РОССИЯ ДИН ПЕШВОЛАРИ САМАРҚАНДДА
Юртимизда меҳмон бўлиб турган Россия Федерациясининг Свердловск вилояти мусулмонлари идораси раиси, муфтий Абдулқуддус Ашарин бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 14 ноябрь куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди. Меҳмонларга Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Нуриддинхон Исламов, бош имом-хатиб ўринбосари Зайниддин Эшонқулов ва бошқа масуъллар ҳамроҳлик қилишди.
Дастлаб Пайариқ туманида жойлашган муҳаддислар имоми, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратлари қўним топган мажмуа зиёрат қилинди. У ерда мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, буюк бобокалонимизга кўрсатилаётган эҳтиром билан яқиндан танишилди. Айниқса, ўзбек ҳунармандчилигининг юксак намунаси акс этган нақшинкор айвонлар, мақбаранинг ўзиги хос услубда безатилгани меҳмонларда ўзгача таассурот қолдирди.
Сўнг Имом Бухорий халқаро марказида бўлиб, марказ фаолияти билан яқиндан танишилди. Ходимлар, малака ошираётган имомлар билан ўзаро фикрлар алмашилди. Мазкур даргоҳ раҳбарияти томонидан марказ таркиби, у ерда амалга оширилаётган ишлар ҳақида меҳмонларга батафсил сўзлаб берилди. Имом-хатиблар учун ташкил этилган малака ошириш курсидаги дарс жараёнларини кузатган меҳмонлар навбатдаги босқич тингловчилари билан суҳбат ўтказдилар. Суҳбат асносида Абдулқуддус Ашарин юртимизда динга бўлган эътибор, имом-хатибларга яратилаётган шароитларни эътироф этиб, ҳаяжон ила: “Бундай шароит россиялик имомлар учун бамисоли бир орзу, масжидларингиз эса зиёратгоҳ. Шарқ меъморчилик намуналарини ўзида акс эттирган музей, десам ҳам муболаға қилмаган бўламан. Айниқса, барча ягона мазҳаб – ҳанафий мазҳабида эканига жуда ҳавасим келди”, дедилар.
Куннинг иккинчи ярмида меҳмонлар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллигига ташриф буюрдилар. Самарқанд ва Свердловск вилоятлари диний раҳбари ўртаси кечган самимий суҳбат чоғида вилоят бош имом-хатиби Нуриддинхон Исламов вакиллик фаолияти ҳақида батафсил гапириб берди. Ўз навбатида, меҳмонлар ҳам кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрини, унинг тарихий обидаларини, масжиду зиёратгоҳларини зиёрат қилганидан беҳад хурсанд эканликларини билдирдилар. Ўзаро муносабат, ҳамкорлик ишлари бардавом, мамлакатларимиз тинчлиги абадий бўлишини тилаб, хайрли дуолар қилдилар. Учрашув сўнггида меҳмонларга эсдалик совғалари топширилди.
Шундан сўнг меҳмонлар Самарқанд гавҳари – “Регистон” ансамбли, “Шоҳи Зинда” мажмуаси ва “Хўжа Дониёр” мақбарасини зиёрат қилдилар.
Усмонхон Муҳаммадиев
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилоят вакиллиги ходими
Киритилган вақти: 16/11/2015 00:00; Кўрилганлиги: 2918
Чоп этилган вақт: 09/11/2024 14:36