Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Пахта-миллий бойлигимиз

 
 

Диёримизда олтин куз фасли ўзининг ўзгача жилоси билан бошланди. Азал-азалдан ушбу давр пишиқчилик, мўл ҳосилни йиғиш ва сарфланган меҳнат самарасини кўриш мавсуми ҳисобланади. Сентябрь ойидан бошлаб оқ олтин, яъни ризқу рўзимиз бўлган пахта ҳосилини териш ишларига уюшқоқлик билан киришилади.

Доно халқимизда “Ҳашар – элга ярашар” дейилган. Шунга биноан ҳар биримиз далалардаги ҳосилни увол қилмасдан йиғиш ишларида ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз зарур. Зеро Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони каримнинг “Моида” сураси, 2-оятида: “Яхшилик ва тақво йўлида бир-бирларингизга ёрдам берингиз!” деб марҳамат қилган.

Шундай экан, ҳар бир меҳнатга яроқли катта-ю кичик бу ишга бир ёқадан бош чиқариб, бир мақсад йўлида бирлашиб, фидокорона киришмоғи лозимдир. Нуроний отахону онахонлар ҳам дуо-ю хайрлари билан деҳқонлар ва меҳнаткашларни бу ишга рағбатлантириб турмоғи, саховатпеша инсонлар ҳамда маънавий ва маданий соҳа эгалари эса хашарчиларнинг ҳолидан хабар олиш моддий ва маънавий кўмак бериш уларнинг кўнгилларини кўтариб дилларига қувонч улашиб чарчоқ хордиғини чиқаришликда беғараз ёрдамлари билан пахтакорларга камарбаста бўлишлари мақсадга мувофиқдир.

Шундай экан, ўтган йилларда бўлгани каби бу йилги пахта йиғим терим мавсумида ҳам барча имом-хатибларимиз ўз сўзлари билан ҳалқимизни омматан пахта йиғим теримига ундашлик билан бир қаторда пахта далаларидаги теримчиларга моддий ва маънавий жиҳатдан ёрдам беришга қаттиқ бел боғлаганлар. Жумладан, 16 октябр куни  вилоятда жамоат ва диний ташкилотлар билан ишлар бўйича ҳоким ўринбосари Д.Маматқулов ҳамда вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов бошчилигида Каттақўрғон, Самарқанд бош имом-хатиби Н.Исламов бошчилигида Пастдарғом ва Самарқанд шаҳар “Руҳобод” жоме масжиди имом-хатиби Т.Амиров бошчилигида Оқдарё туманларида пахта теримига жонкуярлик билан иштирок этаётган фидоий фуқаролар қимматбаҳо совға-саломлару кийим-кечаклар билан рағбатлантирилди. Қолаверса, уларга юрт ривожи йўлига ўз ҳиссасини қўшмоқлик қанчалик савобли ва хайрли иш эканлиги ҳақида тушунтиришлар ва насиҳатлар қилдилар ҳамда Аллоҳ таолодан бу хайрли ишларда уларга куч-қувват ва сабр-тоқат сўраб дуои-хайрлар қилдилар.

Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ўзларининг ҳадиси шарифларида “Бир яхшиликка далолат қилган инсон ўша яхшиликни қилган кабидир”- деганлар. Инша Аллоҳ диний соҳа ходимлари нафақат шу йилги, балки, ҳар доим ҳам миллй бойлигимиз бўлган пахта йиғим-теримида фаол иштирок этиб, юртимиз ривожига фидокорона ўз ҳиссаларини қўшадилар.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги


Киритилган вақти: 17/10/2019 15:58;   Кўрилганлиги: 1340
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/paxta-milliy-boyligimiz
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 16:47
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг