дилингиз завқу шавққа тўлади. Албатта буларнинг барчасининг шукронасини қилишимиз лозим” – дейди Россия муфтийси Албир Крганов.

Жума намозидан сўнг, мазкур масжидда эҳсон дастурхони ёзилди ва тадбирдан сўнг ҳаётини дин хизматига бахшида этган Шайх Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ҳазратларининг ҳақларига Қуръон тиловати қилиниб, Аллоҳ таолодан у зотнинг руҳлари шод, охиратлари обод бўлишини сўраб, хайрли дуолар қилинди.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати


Киритилган вақти: 17/09/2021 22:01;   Кўрилганлиги: 506
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/rossiya-musulmonlari-diniy-uyushmasi-raisi-moskva-muftiysi-albir-hazrat-krganov-juma-namozini-eshon-temirxon-tora-jome-massjidida-ado-etdi
Чоп этилган вақт: 24/04/2024 15:23
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг