Ўзбекистон-Хитой: таълим соҳасида ҳамкорлик истиқболлари
Самарқанд давлат университетида Хитой Халқ Республикаси Шеньси педагогика университети билан ҳамкорликда “Ўзбекистон-Хитой: таълим соҳасида ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги алоқаларда таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам тобора мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди. Хусусан, Самарқанд давлат университети Хитойдаги олий ўқув юртлари билан бир қатор муҳим лойиҳаларни амалга оширмоқда. Университетнинг кўплаб тадқиқотчилари ўз илмий изланишларини Хитойдаги ўқув ва илмий даргоҳларда олиб бормоқда.
– Университетимизнинг хорижий давлатлардаги етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш мақсадида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган, – дейди Самарқанд давлат университети профессори Ж.Яхшиликов. – Унда Хитойдаги олий ўқув юртлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Мазкур тадбир бу борадаги амалий ишларимизнинг бири сифатида ташкил этилди.
Семинарда Ўзбекистон Миллий университети профессори, фалсафа фанлари доктори С.Аъзамхўжаева, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори, юридик фанлари доктори Л.Саидова, Шеньси педагогика университети профессори, тарих фанлари доктори Ли Синьвей хоним ва бошқалар икки давлат олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида маъруза қилди. Илмий алоқаларни ривожлантириш бўйича таклифлар билдирилди.
– Давлатларимиз ўртасида қарор топган тарихий дўстлик алоқалари бугунги кунда мамлакатларимиз раҳбарлари ташаббуси билан янада кенг кўлам ва аҳамият касб этмоқда, – дейди Ли Синьвей хоним. – Бу олий таълим соҳасидаги ҳамкорликда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Айни пайтда Шеньси педагогика университетида 120 нафардан ортиқ ўзбекистонлик талабалар таҳсил олади. Уларнинг илмга иштиёқи, ўз олдига қатъий мақсад қўйиб ҳаракат қилиши эътирофга лойиқ. Бу ёшлар эртага ўз соҳаси бўйича етук мутахассис бўлиб етишиш билан давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонамиз.
Тадбир доирасида хитойлик меҳмонлар Самарқанд давлат университетидаги таълим жараёнлари билан яқиндан танишди.
Манба: “http://zarnews.uz”
Киритилган вақти: 08/10/2018 00:00; Кўрилганлиги: 1527
Чоп этилган вақт: 08/10/2024 18:12