ҚУТЛУҒ РАМАЗОН ОЙИ МУБОРАК БЎЛСИН!
Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим
Муҳтарам юртдошлар! Ўзбекистон мусулмонлари идораси номидан Сизларни улуғ айём – муборак Рамазон ойи ташрифи билан чин қалбдан, самимий муборакбод этамиз. Ушбу қутлуғ ойнинг файзу баракоти қалбларимиз ва хонадонларимизни мунаввар ва хушнуд айласин.
Аллоҳнинг буюк инояти, Мустақиллик шарофати ила Муборак Рамазони шарифни, мана, йигирма беш йилдан бери, юртимизда эмин-эркин ва катта шодиёналик билан кутиб олмоқдамиз. Бу ой шарофати ила ота-оналар, табаррук ёшдаги қариялар зиёрат қилинади, беморларнинг ҳолидан хабар олинади, меҳру мурувватга муҳтож кишиларга эътибор кўрсатилиб, уларга қувонч улашилади.
Раҳмат ва мағфират ойи – Рамазони шариф мустақил юртимиз учун ҳар қачонгидан ҳам файзли, бўлади, иншоаллоҳ. Бу ойда барчаларимиз эмин-эркин рўзаларни тутиш, икки мингдан ортиқ масжидларимизда таровиҳ намозларини ўқиш, Қуръон хатмиларини амалга ошириш, элимиз фаровонлиги, мустақил юртимиз тараққиётини тилаб дуои хайрлар қилиш бахтига мушарраф бўламиз. Бу шарофатли ойда қиладиган ибодатларимиз, тавба-тазарруларимиз қалбларимиздаги ғуборларни ювади, ихлосимизни оширади, нафсимизни жиловлашга, янада саховатли бўлишга, ёмонликлардан тийилиб, фақат ўзимиз учун эмас, ўзгалар учун ҳам фидойи ва камарбаста бўлишга, эзгу амалларимизни кўпайтиришга ўргатади. Мўмин мусулмонларимиз муборак Рамазон ойи давомида “Кимда ким бир кишига енгиллик яратиб берса, Аллоҳ унга қиёматда енгиллик беради” (Имом Муслим ривояти), деган ҳадиси шарифга амал қилиб, бу Муборак ойда эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган оилаларга, ёши улуғ кексалар ва фахрийларимизга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-мурувват, саховат кўрсатишга ҳаракат қиламиз.
Муҳтарам мўмин-мусулмонлар! Муборак Рамазон ойи ташрифи муносабати билан саховатпешаликни, меҳр-оқибат, қаноат ва шукроналик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик хислатларини янада кучайтириб, ғаразли ишлардан, ёмонликлардан йироқ бўлиб, мустақиллик неъмати ҳамда ушбу мунаввар кунларнинг шукронасини қилиб, яхшилик, эзгу ишларни кўпроқ бажариш ҳаёт тарзимиз, доимий одатимизга айлансин.
Ушбу саодатли кунларда турмушимиз янада фаровон, халқларимиз саодатли, оилаларимизнинг маънавий камолоти, фаровонлиги, фарзандлар бахт-саодати, уларнинг ҳар томонлама етук, одоб-ахлоқли, Ватани, халқи, дину диёнатига содиқ инсонлар бўлиб, камол топишини сўраб, дуои хайрлар қилайлик. Зеро, жорий йилнинг юртимизда “Соғлом она ва бола йили” деб эълон қилиниши замирида юртимиздаги барча оилаларнинг ўзаро иноқлиги, ободлиги, барча халқларнинг бахтиёрлиги ва осойишталиги мужассамдир. Турмушимиз фаровон, оиламиз мустаҳкам экан – мамлакат барқарордир, иншаллоҳ.
Азиз юртдошлар! Тақдиримиз, қадр-қимматимиз, ифтихоримиз, бахтимиз, эркин ва обод Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллиги тантаналари ва шодиёналари арафасида муборак Рамазони шарифни кутиб олиш барчамиз учун ғурур ва ифтихор туйғуларини бахшида этади.
Ушбу қутлуғ ойда диний ва миллий қадриятларимизнинг ҳаётий кучини тиклаш, ибодатларимизни эмин-эркин адо этишимиз учун давлатимиз томонидан барча қулайликлар, зарур шароитлар яратиб берилганини, жаҳон илму фани, маданияти ва ислом таълимоти ривожига улкан ҳисса қўшган ўнлаб алломаларимизнинг илмий мерослари ва қадамжолари тикланганини алоҳида мамнуният билан таъкидламоқчиман.
Зеро, халқимиз асрий орзулари ушалган ушбу мустақиллик кунларига осонликча етиб келганимиз йўқ. Неча йиллар мобайнида халқимиз азалий эътиқодидан бебаҳра бўлди, унинг миллий-диний анъаналари, ҳақ-ҳуқуқлари топталди.
Мустақиллик шарофати туфайли муқаддас юртимиз замини азал-азалдан улуғ алломалар, азиз-авлиёлар Ватани бўлиб келганини юртдошларимиз ва халқаро жамоатчилик ўртасида кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида имон-эътиқод, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини камол топтириш бахтига мушарраф бўлдик.
Мустақиллик йилларида Самарқанддаги Имом Бухорий ва Шоҳизинда зиёратгоҳлари, Бухородаги Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Фарғонадаги Аҳмад Фарғонийнинг, Сурхондарёдаги Имом Термизий ва Ҳаким Термизий мақбаралари, Қарши шаҳридаги Кўкгумбаз ва Одина масжидлари, Тошкентдаги Ҳазрати Имом ва Минор мажмуалари каби ўнлаб муборак қадамжолар маънавий-руҳий ва ахлоқий тарбиянинг таъсирчан марказлари сифатида қайтадан чирой очди. Ушбу зиёратгоҳлар бугунги кунда юртдошларимизни боболар қолдирган бой маънавий меросдан баҳраманд бўлишга, уларнинг ишларидан ибрат олишга, улар билан фахрланишга, айниқса, ёшларимизни аждодларга муносиб ворис бўлишга, уларнинг яратувчанлик фаолиятини давом эттиришга даъват этиб келмоқда.
Ҳурматли юртдошлар! Муборак Рамазон ойини кутиб олиш кунига соғ-омон етказгани учун Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, ўзаро меҳр-оқибатда, ҳусни муомалада бўлайлик, гина-қудратни унутиб, бу Муборак ой ташрифи қудуми туфайли бир-биримизга қучоқ очайлик. Муборак Рамазон ойи кунларини халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат билан ўтказайлик.
Муборак Рамазони шариф ташрифи билан муҳтарам Президентимизни, барча юртдошларимизни чин дилдан, самимий муборакбод этамиз. Мустақил Ватанимиз истиқболи порлоқ, тинчлиги ва осойишталиги бардавом, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлишини Аллоҳ талодан сўраб қоламиз.
Муборак Рамазон ойи барчамизга муборак бўлсин!
Усмонхон Алимов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
манба: http://muslim.uz
Киритилган вақти: 05/06/2016 00:00; Кўрилганлиги: 3648
Чоп этилган вақт: 10/12/2024 10:16