Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Рамазон муборак, азиз самарқандликлар!

 
 

Ассалому алайкум вароҳматуллоҳи ва барокатуҳу,

Олам узра ойлар султони Муборак Рамазон ойи кириб келди. Ибодат қилиш учун улуғ фурсат, тавба қилиш учун қулай имконият, яхшиликларга кўпдан кўп ажр-савоблар битилувчи ушбу ой барчангизга муборак бўлсин.

Ҳадиси қудсийлардан бирида: «Рўза мен учундир ва унинг мукофотини мен бераман» (Бухорий ривояти), – дея таъкидланган.

Бу ой шундай қадрли ва ғанимат ойдирки, унда тутилган рўзанинг савобини бевосита Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Бу ойда жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам қопқалари ёпилади, итоатсиз жин-шайтонлар занжирлар билан боғланади, гуноҳлар мағфират қилинади.

Рамазон ойи Аллоҳ ва Расулининг буйруқларини бажаришда, қайтариқларидан қайтишда ва синов-имтиҳонга учраганда сабр-тоқатли ва чидамли бўлишни ўргатадиган ойдир. Бу ойда қариялар зиёрат қилинади, беморлардан хабар олинади, муҳтожларга ёрдам берилади, мусибатзада инсонлардан кўнгил сўралади ва етимлар овутилиб, юпатилади. Дунёда қанчалик яхшилик ишлари бўлмасин барчаси ушбу ойда мужассамдир.

Жорий йилда вилоятимиздаги барча 285та масжидда таровеҳ намозлари ўқилади, 98 та масжидда Хатми Қуръонлар қилинади. Имом домлаларимиз жойларда турли хайрия ишларини ташкил этмоқдалар. Масжидлар, маҳаллалар, зиёратгоҳ ва қабристонлар Рамазон ойи ҳурматидан тоза-озода ҳолга келтирилди.

Бу ой эзгулик ойидир. Шунинг учун бу ойда балоғат ёшига етган, соғлиги кўтарадиган ҳар бир мўмин мусулмон киши рўза тутиши, кўплаб яхшиликлар қилишга ҳарис бўлиши лозим. Беморлик ёки бўлмаса мусофирлик сабабидан рўза тута олмаётганлар бўлса Рамазоннинг ҳурматидан инсонларнинг кўзидан пана жойларда, бекитган ҳолда овқат емоқлари лозимдир. Рўзадорлар орасида кундузи очиқдан очиқ тануввул қилиш, ёки узрсиз рўза тутмаслик ўта хуник иш бўлиб, ота боболари мусулмон оламига устозлик қилган авлод учун уятли ҳолатдир.

Бу ойда амалга ошириладиган барча марака-маросимлар, зиёфатлар фақат ва фақат ифторлик вақтидан сўнгина бўлиши лозим. Афсуски, ўтган йилларда айрим жойларда Рамазон ойи бўлишига қарамасдан кундузлари тўй, турли зиёфатлар, меҳмондорчиликлар қилинганига гувоҳ бўлдик. Бу Яратганга исён, катта гуноҳ ва юртдан баракани кетказувчи иллатдир.

Жойларда қилинадиган ифторлик ва саҳарликларни ҳам кам харж, дабдаба бозликдан йироқ ҳолда, хонадонларда ўтказмоғимиз керак бўлади. Кўпроқ муҳтожлар, йўқсилларни таклиф қилиб, уларнинг кўнглини кўтариш пайидан бўлайлик.

Бу ой барчамизга муборак бўлсин. Рамазон баракотидан Аллоҳ таоло юртмизни омонликда сақласин. Эски иллатлар, кўнгилсизликлар, келишмовчиликларни унитиб, ибодатга, яхшиликларга бел боғлаган ҳолимизда ушбу ойдан кўплаб ажр-савоблар билан чиқишимизни насибу рўзи айласин.

Зайниддин домла Эшонқулов,

Самарқанд вилояти бош имом хатиби


Киритилган вақти: 16/05/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1755
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/ramazon-muborak-aziz-samarqandliklar
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 13:57
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг