Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

“ҚУРЪОНИ КАРИМ СУРАЛАРИ ВА ДУОЛАРИ ФАЗИЛАТИ” КИТОБИ ЮЗАСИДАН ХАБАРНОМА

 
 

Шу кунларда Интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда “Қуръони карим суралари ва дуолари фазилати” номли китобда “Бақара” сурасидаги хатоликлар тўғрисидаги хабарлар кенг тарқалмоқда. Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон мусумонлари идораси мутахассислари ўрганишлар олиб бордилар. Аниқланишича, хатоликлар асосан “Бақара” сурасида йўл қўйилган бўлиб, оятлардаги арабча сўзлар техник ишланмалар натижасида ўринлари алмашиб кетган.

Китобни нашрга тайёрловчи Мирфатҳулло Қодировнинг вакили-фарзанди Миродил Қодиров мазкур хатоликлар охирги чоп этиш жараёнида, яъни китоб макетини компьютер дастуридан босмахона файлига ўгиришдаги эътиборсизлик оқибатида йўл қўйилганини эътироф этди ҳамда барча мўмин-мусулмонлар ва китобхонлардан узр сўради.

Таъкидлаш керакки, муаллифлардан бири сифатида қайд этилган Таваккал домла Кенжаев (“Эшон Бобохон” масжиди имоми) эса ушбу китобни тайёрлаш ва нашр этишда мутлақо иштирок этмагани, балки ушбу ҳурматли домланинг розилигисиз номлари ёзилгани маълум бўлди. Нашрга тайёрловчи масъуллар Таваккал домла Кенжаевдан ҳам юзага келган ноқулайликлар учун кечирим сўради.

Нашрга тайёрловчилар “Қуръони карим суралари ва дуолари фазилати” китобини қайтариб олишни ўз зиммасига оладилар. Ушбу нуқсонли китобни топшириш учун Тошкент шаҳри “Чорсу” мавзесида жойлашган “Китоблар дунёси” мажмуасидаги 10-растага топшириш мумкинлиги маълум қилинади.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда яшовчи фуқаролар эса ўзлари сотиб олган сотувчиларга топширишлари тавсия этилди. Ўз навбатида, китобнинг нуқсонли жойини тўғрилаб бериш кафолатини ҳам нашрга тайёрловчилар ўз зиммаларига олади.

Қуръони карим – Аллоҳ таолонинг муборак Каломи ва Ислом динининг энг буюк шиори экани нуқтаи назаридан Ўзбекистон мусумонлари идораси Қуръони карим билан боғлиқ матнларни чоп этишда нашриётлар ва босмахоналар масъулларидан диққат-эътиборни жиддий қаратишга чақиради.


Киритилган вақти: 14/07/2021 15:09;   Кўрилганлиги: 30
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/quroni-karim-suralari-va-duolari-fazilati-kitobi-yuzasidan-xabarnoma
Чоп этилган вақт: 26/07/2021 17:24
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг